Яратганнинг марҳамати билан Рамазон ойининг биринчи жумасини ўқишга мушарраф бўлдик.
“Бурунлари рўза тутганда куннинг ўтиши қийин бўларди, ойнинг тўлишини-ку гапирмай қўяверинг. Айниқса, таровеҳ намозида соатлаб тик туриш азоб эди. Ҳозир эса бир зумда кун ботиб қўяди. Рўзанинг қандай ўтаётганини сезмай қолаётганга ўхшайман, Таровеҳда ҳам чарчамаяпман, аксинча, сўз билан таърифлаб бўлмас даражада ҳузур қиляпман.
Ўша қийналиб рўза тутиб таровеҳ ўқиб юрган кезларда, ёшликда шунча қийинчилик, ёшим улғаяверса, амаллаб уйда ўқиб қўя қоламан чоғи, шу таровеҳни деб юрардим. Аксинча, энди кучга тўлиб бораётганга ўхшайман”, дейди бир маҳалладошимиз намоздан қайтаётиб суҳбатлашганда.
Қандай ажойиб инсон у. Унинг иймони зиёда бўлгани боис ана шу ўзгаришлар юз бераяпти. Бу катта давлат ахир, шундай эмасми!
“Холид ибн Волид” жоме масжидига йиғилган намозхонларга куч-қувват, сабр-матонат иймон ва ниятга қараб бўлиши ҳақидаги амри маъруф айни шу масалада бўлди.
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати