Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:
Биринчи қисмга қуйидагилар киради:
1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: “Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.
2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади. Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги “Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.
3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар” (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).
Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.
4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.
Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.
Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.
Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.
II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).
Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.
“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.