Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

“Лайлатул қадр” нинг қадри нимада?

20.06.2017   104392   5 min.
“Лайлатул қадр” нинг қадри нимада?

“Лайлатул Қадр” нима?

Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улардан бири “Қадр” деб номланади. Суранинг номи унинг биринчи оятидаги  “Қадр” сўзидан олинган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг номи “Лайлатул Қадр” яъни “Қадрли кеча” номидан келиб чиққан. Демак “Лайлатул Қадр” деганда мазкур сурада ва бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда баён қилинганидек Рамазон ойининг ичидаги алоҳида қадр-қийматга эга, фазилатларга бой бир кеча тушунилади. Зеро, бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал ҳисобланади.

Нега бу кеча “Қадрли кеча” деган ном олган?

Сура муборак кеча “Қадр” деб аталишининг икки хил маъноси бор:

  1. Биринчиси – қадри улуғ, деган маънода. Чунки, худди шу кечада Қуръони карим нозил бўлиши бошланган. Айнан шу кечада Қуръон Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилган. Ундан кейин Қуръони каримнинг сура ва оятлари дунё осмонидан ер юзига Жаброил фаришта орқали йигирма уч мобайнида бўлиб-бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга турли воқеа ва ҳодисалар сабаб қилиниб нозил қилинган. Шунинг учун ҳам бу кечанинг қадри улуғ, фазли мўл-кўл ҳисобланади.
  2. Иккинчиси –қадар, яъни бандаларнинг бир йиллик тақдирлари белгиланадиган, ҳал қилинадиган кеча, деган маънони билдиради. 

Нега бир кечалик ибодат минг ойдан яхшироқ ҳисобланади? 

Нима учун биргина “Лайлатул қадр” кечасида қилинган ибодат унда “Лайлатул қадр”и бўлмаган минг ойдан яхшироқ ҳисобланиши ҳақида Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бундай жавоб берган: “Аввалги умматлардан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой жидду-жаҳд қилгани ривоят қилинди. Бу хабардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ажабландилар. Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: “Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!”-дедилар.

“Лайлатул қадр сенга ва умматингга ўша одам жидду-жаҳд қилган минг ойдан яхшироқ”, деди Аллоҳ таоло.

Демак, бу кеча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ҳисобланади. 

“Лайлатул қадр”ни бедор ўтказган кишининг гуноҳлари кечириладими?

Севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Лайлатул қадр” кечасини иймон билан савоб умидида бедор ўтказган мўминларнинг гуноҳлари кечирилиши хушхабарини  берганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَ مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَمَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ.   مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қодр”да иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Шунинг учун бу кечани Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, дуо қилиш ва истиғфор айтиш билан бедор ўтказиш керак.

“Лайлатул қадр” кечасида бирор дуони ўқиш тавсия қилинганми?

Ҳа, “Лайлатул қадр” кечасида қуйидаги дуони ўқиш тавсия қилинган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَارَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَاأَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг), дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун Рамазон ойи давомида ҳар кеча ушбу дуони ўқишга одатланиш керак.

“Лайлатул қадр” кечасида фаришталар ерга тушадиларми?

“Лайлатул қадр” кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчилигида  кўплаб фаришталар раҳмат ва баракотлар билан ер юзига тушадилар.У кеча тонг отгунча тинчлик-омонлик кечаси бўлади. Бу кечада фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло бандаларига фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади. 

“Лайлатул қадр”Рамазоннинг қайси кечаси? 

“Лайлатул қадр” қайси кеча экани ҳақида бир-биридан фарқли бир қанча ривоятлар келган. Уларнинг ичида энг мўътабари Рамазон ойинининг йигирма еттинчи кечаси экани ҳақидаги ривоятдир. Мўминлар ибодат мавсуми бўлмиш Рамазон ойида янада кўпроқ ибодат қилишлари учун “Лайлатул қадр”нинг қайси кеча экани аниқ билдирилмаган. Шунинг учун Рамазоннинг барча кечаларини имкон қадар ибодатлар билан ўтказиш керак.

 

 Манбалар асосида

 ТИИ проректори

Ибодулла Аҳроров

 тайёрлади.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

11.08.2026   37005   3 min.
Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

Маккада бўлиб ўтаётган 46-Саудия халқаро қорилар мусобақасининг иккинчи кунида 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл мусобақа қатнашчилари ўзаро беллашди.

ИҚНА "Саудия ахборот агентлиги"га таяниб хабар беришича, Маккада Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги шафелигида ўтказилган танловнинг финал босқичи турли мамлакатлардан келган эркаклар ва аёллар иштирокида давом этди.

Тадбирнинг иккинчи кунида эркаклар ва аёллардан иборат ҳакамлар ҳайъати 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл иштирокчининг Қуръон тиловатига баҳо берди.

Икки босқичда, эрталаб ва кечқурун ўтказилган ҳакамлар ҳайъати Катта масжид ҳовлисида 17 нафар эркак ва танлов ўтказиладиган жойдаги аёллар бўлимида 16 нафар аёлни ўз ичига олди. Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи кунларда эркаклар ва аёллар ҳайъати олдида янграган чиқишларнинг умумий сони 40 дан ортиқ мамлакатдан 66 тага етди.

Тадбир келаси пайшанбагача (2026 йил 20 август) давом этади, бу иштирокчиларнинг Саудия Арабистонидан жўнаб кетиш куни бўлади. Қуръон илмлари, қироат ва қироат қоидалари бўйича эркак ва аёл мутахассислардан иборат ҳакамлар гуруҳи электрон ҳакамлик тизимидан фойдаланган ҳолда чиқишлар, қорилар ва матнни ёд олган ижрочиларни баҳолайди, бу эса баҳолашнинг аниқлигини оширади ва турли йўналишларда адолатни таъминлайди.

Айни пайтда 133 мамлакатдан 334 нафар эркак ва аёл беш йўналишда, жумладан, етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Тадбир 6 август куни бошланган бўлиб, унинг мақсади ёш мусулмонларни Қуръонни ёдлаш ва тушунишга, ояти карималар устида мулоҳаза юритишга ва ҳалол рақобатни яратишга ундашдир.

Ушбу мусобақада у бошланганидан бери рекорд даражадаги иштирокчилар - 133 мамлакатдан 334 киши иштирок этди ва умумий соврин жамғармаси 10 260 000 саудия риалини ташкил этди, бу мусобақа бошланганидан бери энг юқори миқдордир.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари