Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Қуръони карим – дардлар шифоси

19.06.2017   18011   4 min.
Қуръони карим – дардлар шифоси

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!” деганлар (Байҳақий ривояти).

Баъзан бемор Қуръонни тиловат қилолмайдиган даражада оғир ҳолатда бўлиши ёки Қуръонни тўғри ўқий олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бунда унга Қуръонни тиловат қиладиган киши ёрдамга келади. У Қуръонни ихлос билан, оятлар баракотидан бемор шифо топади деган ниятда овозини баланд ҳам, жуда паст ҳам қилмасдан бемор эшитадиган даражада тиловат қилади.

Бемор иложи борича, ҳар куни бир неча марта Қуръони карим тиловатини тинглашга ҳаракат қилиши лозим. Тинглаётган оятларини тадаббур қилиб, маъноларини тушунишга ҳаракат қилиши муолажа самарасини янада оширади.

Олимлар товушлар тери ҳужайраларига, юракка таъсир этади дея кўп такрорлайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

Тана аъзолари, ҳатто, бош мия ва юрак ҳужайраларини фаоллаштиришда Қуръон оятлари катта таъсирга эга. Бу борада баъзи оятлар “шифо оятлари” дея ажратилмайди. Зеро, Қуръоннинг барча оятлари дардларга шифодир.

Олимлар тиббий тадқиқотларида аниқлашларича, инсон туғилганда унинг бош миясида ростгўйлик, яхшиликни севиш, хатолар ва ёмонликлардан қочиш каби гўзал хислатлар табиий дастурланган бўлади.

Олимлар махсус кузатув жиҳозлари орқали инсон сўзлаганда унинг бош миясидаги ўзгаришларни ўрганишди. Тадқиқот натижасида инсон рост сўзлаган пайтда унинг бош миясида ҳеч қандай қувват сарфланмай, аксинча ёлғон гапирганда катта куч йўқотиши аниқланди.

Агар инсон ёмон ўй-фикрларни ўйласа унинг бош миясида катта миқдорда қон айланиб, бош мия катта куч сарфлайди. Инсон эшитган маълумотлари ва айтган сўзлари унинг бош миясига катта таъсир кўрсатади. Қуръони карим тиловати инсоннинг айнан ушбу аъзосига таъсир қилади. Бу аъзо бошқарувга ва қарорларни қабул қилишга масъулдир.

Демак, хатолар, ёлғон, барча ёмон ишлар бош мия ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиб, унинг фаолиятини бузади. Вақт ўтиши билан бу ҳолат руҳий ва жисмоний касалликларга олиб келади. Ҳужайраларни озиқлантириш ва асл ҳолига қайтариш эса Қуръони карим тиловати билан бўлади. 

Бунда аввало, мўъмин киши Қуръонни шифо эканига ишониши лозим. Чунки шифо топишда ишонч катта аҳамиятга эга. Энг муҳими, оятларни савоб умидида, нафсий ва жисмоний касалликларга шифо бўлишини сўраб, ихлос билан ўқиш ва сабрли бўлиш лозим. Бирор касалликка шифо бўлишини сўраб ўқилганда, баъзилар тезда тузалишни истаб, шошқалоқлик қилади. Агар касалидан тузалмаса, Қуръон фойда бермади деб ўйлайди. Бу нотўғридир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни шифо эканининг хабарини бериб, бундай марҳамат этади: «(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз» (Исро, 82).

Бир касаллик тузалмаган бўлса, оятлар баракотидан ўзимиз билмаган бошқа оғирроқ хасталик ёки мусибат даф бўлган бўлиши ёки унинг ижобати охират азобидан қутулиш учун қолдирилган бўлиши мумкин. Айни пайтда, Қуръони карим тиловати билан барча касалликларимиздан қутулиш арафасида турибмиз. Яъни, Рамазони шарифда кечалари қоим бўлиб, масжидларда Қуръонни хатм қилинади. Ушбу вақтдан унумли фойдаланиб қолишимиз даркор.

 

Муҳаммадзариф ДАДАМИРЗАЕВ

“Аълиж нафсака бил Қуръан” (“Ўзингни Қуръон билан давола”) китоби асосида

Тошкент ислом университети магистранти

тайёрлади

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

22.11.2024   3839   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.

Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:

Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.

Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.

 

Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.