Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:
Биринчи қисмга қуйидагилар киради:
1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: “Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.
2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади. Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги “Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.
3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар” (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).
Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.
4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.
Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.
Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.
Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.
II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).
Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.
“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.
Анъом сураси Қуръони Каримнинг олтинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз олтмиш беш оятдан иборат. Анъом – "Чорва моллари" деганидир. Сурада бир неча оятлар чорва моллари ҳақида келганлиги сабабли у Анъом деб номланган. Қуръони Каримда Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳа бўлса, иккинчиси Анъом сурасидир.
Сурада Ислом ақидаси асослари, Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлиги, шариат аҳкомлари, жумладан, оилавий масалалар, ҳайвонлар ва унинг гўшти ҳақидаги масалалар, жиҳод аҳкомлари, ғайридинларга доир кўрсатмалар, қиёмат, охират, пайғамбарлар, дунё ва ҳаёт моҳиятига тааллуқли маълумотлар баён қилинган.
Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам кенг баён қилинган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Анъом сураси нозил қилинаётганда Жаброил алайҳиссалом билан бирга тушган фаришталар кўплигидан ер билан осмон орасини тўсиб қўйган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарнинг баланд овозда тасбеҳ айтаётганини эшитиб, у зот алайҳиссалом ҳам тасбеҳ айтган ва Аллоҳга сажда қилган" (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Анъом сураси нозил бўлаётганда фаришталар саф тортиб, тасбеҳ айтиб туришди, уларнинг жуда кўплиги туфайли ер ҳам силкинди", дедилар. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло барча айбу-нуқсонлардан покдир, Унга ҳамду санолар бўлсин", деб тасбеҳ айтди.
Восила ибн Астоъ ал-Лайсийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тавротни ўрнига менга еттита узун сура берилди", дедилар. Ушбу суралардан бири Анъом сурасидир.
Ушбу сура ҳақида муфассир олимлар фикрлари:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Маккада тўлалигача нозил қилинган. Унинг атрофида етмиш минг фаришта тасбеҳ айтиб турган”, деганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Қуръони Каримдаги энг сара фазилатли суралардан биридир” деганлар.
Сурада бошқа самовий динларда ҳам буюрилган айрим шаръий ҳукмлар келган бўлиб улар қуйидагилар:
Шунингдек, сурада Аллоҳ таъало инсонларни энг катта зулм - ширкдан сақланишга буюради. Ширк сабабли инсон барча қилган хайрли амаллари савобидан айрилади, дунё ва охиратда зиён кўрувчилардан бўлади.
Сурадан келган айрим оятлар билан танишамиз:
"Ҳамд осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир" (1-оят). Яъни еру-осмондаги барча нарса ва махлуқотлар доимо Аллоҳга ҳамд айтиб туради. Буни инсонлар кўрмайди, эшитмайди ва ҳис қилмайди. Ҳамд фақат оламлар робби Аллоҳгадир.
"Улардан олдин неча аср (кишилари)ни ҳалок этганимизни кўрмадиларми?! Уларга Ерда сизларга бермаган имкониятларни бердик, устиларига осмон (ёмғир)ни ёғдирдик ва остиларидан анҳорларни оқизиб қўйдик. Сўнгра гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа аср (кишилари)ни келтирдик" (6-оят).
Ушбу оятда тарихда яшаб ўтган аввалги қавмлар ҳаётини ўрганиш орқали улардан ибрат олишга, ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга, яхши амалларни қилиш ва ёмонликлардан қайтишга чақирилади.
"Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир" (59-оят).
Бу оятда ғайб илмларини Аллоҳ таолонинг ўзигина билур дейилмоқда. Пайғамбарларнинг ҳам фақат айримларига бу илмдан ато этилган. Оятда Аллоҳ таолонинг азалий “илм” сифати билан ошкораю-пинҳона нарсалардан доимий равишда огоҳ экани билдирилмоқда. Шу илмига биноан қиёматгача бўладиган ишларни “Лавҳул-маҳфуз”га олдиндан битиб қўйган. Инсонлар тақдирини Аллоҳ таоло буйруқ тариқасида эмас, балки васф ва таъриф сифатида ёзган. Масалан, фалон кимса ўз ихтиёри билан шайтон васвасасига берилади, деб ёзилган. “Берилсин!” деб ёзилмаган. Акс ҳолда банда жавобгар бўлмас эди.
"Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай" (160-оят).
Ушбу оят шарҳида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир яхшилик қилишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга битта яхшилик ёзилади, агар уни қилса, унга ўнта яхшилик ёзилади. Ким бир ёмон ишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга ёмонлик ёзилмайди. Агар ўша ишни қилса, унга битта ёмон амал қилгани ёзилади", дедилар (Имом Муслим ривояти).
“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади