Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Рўзадор аёлларга хос ҳукмлар

02.06.2017   40668   4 min.
Рўзадор аёлларга хос ҳукмлар

Рўзанинг фарзи айн эканига Бақара сурасининг 183-ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар...”

Ушбу оятдан рўза тутиш ҳар бир имон келтирган эркак ва аёлга фарзлиги маълум бўлмоқда. Демак, аёллар ҳам рўза тутар эканлар, рамазон ва унга оид айрим хукмларни билиб боришлари лозим:

  • Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса, лаб ташқи аъзо ҳисоблангани сабаб рўзаси очилмайди.[1]
  • Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади.
  • Ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутиши, ёлғиз қолганида ҳам рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриши ҳаром саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши рамазонга ҳурмат ва ҳаё саналади.
  • Субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилиши мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлиши лозим.

Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан бири: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир.[2]

  • Субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл: агар ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмаса-да рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.
  • Рамазон ойида субҳи содиққача ғусл қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади.[3]
  • Аёл киши рўзадор ҳолатида гинеколог текширувидан ўтса, бу ҳолатдаги аёл ҳукми шуки: унинг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарса кириши билан рўзаси очилади.

Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек, қуруқ бармоғининг ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади.[4]

  • Аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида: одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса, рўзаси очилмайди агар сув кирганлиги аниқ бўлса рўзаси очилади.
  • Аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олса ичкарига нарса киргани боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва бу билан рўзадор ҳолатида ҳам юрса рўзаси очилмайди. Орқа аъзосига киргизилган давонинг ҳам ҳукми шундай.
  • Касал, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар, ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари лозим бўлади.
  • Каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса, қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган рўзасини қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач, давом эттириб кетаверадилар.
  • Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир (нифос эса мустасно эмас).[5]

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси Қутбидинова Маҳарам Эшонхон қизи тайёрлади.

 

[1] “Китабул Фатава”, Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний

[2] “Бадоиъус Санойиъ”, Алоуддин Косоний

[3] “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн

[4]  “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн

[5] “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маккада Қуръони карим бўйича халқаро мусобақа бошланди

07.08.2026   20418   1 min.
Маккада Қуръони карим бўйича халқаро мусобақа бошланди

Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.

ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.

Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.

Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."

Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.

Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:

Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари