Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Кийиниш маданияти миллат кўрки

14.06.2017   36196   3 min.
Кийиниш маданияти миллат кўрки

Кийиниш маданияти – инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси , эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради. Кийиниш маданиятига бўлган қараш инсоннинг гўзаллик, нафосат, одоб борасидаги кўз қарашларини ифода этадиган омил ҳамдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бугунги жадал ривожланиб бораётган глобал даврда кийимлар ҳам, кийинишга бўлган эътибор ва талаб ҳам ўзгариб бормоқда.

Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз  эвропа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида  фикр юритишмаяпти .

Европа модаси деб урф бўлган бемани кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан.  Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.

Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва  шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд ўзбек йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.

Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган  муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади.

Ғолибжон Хидиров

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   47416   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари