Ўтган йил Рамазонда...
“Ҳамма нарса синов келганда билинади – дўстлик ҳам, муҳаббат ҳам. То синовгача ҳамма ўз муҳаббати, дўстлиги ҳақида лоф ураверади...”
Менга бу сўзларни айтган одам қанчалар ҳақ экан. Бугун, рамазон ярмидан ўтган, вақт асрдан ўтиб шомга яқинлашаётган бўлса-да ёз жазирамаси озгина ҳам пасаймаган, сувнинг жилдираган (қанчалар ёқимли!) овозини эшитмаслик учун қулоқларимни кафтларим билан маҳкам ёпиб, дақиқа санаётган кунимда юқоридаги жумлалар моҳиятини англаб етяпман.
Кўзим тўла ёш, юрагим эзилгандан эзилиб боряпти, қўлимни кўтаришга мажолим йўқ, худди хаста одамдекман. Томоғим қақраб кетяпти, нимага қарамай сув бўлиб кўринади. Қачон шом бўларкин?..
Астағфируллоҳ, нималарни ўйлаяпман? Бу – миннатми? Бунақа рўзадан кун бўйи оч қолиш ва ташналикдан бошқа нима орттираман? “Бандаларимнинг одамлар кўзи тушгулик барча ишлари (намоз ўқиш, хайр-эҳсон қилиш, закот беришлари) ўзлари учун, тутадиган рўзалари эса Мен учун (Худо учун бўлмаганида эди, яширинча еб-ичиб олиш мумкин бўларди, чунки ҳеч ким кўрмайди), бинобарин, унинг мукофотини Ўзим бераман”. Шу ҳолимда, нафсим мен билан аёвсиз олишиб, муздай сувдан қониб-қониб ичишга ундаётган, ўзим ҳам шунга мойил бўлиб турганим бир пайтда бу қудсий ҳадисни ёдимга солган Улуғ Зотга ҳамду санолар бўлсин!..
Шомдан сўнг...
Ҳақиқатан ҳам ҳамма нарсанинг қадри синов келганда билинаркан. Аллоҳга муҳаббатдан, Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган севгидан гапириш осон экан. Бир дўстимнинг таъбири билан айтганда, “олдин ҳам рўза тутяпмиз деб юрган эканмиз, ҳақиқий рамазон энди бўляпти” (Араб тилини яхши биладиган дўстим рамазон сўзи маъносига ҳам ишора қилди, шекилли. Чунки рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда ошиб кетишини, “ар-рамдо” эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Имом Замахшарий айтганларидек: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги ёки ўзига хос хусусиятга аҳамият қилишган. Рамазон ойи йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида “рамазон” деб аташган”.)
Кўп нарсалар ҳикматини шу рамазонда тушуниб етаётгандекман. Масалан, шу пайтгача: “Рўзадор учун икки қувонч бор: бири – оғиз очганида, иккинчиси – рўза тутиб, ёруғ юз билан Аллоҳга йўлиққанида”, деган ҳадисни кўп бора ўқиганман. Ифторлик қувончини ҳам кўп бор ҳис қилганман, аммо... бу рамазондагичалик эмас. Ҳар гал оғиз очганимда қониб сув ичарканман, унинг томирларимга, вужудимга қувват бўлиб ёйилаётганини сезиб тураман ва бошқа рамазондагилардан фарқли равишда дил-дилимдан айтаман Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мерос муборак жумлаларни: “Гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва, иншааллоҳ, ажр собит бўлди”.
“Ким рамазон кечаларини савобига ишониб ва унга эришиш нияти ила намоз ўқиб жонлантирса, аввалги гуноҳлари кечирилади”. Бу ҳадис ҳикматини ҳам шу рамазонда англаётгандекман. Таровеҳни қўйинг, хуфтонни саҳарликдан сал олдин ўқиб олиш маъқул кўриниб, шомдан кейиноқ уйқуга кетишни мўлжаллаётган; аммо дунёдаги очлик, ташналикдан азоб чекаётган қанчалаб инсонлар, жазирамада рўза тутаётган ота-онам, жигарларим, яқинларим ҳолини ўйлаб, улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларимизга мағфират сўраш, илоҳий раҳматга эришиш умиди ҳорғин вужудимга куч бериб, жойнамоз устида турган онларимда тушунаётгандекман.
Ҳар куни оғиз очарга муздай чой, шарбатлар тайёрлаб қўядиган синглимга миннатдор боқарканман: “Рўзадорга ифтор уюштириб берган одам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савобни олади”, деган ҳадис ёдимга тушиб, ичим ёришади.
Бандамиз, ожизмиз, бунинг устига ишхонада ҳар хил муомала-муносабат... Жаҳлим чиққанида ташналикдан оғзим қуриб, жумлаларни келиштира олмаслигимдан хижолат чекиб эмас, урушмоқчи бўлаётганим ҳамкасбим ҳам худди мендек рўзадор эканини, қийналаётганини ўйлаб, ғазабим шафқатга айланади. Муборак жумлалар хаёлимдан ўтади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Қувонаман – яна бир ҳикмат...
Бу йилги Рамазон олдидан...
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5-6).
Аллоҳнинг ваъдаси – ҳақ! Шу кунгача бирор мушкуллик билмадимки у билан бирга ёруғлигини ҳам кўрмаган бўлсам. Ўтган йилги рамазон ҳақиқий синов бўлди, лекин ўша синовнинг ёруғликлари, енгилликларини ҳар кун, ҳар лаҳзада ҳис қилиб яшадим. Ўша қувончларни яна ҳис қилиш умидида бу йилги синов остонасидаман – вужуд, қалб тайёргарлиги ва яна... қўрқув билан.
Илоҳи, Ўзинг бизни синовларга қодир қилгайсан. Улуғ фазлу марҳаматинг билан ифторликдаги севинчларни бутун борича ҳис этиш бахтини насиб қилдинг. Насиб этажагинг иккинчи қувонч, улуғ шодлик, мўмин дилнинг энг ширин орзуси – Улуғ Кунда Дийдорингга етишиш саодатидан умидвормиз. Бизга бу рамазонни ҳам муборак ва хайрли қил, Раббим!
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати