Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Август, 2026   |   4 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:06
Қуёш
05:34
Пешин
12:27
Аср
17:18
Шом
19:24
Хуфтон
20:47
Bismillah
17 Август, 2026, 4 Рабиъул аввал, 1448

Рўза ибодати – бандалар учун Аллоҳнинг раҳматидир

07.06.2017   74257   4 min.
Рўза ибодати – бандалар учун Аллоҳнинг раҳматидир

Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни ҳоҳлаганида эди. Уларга Рамазон ойи ва Ихлос сурасини ато қилмас эди.”( Ҳазрати Али р.а)

Рамазон меҳру-мурувват, хайр-у саховат ойи. Рамазон қалб, руҳ ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимиз ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровеҳ намозларию хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан баҳраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар кўпайтириб бериладиган, фазилатли, барокатли ой. Зеро, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини ҳохлар эдилар”, - деганлар. Рамазон ойида аввало қалбни поклаш, агар бир-бири билан хусуматлашган бўлса, гина ва хусуматларни унутиб бир-бири билан ярашиш, қўни-қўшни маҳаллада,   қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёрдам қўлини узатиш, қариндошларга сийлаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишлигу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг ҳаққига тажоввуз қилишдан сақланишликка бу ишларни амлга оширишлик билан бўлади. Бир ойлик эртаю-кеч қилинаётган анна шундай қизғин ибодатларга мукофотўлароқ гуноҳларимиз мағфират қилинади, айбу нуқсонларимиз кечирилади. Шунинг учун бу ойнинг авали раҳмат, ўртаси мағфират, ниҳояси дўзахдан нажотдир.

Рамазон ойи покланиш ойи экан, аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса, бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки, қалби покиза одамдан доимо яхшилик умид қилинади. Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар улуғ уламоларимизнинг сўзлари, мадҳлари, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақидаги таърифларнинг гултожи Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни: Бақара сурасининг 185-оятида: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон тушурилгандир. Сизданким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз”.

Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Рўза Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги бир махфий аҳдлашувдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” дейди. Чунончи, бошқа ҳар турли ибодатнинг савобини фаришталар ёзадилар. Магар, рўза борасида фаришталар “Бу банда рўза тутди” деб ёзадилар, холос. Унга бериладиган савоб ва мукофотни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Бунда бир нозик жиҳат бор, уни яхшилаб тушуниб олайлик, ҳар бир берувчи ўзининг даражасига кўра беради. Фараз қилайлик, бирор тиланчи келиб мендан сўраса, мен ўзимнинг ҳолатимга мувофиқ, унга бир сўм бериб юбораман. Агар айни шу тиланчи бирор мулкдор одамдан сўраса, у бир сўм беришга уялади. Эҳтимол, у унга минг сўм бериб юбориши мумкин. Агар айни шутиланчи бирор мамлакатнинг подшоҳидан бориб сўраса, у минг сўм беришга уялади. У унга юзминг сўм бериб юборади, балки миллион сўм бериб юборар. Ундан кам бермайди. Дунёнинг буюк шахслари ўзларининг даражаси ва ҳолатига кўра берганларида, бу ўринда шуни англаб олиш лозимки, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни рўза ибодатига савоб берганда, Ўзининг буюклигига мувофиқ беради.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон савобларидан баҳраманд айласин. 

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим

юрти мударрисаси Ҳуснигул Ҳалимова

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   24921   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари