Мусо алайҳиссаломни тарбиясига олиб вояга етказгани ва унинг динида бўлгани боис Осиё она мўътабар аёллардан бирига айлангани аён. Бу муҳтарама аёлнинг Мусо алайҳиссаломни қандай қилиб тарбиясига олгани ва у зотнинг онасини маош бериб сут эмизишга ва бола тарбиясига ёллаганини таъсирланиб эшитамиз. Шу билан Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳақида гап тугайди.
У аёл ўзи ким бўлган? Қайси авлоддан эди? Нега бошқалар эмас, айнан у пайғамбарни дунёга келтирган? Боласини туққанидан сўнг қандай оғир шароитда қолган, ўша чоқда қандай туйғуларни бошидан кечирган? Қуйида билганимиз қадар шу масалалар ҳақида сўз юритамиз.
Ҳазрати Одам ато ва Момо Ҳаводан бошқа барча инсонлар бир онанинг меҳнатлари, заҳматлари, яна ҳам аниқроғи, ўзининг ҳаётини гаровга қўйиши эвазига дунёга келган. Фарзандни дунёга келтириш – Аллоҳ таоло аёлларга насиб этган энг гўзал фазилатлардан биридир. Аллоҳ таоло яратиш мўъжизасига восита қилмоқ учун аёл зотига буюк бир карам кўрсатган.
Бу муборак ва шарафли вазифани бажарганларнинг энг буюклари, шубҳасиз, пайғамбарларнинг оналаридир. Жумладан, Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам шундай мўътабар оналар сирасидан.
Мусо алайҳиссаломнинг ота-онасининг исми ҚУръони каримда келтирилмаган. Яҳудий манбаларда у зотнинг отасининг исми Амрам экани айтилган. Амрам Юсуф алайҳиссалом даврида Мисрга ўрнашиб қолган Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларидан бирининг авлодидан дейилади. Айни манбаларда Мусо алайҳиссаломнинг онасининг оти Жакобет (арабча талаффузда Иохавед ёки Яқубайт) бўлгани айтилган.
Мусо алайҳиссаломнинг онаси Қуръони каримда тақводор, солиҳа ва Аллоҳга таваккули кучли аёл сифатида тасвирланади. Унинг бошидан ўтган ҳодисалар, ҳар бир эркак ва аёлга ибрат бўладиган фавқулодда ҳолатлардир. Бу муборак аёл шахсида бир мўмин Аллоҳга буткул боғланган ва таваккул ила итоат этгани заҳоти Роббимизнинг унга қилинган ваъдаларини бажарганини кўрамиз, ҳатто умид узиш ёқасига келиб қолган чоқларда ҳам...
Ҳақиқатан, Мусо алайҳиссаломнинг онасининг имтиҳони ақл бовар қилмас даражада шиддатли ва юракни ларзага соладиган даражада қўрқинчлидир. Ахир ўз боласини жаллодлар қўлига топшириш осон иш бўлибдими...
Юсуф алайҳиссалом даврида Миср малики тавҳид динига иймон келтириб, Исроил авлодларини Мисрга жойлаштирган эди. Аммо ундан кейин тахтга ўтирган Фиръавн ўзини илоҳ деб эълон қилди ва Исроил авлодларини қулга айлантирди.
Диктатурага асосланган давлат бошқарувида қибтийларнинг аслзода табақаларига ва ҳарбийларга таянган Фиръавн қибтийлардан ташқари муҳожирларга, айниқса, Исроил авлодларига жуда қаттиқ зулм қилар эди. Уларнинг мол-давлатини тортиб олиб ўзларини қул, хотинлари ва болаларини хизматкорга айлантирган эди.
Бу хорликдан қутула олмасин дея туғилган ўғил чақалоқларни бир йил ўлдирар, бир йил улардан қуллар етиштирмоқ учун соғ қолдирар эди.
Ояти каримда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир” (Қасас сурасининг 4-ояти).
Жиддий имтиҳон
Мусо алайҳиссаломнинг онаси чақалоғини туққан йилда ўғил болалар ўлдириладиган сана эди. Кўзи ёриганидан сўнг чақалоғининг ўғил бола эканини кўрган она бечоранинг эти жимирлаб кетди, кўз олди қоронғулашиб, қаттиқ ғамга ботди.
“Кўп ўтмай Фиръавннинг одамлари эшикка келади, кўзим ёриганини билгани заҳоти чақалоқни кўрсат дейди, уни кўрганлари ҳамон бағримдан юлиб олиб қатл қилишга олиб кетади”, деб ўйлади у. Бир чора қидирди, аммо топа олмади.
Яшириб қўйиб Фиръавннинг одамларига “ўлик туғилди”, деса-чи. Аммо бу бир чақалоқ бўлса, йиғлаб сирни фош қилиб қўяди-да. Чунки мўминларнинг маҳаллалари кеча-ю кундуз қаттиқ назорат остида. Сир сақлашга ҳарчанд уринмасин фойдаси йўқ. Бу гўзал юзли, маъсум чақалоқнинг тақдири ҳам бошқаларники каби бўлиши ҳеч гап эмас.
Фақат ўша кезда муборак онада ғайритабиий бир ҳол юз берди. Зотан, шу чақалоққа ҳомиладор бўлганидан бери ўзида бошқача ҳоллар бўлаётганини ҳис қилаётган эди. Тушларида оппоқ кийимлар ичидаги муборак аёллар атрофини ўраб олиб унга муждалар берган эди.
Раҳмидаги боланинг бошқа болаларга ўхшамаслигини айтиб, уни ҳалол луқма емоққа, ғийбату мишмишларни тингламасдан, вайсақилардан узоқ юришни таъкидлаган эди. У тақво соҳибаси ва ибодатга берилган аёл эди-ю, лекин шу ҳомиласида ўзида бошқача бир маънавий ҳол юз бераётганини аниқ ҳис этар эди.
Ана энди яна руҳиятини маънавий ҳол қоплаб олди. Ўзига ваҳий келдими, илҳомми аниқ билолмайди, Аллоҳ таолодан бундай хабар келди: “Биз Мусонинг онасига ваҳий (илҳом) қилдикки: “Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз” (Қасас сурасининг 7-ояти).
“Мусо алайҳиссаломнинг онасига қилинган ваҳий пайғамбарларга қилинган ваҳийдек эмас, балки Марямга қилинган ваҳий каби илҳом ёки туш ҳукмидадир. Зеро, аёллардан пайғамбар бўлиши мумкин эмас...” (Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. 386-бет).
Шунингдек, Наҳл сурасининг 43-оятида ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат қилиб пайғамбарлик фақат эркакларга юкланишини маълум қилган. Бинобарин, пайғамбарлик ғоят таҳликали ва машаққатли иш. Чунки кофирларга Аллоҳнинг амрларини етказиш керак эди. Улар аёлларни, ногиронларни, қулларни, муҳожирларни, ғарибларни назарига илмагани боис уларнинг гапларини жиддий қабул қилмас эди.
Аслида ногирон, қул, муҳожир бўлмоқ Аллоҳнинг севган бандаси бўлмоққа, авлиё бўлмоққа монелик қилмайди. Аммо пайғамбарлик вазифаси юкланадиган кишилар бу ишончни оқлай ола биладиган куч-қувватга соҳиб, ҳур ва озод, халқ орасида танилган, насл-насабли эркаклардан танланган.
Шунинг билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло баъзи амрлари ва хабарларини айрим муҳтарама аёлларга очиқ хабар бергани ҳам кўринади. Бундан Мусо алайҳиссаломнинг онаси оддий аёллардан бўлмаганини, бу шарафга лойиқ солиҳа аёл бўлганини билиб оламиз. Муҳими, унинг оналик туйғуларига терс келадиган энг қийин амрга итоат этганини кўрамиз.
Бир оз мушоҳада қиладиган бўлсак, яқиндагина кўзи ёриган кўкраги сутга, кўнгли боласининг севгисига тўла онанинг ҳали дийдорига тўймаган боласини сандиққа солиб оқизиб юборишга қайси она рози бўлади!
Нима учун она боласини бунчалик яхши кўради, нима учун бола роҳати йўлида ўзини қурбон қилади? Негаки, Аллоҳ таоло янги кўзи ёриган онани чақалоғига қаттиқ боғлансин дея оналик гормонларини ривожалантириб қўйган. Шунинг учун оналик туйғулари чақалоғини ҳатто кўзининг олдидан айримасликларини истайди. Агар Раббимиз жамики оналарни, парранда-ю даррандаларни ҳам болаларига меҳрибон қилиб қўймаганида Ер юзида ҳаёт давом этмас, янги туғилган, ҳимоясиз чақалоқларнинг барчаси нобуд бўлиб кетар эди. Шундай экан, онанинг боласини сувга оқизиб юбориши қанчалар шиддатли амрдир.
“Сандиқ тўнкарилиб бола буғилиб қолса ёки сув уни денгизгача оқизиб кетса ё балиқми, тимсоҳми болани ютиб юборса ёхуд бирор балиқчи тутиб олиб аскаларга келтириб берса, нима бўлади?”
Шубҳасиз, ҳар қандай она ана шундай андеша ва васвасага ғарқ бўлади. Тайинки, Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам андешали эди. Аммо у Аллоҳнинг изни билан андешаларини бир чеккага йиғиштириб қўйди ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсунди. Она зоти учун жуда оғир бўлган имтиҳондан ёруғ юз билан чиқди ва жамики аёлларга шарафлилик борасида ибрат бўлди.
Имтиҳондан аъло ўтди
Мусо алайҳиссаломнинг онасининг юраги фарзанди муҳаббати билан тўла эди. Бундан ташқари, чақалоқ севимчил эди. Аллоҳ таоло унинг чеҳрасига бир гўзаллик ато этган эди.
Муштипар онанинг фарзандига бўлган муҳаббати имтиҳон қилинаётган эди. Оназиор боласини жуда ҳам севар эди. Зотан, қайси она севмаски? Аммо бу – Аллоҳ таоло ато этган жуда кучли севги эди. У маъсум чақалоқни, у покиза сиймони кўрган ҳар қандай киши ҳайратда қолар эди. Аммо бу аёл шундай қаттиқ севгисини Аллоҳ учун, Унга итоат этмоқ учун фидо этди. Чунки жами севгилар бир имтиҳон эди. Агар боласини Аллоҳ учун севса, уни Аллоҳга омонат этиб, Аллоҳ амр этганидек сувга оқизади. Юраги йиғласа ҳам Аллоҳнинг ваъдасига ишонади. Ниҳоят у Аллоҳга итоат этмоқни ният қилгани заҳоти Раббимиз ҳам унинг имтиҳонини осонлаштиради ва қалбини мустаҳкам қилади.
Ояти каримада унинг боласининг тақдиридан бошқа ҳеч бир нарсани ўйламаслиги, аммо Аллоҳ унинг қалбини хотиржам қилгани қуйидагича ифода этилган.
“Мусо онасининг қалби (ташвишдан) фориғ бўлди. Агар Биз (“Мусони ўзингга қайтарурмиз, деган ваъдамиз”)га ишонувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (ўз ўғли экани)ни фош қилиб қўйган бўлур эди” (Қасас сурасининг 10-ояти).
Тадбир ва таваккул
“(Она Мусонинг) опасига: “Унинг (ортидан) тушгин!” – деди. Бас, у улар сезмаган ҳолларида (Мусони) бир четдан кузатиб турди” (Қасас сурасининг 11-ояти). Сандиқ ортидан эргашиб борган опаси сув сандиқни Фиръавннинг саройига қараб оқизиб борганини ва хизматкорлар сандиқни сувдан чиқариб олиб Фиръавннинг хотинининг олдига олиб борганини кўрди.
Бу ҳодисадан Аллоҳга таваккул этган ҳолда тадбир қўллаш самарали бўлиши кўзга ташланади. Чунки Аллоҳ таоло буни ҳукм этган. Алҳосил, бошқа оятларда ҳам буни кўрамиз. Масалан, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига тадбирли бўлишни тайинлайди, аммо тадбирининг Аллоҳнинг тақдирига моне бўлмаслигига ҳам даъват этади.
“(Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: “Эй ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз!” Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар” (Юсуф сурасининг 67-ояти).
Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам шу йўлни тутиб бир тарафдан қизини чақалоғининг орқасидан юборган, бир тарафдан Аллоҳга таваккул қилган.
Мусо алайҳиссаломнинг опаси ё саройда ишлаган ёки саройдагиларни таниган бўлса керак, Саройга кириб-чиқиб юрганлардан бири бўлган эса аскарларнинг эътиборини тортмасдан саройга кириб бораверган.
Кўнгиллар Аллоҳнинг измидадир
Ўшанда Мусони (алайҳиссалом) кўрган Фиръавннинг хотини унинг гўзаллигини кўриб ҳайратга тушади ва уни фарзанд қилиб олишни истайди. Қуръони каримда бу шундай тасвирланган: "Фиръавннинг хотини (унга): “(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирмангиз! Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак”, – деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эдилар (Қасас сурасининг 9-ояти).
Фиръавн бу ҳолатдан қанчалик шубҳаланмасин, хотинининг истагига қарши бора олмайди. Мингларча маъсум чақалоқни қатл этган бераҳм ва қаттол золим хотинининг кўнглига қарашга мажбур бўлади ва унинг бу чақалоқни сақлаб олишига моне бўлмайди. Чунки қалблар Аллоҳнинг қудрати остидадир.
Фиръавннинг аёли болани бағрига босади. Ўшанда Мусо (алайҳиссалом) бир неча кунлик ёки бир неча ҳафталик чақалоқ эди. Албатта, қорни очиб йиғлай бошлайди. Уни эмизиши мумкин бўлган бир онага эҳтиёж туғилади. Дарҳол жарчи хабар чақириб янги кўзи ёриган оналарини саройга чорлайди.
Фиръавн асраб олган болани эмизадиган онага, албатта, яхши ҳақ берилади. Шунинг учун эмизикли аёлларнинг ҳаммаси саройга ошиқади. Бироқ қанчалик ҳаракат қилмасин маъсум гўдак ҳеч қайси сут онани эммайди.
Одамлар бу чақалоқнинг қорни оч қолса ҳам эммаётганига ҳайрон бўлади. “Бу бошқа чақалоқларга ўхшамайди”.
Аллоҳ таоло келажакда пайғамбарлик вазифасини юклайдиган чақалоққа онасининг сутидан бошқаларнинг сутини ҳаром этган. У ҳам қорни оч бўлгани ҳолда рўза тутиб, ўзига таъқиқланган сутларни эмишга яқинлашмаган.
Ана шу ҳолат Мусо алайҳиссаломнинг ўз онасининг ҳимоясида унинг тарбиясини олиб улғайишига сабаб бўлган. Ояти каримада бир сирадир укасига яқин жойларда туриб, уни кўриб турган Мусо алайҳиссаломнинг опасининг бу ҳолатда қандай оқилона йўл тутгани бундай тасвирланган: "Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): “Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (доялик қиладиган) бир оилани кўрсатайми?” – деди (Қасас сурасининг 12-ояти).
Ояти каримадан кўринадики, Мусо алайҳиссаломнинг опаси ғоят тўғри йўл тутган. Бир сира ўзининг ким экани ва чақалоқнинг ўзига ким эканини боплаб сир тутган, ҳеч кимсада шубҳа ҳам уйғотмаган. Қулай вазият туғилишини сабр-тоқат қилиб кутиб туради. Улар сут она тополмай чорасиз қолганидан сўнг бу таклифни айтади. Сабрли, диққатли ва ўнғай вақт келгани заҳоти жасоратли ҳаракат қилгани натижасида онаси яна укасини бағрига олишига сабабчи бўлади.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси амалга ошди
Мусо алайҳиссаломнинг онаси саройга чақирилди. Муҳтарам она Аллоҳнинг танлаган расулларидан бири бўладиган боласини қучоғига олгани заҳоти ҳеч кимсани эммаган чақалоқ дарров онасини эма бошлайди. Буни кўрган Фиръавннинг хотини ҳақ олиш эвазига эмизиб тарбияласин деб чақалоқнинг ўз онасини ёллайди.
Бу ҳодисадан аёлларнинг ҳам мушкул ишларни ғоят ақл ила идора эта олиши, золимларнинг зулми остида ҳам мардонавор ҳаракат эта олишга қодир экани кўринмоқда. Демак, золимлар халқни қўрқитмоқ ва итоат эттирмоқ учун нима қилса, қилаверсин, Аллоҳга самимият ила иймон келтирган кўнгилларга У ўз хазинасидан жасорат ва азму шижоат бериб қўяди.
Золимлар назарига илмаган, хизматчилик қилишдан бошқа ишга ақли етмайди деб ўйлаган аёллар Фиръавнни ва аскарларини доғда қолдирди ва бутун тузумини остин-устун қилди. Чунки Аллоҳ истаганини қилади, золимларнинг фитна ва ҳийлалари Аллоҳнинг тақдири қаршисига асло чиқа олмайди.
Ушбу воқеанинг ибратини қарангки, Фиръавн ўлдирмоқчи бўлган болани ўз ҳимоясига олди, унинг онасига эса ўз боласини эмизгани учун сут оналик ҳақини тўлайди.
Ана Аллоҳ таолога таваккул қилган ва Унинг динига хизмат этмоқ учун фидокорлик кўрсатишнинг мукофоти… Шубҳасиз, Парвардигор бандаларига ваъда этган неъматларни икки дунёда ҳам бермоққа қодирдир.
Бу ҳодисада Аллоҳ кибрли ва золим Фиръавнга Ўзининг қудратини исбот этгани каби Мусо алайҳиссаломнинг онасига берган ваъдасини ҳам амалга оширган. Мутакаббир ва бераҳм Фиръавн ниҳоятда золим бўлишига қарамай, ўзи ашаддий душман деб ҳисоблаган муҳожирларнинг чақалоғига меҳр қўяди.
Мусо алайҳиссаломнинг онаси эса заиф ва мазлумлигига қарамай, Аллоҳнинг ёрдамига эришган, жонидан ортиқ севган фарзандига яна қовушган, уни покиза сути билан озиқлантириб улғайтирган. Шундай экан, Рабби ва Мавлоси Аллоҳ таоло бўлган бандаларнинг қўрқишига ҳеч қандай сабаб йўқдир.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни келажакда юкланадиган вазифаларга тайёр бўлсин, иймони қувватлансин, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканига яқиндан инонсин дея шундай бир ибратли ҳаёт ҳикояси ила етиштирди.
Бинобарин, бу воқеанинг баъзи ҳикматлари Қуръони каримда бундай ифода этилган: “Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари қувониши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун онасига қайтардик Лекин кўпчилиги (бунинг ҳикматини) билмайдилар (Қасас сурасининг 13-ояти).
Сўнгра Мусо алайҳиссалом бошидан кечган ҳодисалар-ла улғайиб камолга етган. Аллоҳнинг улул-азим пайғамбарларидан бири бўлган. Ана шу ҳодисада биз учун катта бир ибрат бор. Золимлар қанчалик тузум тузоғини қурсалар ҳам Аллоҳ таоло истаса фиръавнларнинг саройларида мусоларни етиштирмоққа қодирдир.
Шунингдек, бу воқеада аёлларнинг севги ва марҳаматининг не қадар буюк ва катта кучга эга экани кўринади. Одатда, аёлларнинг мулойим ҳислари эркаклар дунёсида хор ва забун туйғулар бўлиб кўринади. Ҳолбуки, дунё юзида неча урушлар, низолар, рақобатлар бир кўпик каби келиб кетади. Аммо Аллоҳ инсон кўнглида яратган соф ва пок севги худди булоқ суви каби ҳамма вақт қайнаб чиқишда давом этади. Аслида асл гўзалликларни етиштирган ҳам ана шу муҳаббатдир.
Золимларнинг ёқиб йиқитганлари, қатл этганлари, ариқ-ариқ қонлар тўкишига қарши Аллоҳ таоло аёлларнинг кўнглидаги севги, марҳамат, сабр ва фидокорлик ила янги насллар етиштирди. У насллар орасида ўша замонда Мусо алайҳиссалом каби пайғамбар етишган бўлса, келажакда ҳам Аллоҳнинг кўплаб севган бандалари, олимлар, сиддиқлар етишиб чиқди.
Бугун ҳам мўмина оналар иймон ва муҳаббат билан фарзандларини улғайтиришда давом этмоқда. Улар Аллоҳдан фарзандларининг Ўзи рози бўладиган бандаларидан бўлиб вояга етишини сўраб дуолар қилади.
Раббимиз аёлларимизга ана шундай муҳтарама аёллар йўлидан давом этишни насиб айласин.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.