Ҳайит намози қуйидагича ўқилади
Имом домла ифтитоҳ (намозни очувчи) такбири – “Аллоҳу акбар”ни айтса, муқтадий (имомга эргашувчи намозхон): “Қиблага юзланган ҳолимда, ҳайит намозини холис Аллоҳ учун, ўқишни ният қилдим”, деб “Аллоҳу акбар” такбирни айтиб намозга қўшилади ва санони ўқийди. Сўнгра имом домла уч бор такбир айтади. Муқтадий ҳам қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Такбирлар орасида қўлни боғламасдан, ёнга туширилади. Кейин имом домла Фотиҳа сурасини ҳамда бир қўшимча сурани жаҳрий ўқийди ва руку учун такбир айтади. Муқтадий қироат вақтида жим туриб эшитади, қироатни ичида ҳам такрор қилмайди. Имом домла иккинчи ракатга туриб, Фoтиҳа ва бир сурани ўқийди ва уч марта такбир айтиб тўртинчисида рукуга боради. Муқтадий уч такбирда қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Tакбир ораларида қўллар ёнга туширилади. Шу билан қаъдага ўтирилиб ташаҳҳуд ҳамда салавот ва дуолар ўқилиб, намозни тугатилади.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати