Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446

Рамазондаги энг улкан мукофот

05.06.2017   79985   6 min.
Рамазондаги энг улкан мукофот

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсувчидир, сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, у:  “Мен рўзадорман”, десин. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман.  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган. Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий,  Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Шарҳ: “Рўза тўсувчидир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ўринда “الصيام جنة” “ас сиёму жуннатун” дейилган. Бу ерда араб тилидагижуннатун” сўзи  тўсувчи деган маънони англатади. Ушбу сўз ҳар қандай тўсадиган нарсага  нисбатан ишлатилади. Рўза ҳам тўсувчидир, у инсонни ёмон ишлардан ва турли  гуноҳлардан сақлаб дўзахдан тўсади. Чунки рўза шаҳватлардан тийилишдир, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган. 

Ибн Асир розияллоҳу анҳу: “жуннатун” сўзининг маъноси – рўза  рўзадорни шаҳват ва шунга ўхшаш азият берадиган нарсалардан ҳимоя қилиб туради деган маънони билдиради”, дейди.

Имом Иёз розияллоҳу анҳу айтади: “Рўза инсонни гуноҳдан, дўзахдан сақлайди”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга  ёқмайдиган амаллар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган” дедилар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).

Яъни, жаннатга кириш осон эмас, ёқмайдиган нарсалардан мурод бу –мусибат ва ибодатлардаги қийинчиликларга сабру бардошли бўлиш ва гуноҳлардан тийилишдир.

Усмон ибн Абул Ос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизнинг жангдаги қалқонингиз каби, рўза сизнинг қалқонингиздир” деганларини эшитдим (Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).

“Сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёқи уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин”.    Бу жумлаларда ғоят юксак одоб-ахлоқ ҳақида сўз бормоқда. Рўзадор одам турли хилдаги беҳуда, фаҳш,  уятсиз ва номақбул сўзлардан ўзини тийиши лозим. Ғазабланмаслиги, шовқин-сурон қилмаслиги, ҳалим, ширин сўзли бўлиши керак.   Агар у билан бошқалар жанжаллашмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у вазминлик ила рўзадорлигини маълум қилади. Жанжалталаб кишига рўзанинг ҳурматидан беодобликни тарк қилишини эслатсин ва ўзи ҳам бундай ишлардан тийилсин.    

“Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ёқимсиз ҳидни “خلوف”, “халуф” деб аталган. Маълумки, рўзадор инсоннинг оғзида кўп вақт таом емаганидан нохуш ҳид пайдо бўлади. Рўза туфайли пайдо бўлган ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таоло наздида мушку анбарнинг ҳидидан-да, ёқимли эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидладилар.   

“Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман,  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган”.

Бу жумлада қудсий ҳадис  ривоят қилинмоқда.  Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло: “Одам  боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.

Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб,   Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлиқ қилишдан  шаҳватини тияди.

Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.

Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.

Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон  ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.

Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини  тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.

“Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”  бошқа ривоятда бундай дейилган: “...Бир яхшиликка унинг ўн баробаридан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилур”. Охиратда барча ибодатлар ва яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва савоблар миқдорининг қанча берилиши айтилган. Аммо фақат рўзанинг охиратдаги мукофотининг миқдори  қанчалигини ҳеч ким билмайди, буни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

Демак, Рамазон биз учун катта имконият ойидир. Билиб-билмай қилган хатою камчиликларимизни кечиришини  Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун ғанимат фурсатдир. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни улкан мукофотларга сазовор қилсин! 

“Умдатул Қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асари асосида Ургут шаҳар бош имом-хатиби Шоди  ҲАҚБЕРДИЕВ ва “Ислом нури” газетаси махсус мухбири Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади

21.04.2025   1114   1 min.
Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади

Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.

Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди. 

Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.

Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.

Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб  дуо қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади Қатар вақф ва ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ривожланади
Ўзбекистон янгиликлари