Миллатимиз қуёши ҳазрат Навоийнинг “Муножот”ида “Парвардигоро, менинг гуноҳларим жуда ҳам кўп. Аммо Сенинг раҳм-шафқатинг ундан-да кўпдир” мазмунидаги илтижоси бор.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, айни жазирма иссиқ бўладиган июнь ойида рўзадор бандаларини ва уларнинг шарофати ила рўза тутмаганларни ҳам шундай ажойиб ҳаво билан сийлаб турибди. Юртдошларимиз “Тошкент мўъжизаси”, деб таърифлаётган “Ислом ота” масжидида таровеҳ намози ўқилмоқда. Фарғона йўли ҳозирги кенгайтирилган ҳолида бир тарафдан “Электроаппарт” заводи атрофигача, иккинчи томондан “Фарғона” деҳқон бозорига қадар машина билан тўлган.
Қориларнинг ширали овози тун пардасини ёриб атрофдаги маҳаллаларга таралади. Бундай ажойиб қироатни тинглаган кишилар маст бўлади. Кўнгиллари кўтарилиб, кўзларига ёш қалқади. Қалбининг туб-тубидан Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий муҳаббатини ҳис қилади. Шундай шукуҳли кунларга етказганига, қалбига иймон нурини жойлаганига шукр қилади.
Ана шундай файзли дамларда масжидда, намозхонлар сафида бўлиш қандай буюк саодат. Зотан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).
Кеча ичида фарздан кейинги энг афзал намозни ўқисангиз, яна катта жамоатнинг ичида бўлсангиз, бундан ортиқ бахт борми!..
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати