Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Апрел, 2025   |   3 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:46
Қуёш
06:06
Пешин
12:32
Аср
16:56
Шом
18:51
Хуфтон
20:06
Bismillah
01 Апрел, 2025, 3 Шаввол, 1446

Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

08.06.2017   27644   6 min.
Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:

  1. Оғзини очиш мубоҳ ва қазоси вожиб бўлган узрлилар.
  2. Оғзини очиш вожиб ва фидя вожиб бўлган узрлилар.

Биринчи қисмга қуйидагилар киради:

1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

   Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.

2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади.  Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.

3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).

Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.

4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.

Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.

Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.

Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.

II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).

Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.

 

 

РЎЗА
Бошқа мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи

26.03.2025   6378   9 min.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим.

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар, нуроний отахон ва онахонлар!

Қадрли меҳмонлар!

Cиз, азизларни, бутун халқимизни, узоқ-яқиндаги жамики мусулмон умматини давом этаётган муборак Рамазон ойи билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик ёр бўлишини тилайман.

Ушбу шарофатли ойда гўзал диёримизда мана шундай файзли ифторлик маросимини эл-юртимиз билан биргаликда ўтказиш насиб этгани учун меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги даврамизда иштирок этаётган ҳурматли меҳмонларимизга – хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларига, диний конфессиялар раҳбарларига Ватанимиз ва халқимизга кўрсатаётган юксак эҳтиром ва эътиборлари учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Cизларга маълумки, сўнгги йилларда миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича кўп ишларни амалга оширмоқдамиз.

Бу борада “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя бизнинг фаолият дастуримизга айланмоқда. Шу асосда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.

Фуқароларимизнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланаётгани бу йил Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.

Муқаддас динимиз буюрган хайрли амаллар – аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, сабру қаноат, ахлоқ-одоб, илму маърифат фазилатлари жамиятимизда тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда. Хусусан, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, улуғ алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ана шу эзгу мақсад йўлида Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган улкан илмий-маънавий лойиҳа сифатида мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ушбу марказ неча минг йиллик тараққиёт ютуқларини ўзида мужассам этиб, ислом цивилизацияси юртимизда айнан илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва маърифат асосида ривожланганини тасдиқлайди. Бу маскан биз учун нафақат ўтмиш ёдгорлиги сифатида, балки халқимиз, ёшларимизни келажак сари чорлаши, буюк кашфиётларга руҳлантириши билан айниқса эътиборлидир.

Хабарингиз бор, улуғ ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг Самарқандда барпо қилинаётган муаззам мажмуаси қурилиши ҳам жадал давом эттирилмоқда. Бу ерда буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид ҳам бунёд этилмоқда.

Насиб этса, бу йил ана шу икки муҳташам обидани – Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросимини барчамиз биргаликда тантанали равишда ўтказамиз.

Халқимизнинг ислом дини ва фалсафасига қўшган бебаҳо ҳиссасини янада теран ўрганиш мақсадида яқинда яна бир муҳим қарор қабул қилдик.

Бу йил мутафаккир аждодимиз, калом илмининг буюк пешволаридан бири бўлмиш Имом Мотуридий ҳазратлари таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаймиз. Жумладан, ул зотнинг Самарқанддаги муборак қадамжолари янада обод қилинади.

Энг муҳими, бу ишларимиз Имом Мотуридий мероси ва мотуридийлик таълимотини юртимиз ва хорижий олиму уламолар билан ҳамкорликда илмий асосда ўрганишда янги ва катта қадам бўлади.

Ҳурматли дўстлар!

Кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва бирдамликни кучайтириш вазифаси доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида нуфузли халқаро анжуман ўтказамиз. “Декларациялар мулоқоти форуми” деб номланган бу йирик тадбир 2022 йили Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган анжуманнинг мантиқий давоми бўлиб, турли диний эътиқод вакиллари ўртасида ўзига хос маърифий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда яна таъкидлаб айтмоқчиман: мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик – бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Ана шу беқиёс бойликни кўз қорачиғидек асраш, юртимиздаги дўстлик, тенглик, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз. Бу масала ҳозирги мураккаб даврда биз олиб бораётган эркинлик ва очиқлик сиёсати учун айниқса ўта муҳимдир.

Муҳтарам юртдошлар!

Янги Ўзбекистон янгича устувор тамойилларга, жумладан, Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилган ижтимоий давлат мақомига эга бўлиб, халқчил ва инсонпарвар сиёсат олиб бормоқда.

Шу борада биргина мисол келтиришга ижозат бергайсиз. Ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилди. Кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг нафар бола боғчага жойлаштирилди, уларнинг 176 минг нафар аъзосига тиббий кўмак кўрсатилди, 182 минг нафари эса ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 94 мингга яқин кам таъминланган оилаларга даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар билан боғлиқ 130 миллиард сўмлик харажатлар қоплаб берилди.

“Аёллар дафтари” доирасида 3,5 миллион нафар опа-сингилларимизга 5 триллион 700 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди.

“Ёшлар дафтари” жорий этилганидан буён 1 миллион 300 минг нафар эҳтиёжманд ёшларга 1 триллион 700 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Энг асосийси, бу ишларимиз изчил давом эттирилмоқда.

Қадрли маросим иштирокчилари!

Янги Ўзбекистоннинг устувор хусусиятларидан яна бири – бу “яшил тараққиёт” йўлидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги экологик макон барпо этилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси айнан шу мақсадга қаратилган.

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган жорий йилда амалга оширилаётган давлат дастури ҳам бу борада муҳим қадам бўлмоқда.

Яқинда Хива шаҳрида илк бор кенгайтирилган таркибда ўтказилган Конфессиялараро кенгаш мажлисида юртимиздаги диний конфессиялар вакиллари мазкур давлат дастурида фаол иштирок этишга қаратилган мурожаатнома қабул қилдилар.

Албатта, жамиятимиздаги эзгу ишларда ҳурматли дин пешволари, уламо ва нуронийларимиз, кенг жамоатчилигимиз фаол иштирок этаётганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

Бу йил “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳор мавсумининг ўзида диний соҳа ходимлари томонидан 10 минг тупдан зиёд дарахт, 32 минг тупга яқин гул экилгани, масжид ва зиёратгоҳларда 25 гектар ер обод қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Юртимиз ҳожиларининг ҳам кўплаб хайрли ишларда шахсий намуна кўрсатиб, ўрнак бўлаётганлари албатта барчамизни хурсанд қилади.

Ўтган йили муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида ҳожиларимиз “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббусни илгари сурган эдилар. Шу кунга қадар уларнинг ташаббуси билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга 6 миллиард 300 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундай савобли ишлари учун уларга барчамиз чин кўнгилдан ташаккур айтамиз.

Муҳтарам ватандошлар!

Ҳозирги кунда дунёдаги вазият ўта қалтис ва мураккаб бўлиб бораётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.

Афсуски, аксарият зиддият ва можаролар айнан ислом дунёсида содир бўлаётгани барчамизни чуқур ташвишга солмоқда.

Нотинчлик ўчоқлари исталган пайтда кенгайиб, бутун-бутун минтақаларга ёйилиб кетиш хавфи тобора ортиб бормоқда.

Мусулмон мамлакатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бирдамлик ва ислом уммати ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Эътиборимиз марказида туриши керак бўлган яна бир масала – бу ёшларимизнинг қалби ва онгини заҳарлашга, ҳаётини издан чиқаришга қаратилган кўплаб таҳдидлар билан боғлиқ.

Фарзандларимизни илм-маърифатга тарғиб этиш, ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида ҳурматли имом-хатибларимиз, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиз, маҳалла фаоллари, ҳожиларимизнинг ўрни беқиёс, албатта.

Барчамиз сизларнинг ушбу йўналишда олиб бораётган фаолиятингизни юксак қадрлаймиз.

Буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг “Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган ўгитлари ҳаммамизнинг ҳаётий эътиқодимизга айланиб кетган.

Ёшларимизни мана шундай руҳда тарбиялашда уларни меҳнат ва касбга ўргатиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода, ҳурматли нуронийларимиз, маҳалла фаоллари, миришкор фермерларимиз, тадбиркорларимиз ёшларни ҳалол меҳнат қилиб, оиласи ва юрт фаровонлиги йўлида тинимсиз изланиб яшашга ўргатадилар, деб ишонаман.

Ҳурматли дўстлар!

Ушбу фазилатли ой давомида юртимиздаги 9,5 мингга яқин маҳаллада кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, хайр-саховат ишлари амалга оширилди.

Жойлардаги бу тадбирларда муфтий ҳазратлари ва имом-хатибларимиз ҳам хонадонма-хонадон юриб, фаол иштирок этишди.

Ўйлайманки, “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтказилган бундай хайрли маросимлар инсон қадрини улуғлаш, пок мақсадли барча юртдошларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади.

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Яхшиларнинг иши – яхшилик қилишдир”. Чиндан ҳам, бу ҳаёт айнан эзгулик ва яхшилик туфайли доимо ёруғ ва бардавомдир.

Шу боис эзгу ниятлар ижобат бўладиган муборак Рамазон ойида, Лайлатул қадр кечаси арафасида туриб, юртимизда, бутун дунёда тинчлик ва фаровонлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишини сўраб дуолар қиламиз.

Илойим, ҳаётимиз доимо мана шундай мунаввар, файзли ва баракали бўлсин!

Дуогўй отахон ва онахонларимиз соғ-омон бўлсинлар!

Меҳрибон опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз ёнимизда доимо тоғдек таянч бўлиб турсинлар!

Фарзандларимиз билимли, касб-ҳунарли, азму шижоатли ёшлар бўлиб, Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этсинлар!

Юртимиз тинч, меҳнаткаш, олижаноб халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи