Кеча пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Алибек” масжидида таровеҳ ўқиётган эдик. Тўртинчи тасбеҳдан сўнг имом-хатиб Искандар домла: “Муҳтарам биродарлар, масжидимизга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳамманазар Қаюмов домла ташриф буюрдилар. Ҳозир у киши сизга Рамазон ойидаги ибодатларнинг фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берадилар”, деди.
Муҳаммадназар домланинг ҳамду сано, дуруду саловатдан кейин сўзини бошлаганда айтган биринчи жумласини эшитганда ёнимда ўтирган қўшним “ғилт” этиб ютинди. Қарасам, кўзи ёшга тўлиб турибди. Ўша иборанинг мазмуни бундай эди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар. Азизлар, биз Рамазонни йил давомида кутамиз, у яқинлашган чоқларда хурсандчилигимиз янада зиёда бўлади...”
Намозни тугатиб масжиддан чиққанимизда одамлар “Домла зўр экан-ей”, “Нотиқ экан-да, нотиқ”. “Ҳақиқатан олим экан, умри зиёда бўлсин” ва шунга ўхшаш гаплар билан Муҳаммадназар домлани алқаб кетаверди. Мен қўшнимдан нега кўзига ёш келганини сўрадим. У айтади: “Рамазон кираётганда ҳамма хурсанд бўлади. Мен ҳам шунга ҳаракат қиламан. Аммо негадир, хурсандчилигимда кемтиклик борга – ҳаммага хурсандчилик бўлган Рамазон менга меҳнатга ўхшаб туйилади. Таровеҳга ҳам хатмдан қолиб кетмайин дея аранг келаман. “Нега бир миллиарддан ортиқ мусулмон севинган Рамазондан сен севинмайсан”, дея ўзимни маломат қиламан. Муҳаммадназар домла ана шу саволимга жавоб топиб берди. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар”.
Демак, одамлар Рамазон кирганда дўзахдан халос бўлганига севинар эканлар. Ахир бундан ортиқ хурсандчилик, бундан ортиқ тантана бўлиши мумкинми! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ҳадиси шарифини, балки ўзим ҳам ўқигандирман-у, эътибор қилмагандирман. Лекин домла уни шундай тушунтирдики, ўша чоқда мен ўзимдан дўзахнинг ваҳшатли оловлари чекинганини аниқ тасаввур қилдим. Ана энди мен ҳам бошқаларга ўхшаб чин дилдан севинадиган бўлдим, Аллоҳга шукр”.
Қўшнимнинг чин дилдан гапирган эътирофларини эшитиб бораётиб, қандай ажойиб инсон, қандай самимий мусулмон, нақадар илмга чанқоқ сиймо деб ўйладим. Унинг самимиятига ҳавас қилдим.
Муҳаммадназар домланинг суҳбати бошқаларда ҳам шундай ажойиб туйғулар уйғотган эди. Барибир, иймонлашиш, хусусан, олиму воизнинг суҳбатидан баҳра олишнинг ўзига хос файзи бор-да.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан