Шу кунларда Масжидул Ҳаром ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ишлари бўйича Бош раҳбарият давлат идоралари билан ҳамкорликда Байтуллоҳ зиёратчиларининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида фавқулоддаги режаларини фаоллаштирди. Унда Ҳаром масжиди ҳудудида кучли ёмғирлар келтириб чиқарадиган турли нохушликларни олдини олиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ташкил этиш ўрин олган.
Бунинг учун Байтуллоҳ хизматлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси вакиллари Масжидул Ҳаромда кучли ёмғирли вазиятларни бартараф этиш ва муаммога йўл қўймаслик мақсадида 200 дан ортиқ назоратчи ва кузатувчи, 4000 нафар эркак ва аёл ишчи ҳамда 500 дан ортиқ техникани жалб қилди.
10 апрель куни Маккадаги зиёратчилар кучли ёмғир остида қолишди. Каъбани тавоф қилиш вақтида Маккада ёмғир ёға бошлади ва зиёратчилар сув оқимлари остида зиёратгоҳ атрофини айланиб чиқишда давом этди, деб ёзади “Islam news” матбуоти “ал-Aрабия” телеканали хабарига таяниб. Кўпчилик зиёратчилар бу пайтда айтиладиган махсус ёмғир дуоларини ўқишди.
Бу пайтда хавфсизлик ва биринчи тиббий ёрдам ходимлари ёмғир билан боғлиқ ноқулайликлар олдини олиш учун чора кўришди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати