Рамазоннинг фазилатларини ҳар қанча гапирсакда, шунча камдир. Айниқса, бу ойнинг таровати – рўза билан янада гўзалдир. Киши чин ихлос билан рўза тутишни ният қилар экан, бу ибодатини фақатгина Аллоҳ учун адо этаётганини аниқ англайди. Яратган розилиги учун қийинчиликларга бардош беради, сабрли бўлишни ўрганади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ажри улуғ эканини айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”.
Эътибор беринг, рўза тутган киши, Аллоҳ таоло мукофотини Ўзи беришини билган ҳолда камчиликка йўл қўйиши мумкинми? Дарҳақиқат, рўзадор тутаётган рўзасини “Аллоҳ кўриб турибди” деган ихлос билан адо этади. Камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Руҳиятидаги хотиржамлик тафаккурининг тиниқлашиб боришига сабаб бўлади.
Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда суюнгай”.
Қолаверса, бу ой буюклигининг омилларидан бири ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда баён қилинади: “Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”.
Ушбу ҳадис бу ойнинг нақадар улуғ мақомга эга эканини тасдиқлайди. Ҳадисдаги шайтонлар кишанланганлиги мўмин-мусулмонларни ушбу имкониятлардан фойдаланиб қолишга, китоб мутолаасига, эзгуликлар қилишга чорлайди.
Рамазоннинг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилиниши билан боғлиқдир. Бу борада Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.
Шунингдек, бу ой меҳр-мурувват ойи бўлиб, инсонлар бир-бирларига кўмак берадилар, муҳтожларга ёрдам қўллари узатилади, ўзаро яхшиликлар қилинади, беморлардан ҳол-аҳвол сўралади, аразлашган кишилар муборак ойнинг шарофати билан гиналарни унутадилар. Бу ойда бутун юртимизда ана шундай яхшиликлар билан, хотиржамлик ва хурсандчилик ҳукмрон бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”.
Қолаверса, ушбу ойнинг шарофати билан гуноҳлар авф этилади, рўзадорларга кўплаб ажрлар берилади.
Бу ҳақда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси Аллоҳ таоло айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз”.
Рамазон ўттиз кун давом этади. бу кунларни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг улкан имкониятидир. Эзгуликларга шошилиш чексиз савобларга мушарраф этади. Бу ойда билим олиш, китоб мутолааси илмнинг зиёда бўлишига замин яратади. Баракали кунларнинг ҳар бир лаҳзаси қимматлидир. Улардан фойдаланиб қолинг!
Бинобарин, қуйидаги ҳадисда шаҳри султоннинг нақадар буюк экани таъкидланади: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди, йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ж.Кулбаев
Шу йил 16-17 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон Кадировлар Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида бўлишди.
Ташриф аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ва вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар ҳамроҳлигида Шаҳрисабз “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига бориб, зарурий маҳсулотлар хайриялар қилинди.
Шунингдек, Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари билан учрашув ўтказилди.Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов маъруза қилиб, ёшликда илм олишнинг фазилати, илм нафақат тараққиёт, балки маънавий камолотнинг ҳам асоси эканлиги борасида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Шаҳрисабз шаҳридаги “Сирожиддинхон Бурҳониддинхон ўғли” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Қашқадарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари ва маҳалла раислари билан учрашув ўтказилди.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги муаммоли хонадонларга кириб, улардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлар билан маънавий-маърифий суҳбатлар қилинди. Келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Муаммолари ўрганилиб, таклиф, фикр, мулоҳазалари тингланди. Умумий ҳисобда 150 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб борилди.
Ногиронлиги бўлган ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.
Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Шаҳрисабз шаҳридаги масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар”, “Инсон қадри улуғ”, “Интернетдаги хатарлардан огоҳ бўлайлик”, “Ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик”, “Тинчлик олий неъмат”, “Шукроналик фазилати”, “Масжидларни обод қилиш”, “Ислом - бағрикенглик дини”, “Фарзанд тарбиясига барчамиз масъулмиз”, “Ёшлар - келажагимиз”, “Ҳусни хулқ”, “Қўни-қўшничилик одоблари” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилишди.
Тадбирлар давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Шаҳрисабз шаҳридаги барча масжидлар ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Зеро, Ислом динида ҳам дарахт экиб боғ яратиш савобли амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу каби тадбирлар юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати