Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг

22.06.2017   86520   5 min.
Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг

Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.

Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини  билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.

Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.

Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.

Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.

Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.

Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло,  у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир.  У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.

Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кўзингдан парда олиб ташланганида

22.11.2024   6360   2 min.
Кўзингдан парда олиб ташланганида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».

Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.

«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»

Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Мақолалар