Қадим замонда бир шаҳзода бўлган экан. Унга отасидан катта кутубхона меърос бўлиб қолган экан. Шаҳзода илмга чанқоқ бўлгани учун китобларда нималар ёзилганини билмоқчи бўлиб, шу кутубхонанинг ходими бўлган олимни чақирибди ва: "Бу китоблар нима ҳақида?" деб сўрабди. Олим: "Бу китобларда инсоният тарихи битилган", дебди. Шунда шаҳзода олимга мана шу китобларда ёзилган маълумотларни жамлаб келишини буюрибди. Олим бир неча йиллар меҳнат қилибди. Бир куни саройга 500 та китоб ортилган аравани олиб киришибди. Олим кутубхонадаги китобларнинг мазмунини мана шу 500 китобга жойлаштирган экан. Шаҳзода бу пайтда анча улғайиб қолган экан. Саройдаги ишларнинг кўплигидан бу китобларни ўқиб чиқишга фурсати етмаслигини англабди ва шу 500 китоб мазмунини жамлаб келишини буюрибди. Олим яна бир неча йиллар меҳнат қилиб, шоҳнинг ҳузурига 50 та китоб олиб келибди. Бу пайтга келиб, шоҳ анча қариб қолгани сабабли ушбу китобларни ўқиб чиқишга фурсати етмаслигини англаб, мана шу 50 та китоб мазмунини битта китобга жамлаб келишни буюрибди. Олим яна бир неча йил меҳнат қилиб шоҳнинг буйруғини бажарибди. Лекин бу пайтда шоҳ ўлим тўшагида ётган экан. Китобни ҳатто очиб қарай олмабди. Шунда олимга китобнинг мазмунини қисқа қилиб айтиб беришни илтимос қилибди. Олим унга: "Инсон дунёга яхшилик қилиш учун келар ва ажали етганда ўлар экан", дебди.
Хулоса. Инсон дунёга фақат яхши ишларни қилиш учун келади. Инсоннинг қадр-қиммати унинг ҳусни, бойлиги ёки мартабасига қараб белгиланмайди, балки яхши ишларни кўп ёки кам қилганига қараб белгиланади.
Акбаршоҳ Расулов
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати