1-ФАТВО
Таҳорат қилаётганда кўзлар қаттиқ юмилмайди. Акс ҳолда, кўз атрофларига сув етмаслиги натижасида таҳорат чала бўлиб қолиши мумкин. Кўзлар эркин юмиб турилади. Очиб, ичига сув етказиш шарт эмас.
«Оламгирия», «Сирожия», «Қозихон», «Муҳит».
2-ФАТВО
Таҳорат ва ғуслда шол одам оёғини, гарчи кесганда ҳам сезмайдиган даражада бўлса-да, ювиши вожибдир.
«Оламгирия», «Татархония», «Ятима».
3-ФАТВО
Оёқларини ёғлагандан сўнг ювса, ёғ остига сув ўтишига тўсқинлик қилса ҳам, таҳорати дуруст ҳисобланади.
«Оламгирия», «Захира».
(4-ФАТВО)
5-ФАТВО
Ёмғир остида қолган ёки оқаётган ариққа тушган кишининг ҳамма аъзосига сув етган бўлса, таҳоратга ҳам, ғуслга ҳам ўтади. Фақат оғзи билан бурнини чайиши керак бўлади.
«Оламгирия», «Сирожия».
6-ФАТВО
Бошига масҳ тортмасдан ювса ҳам, масҳ ўрнига ўтади, лекин бу макруҳ саналади.
«Оламгирия», «Муҳит».
7-ФАТВО
Сув билан истинжо қилишдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам икки қўлни уч марта ювиш керак. «Бисмиллоҳ»ни авратни очмай туриб бир марта, истинжодан кейин авратни ёпгач, яна бир марта айтиш афзалдир.
«Оламгирия», «Қозихон».
8-ФАТВО
Мисвок ишлатиш эркаклар учун суннат. Аёлларнинг сақич чайнаши мисвок ўрнига ўтади.
«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».
9-ФАТВО
Таҳоратда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннат. Агар уч марта тўлиқ ювганига шак-шубҳа қилса ёки таҳорат устига таҳорат бўлсин, деган ният билан уч мартадан кўп ювса, жоиздир.
«Оламгирия», «Ниҳоя», «ас-Сирожул-ваҳҳож».
10-ФАТВО
Бўйинга масҳ тортиш – мустаҳаб. Лекин томоққа масҳ тортиш – бидъат.
«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».
11-ФАТВО
Масжидда муайян бир жойни ўзи учун хослаб олиш макруҳ бўлганидек, таҳорат қилиш учун ўзига хос идиш тутиш ҳам макруҳдир.
«Оламгирия», «ал-Важиз».
12-ФАТВО
Қулоғидан йиринг оқса, қаралади: агар оғриқ билан оқса, таҳорат синади. Акс ҳолда, синмайди. Зеро, оғриқ қулоқ ичидаги жароҳатдан далолатдир.
«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Сирожия».
13-ФАТВО
Эгарсиз уловга минган одам ухлаб қолса, қаралади: агар текисликда кетаётган ёки баландликка ўрмалаётган бўлса, таҳорати синмайди. Борди-ю, пастликка тушаётган бўлса, таҳорати кетади. Эгарда ухлаб қолса, таҳорати бузилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит».
14-ФАТВО
Чўзилиб ётган ҳолда мудраш икки хил бўлади:
Бири – қаттиқ мудраш бўлиб, одамларнинг гурунгини эшитмай, англамай қолади. Оқибатда таҳорат синади. Иккинчиси – енгил мудраш, бунда одамларнинг гурунгини эшитиб ётади. Шу боис таҳорат синмайди. Ухлагандан ёки ел чиққандан кейин таҳоратни янгилаганда, сув билан «истинжо» қилинмайди.
«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Қозихон».
15-ФАТВО
Ғуслда киндик ичига бармоқ билан сув киритиб ювиш ҳам вожиб амаллардандир.
«Муҳит».
16-ФАТВО
Ғусл олдидан таҳорат қилганда бошига масҳ тортади. Ундан кейин бошига сув қуйиб, барча аъзоларини уч бор ювади.
«Оламгирия», «Зоҳидий».
17-ФАТВО
Ғусл қилмоқчи бўлган одам ниятни дилида қилиб, қўлини ювиш олдидан «Бисмиллоҳ»ни айтади ва истинжо қилади.
«Оламгирия», «ал-Жавҳаратун-наййира».
18-ФАТВО
Ғуслда сувни ортиқча исроф қилмаслик, шунингдек, ҳаддан зиёд тежаб юбормаслик, қиблага юзланмаслик суннат даражасидаги амаллардандир.
«Оламгирия».
19-ФАТВО
Ғуслда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш, биринчи мартасида ишқалаб ювиш, ювиниш асносида имкони борича гапирмаслик, ювиниб бўлгач, сочиқ билан артиниш суннат амаллардандир.
«Оламгирия», «Муня».
20-ФАТВО
Жунуб бўлган киши ухлашдан олдин ғусл қилиб олгани яхши. Лекин намоз вақти яқинлашгунга қадар ухласа ёки икки қўли ва оғзини ювиб овқатланса, зарари йўқ.
«Оламгирия».
21-ФАТВО
Жанобатдаги, яъни жунуб бўлган одам намоз вақти киргунга қадар ғусл қилмай турса, гуноҳкор бўлмайди. Зеро, таҳоратсиз одамга таҳорат қилиш, жанобатдаги ва ҳайз ёки нифосдан чиққан аёлга ғусл қилиш намоз ўқиш ёки бошқа таҳоратсиз ҳолда қилиб бўлмайдиган амалларни бажариш олдидан вожиб бўлади.
«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Муҳит».
22-ФАТВО
Ишлатилган сув (оби мустаъмал) Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, пок-таҳоратли одамнинг қўл, оёқ ёки баданига ёпишган лой, хамир ёхуд кирларни кетказиш учун ишлатган суви «оби мустаъмал»га айланмайди. Демак, уни тиндириб, яна ишлатса бўлади. Салқинлаш мақсадида чўмилишга ишлатган суви ҳам мустаъмал ҳисобланмайди, балки таҳорат, ғусл, нажосатни кетказиш кабилар учун ишлатилган сув, Имом Муҳаммаддан (р.ҳ.) бошқалар наздида, нопоклик сифатини олади.
«Оламгирия», «Қозихон».
23-ФАТВО
Жанобатдаги одам ғусл қилаётганида сачраган сув идишдаги сувга тушса, зарари йўқ. Аммо баданидан оқаётган сув идишга қуйилиб тушса, уни нопок қилади.
«Оламгирия», «Хулоса».
24-ФАТВО
Агар инсон қўлининг кафтини мушук ялаган бўлса, қўлини ювиб намоз ўқиши лозимдир. Акс ҳолда, намозни макруҳлик билан адо этган саналади.
«Оламгирия», «Қозихон», «Табйин».
25-ФАТВО
Инсоннинг сочи тиғ билан ёки қайчи билан қирқиб олинса, тоза ҳисобланади. Юлиб олинган соч нопокдир.
«Оламгирия», «Ихтиёр».
26-ФАТВО
Сичқон мушукдан қочиб кетаётиб, идиш устидан сакраб ўтса, идиш ичидаги сув нопокка айланади. Зеро, у одатда, мушукдан қўрққанидан сийиб юборган бўлади.
«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».
27-ФАТВО
Бир марта ишлатилган сув (оби мустаъмал), Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, нажас, яъни нопок ҳисобланади. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, покдир. Лекин шунга қарамай, оби мустаъмал билан ҳўл қилинган сочиқ ёки унинг бадандан томчилаб тушишидан ивиган кийим билан намоз ўқиш, ҳар уч имом наздида ҳам, жоиздир.
«Оламгирия», «Бадое».
28-ФАТВО
Таяммум қилишда «Бисмиллоҳ»ни ўқиб, икки қўл бармоқларини очиқ тутган ҳолда, панжаларининг олди ва орқаси билан тупроққа ургандан кейин қўлларни бир-бирига ишқалаб, ёпишган чангларни енгиллатиш, олдин юзга, сўнгра икки қўлнинг тирсакларигача суртиб чиқиш суннат ҳисобланувчи амаллардандир.
«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».
29-ФАТВО
Ота билан ўғилда фақат бир кишига етадиган сув бўлса, у билан ота таҳорат қилади, ўғли эса таяммум билан кифояланади.
«Оламгирия».
30-ФАТВО
Оёқ кийимига масҳ тортишнинг шартларидан бири – пойабзалнинг камида уч кунлик сафарга ярайдиган бўлишидир. Яна бир шарти – пойабзал оёқнинг ошиқларини ёпиб туришидир. Ошиқдан устки қисми ёпилган бўлиши шарт эмас.
«Оламгирия», «Қозихон».
31-ФАТВО
Бир оёғида жароҳати борлигидан уни ювиш ёки унга масҳ тортишнинг иложи бўлмаса, иккинчи оёғига масҳ тортиши мумкин. Шунингдек, оёғининг ошиғидан пастки қисми кесиб ташланган киши ҳам иккинчи оёғини ювиши ва пойабзал устидан масҳ тортиши жоиздир. Кесилган жойда уч бармоқ миқдори жой қолган бўлса, ўша жойга масҳ тортади. Ундан кам бўлса, тортмайди.
«Оламгирия», «Муҳит».
32-ФАТВО
Жанобатдан ғусл қилганда, баданида тангадек жой сув тегмай қуруқ қолган бўлса, ўша ерини пойабзал кийгандан кейин ювса, ҳадас (ифлослик) етгандан сўнг таҳорат қилганда пойабзалга масҳ тортаверади.
«Оламгирия», «Хулоса».
33-ФАТВО
Таҳорат қилганда тангадек жой ювилмай қолган бўлса, ўша ер ювилмагунча оёқ кийимини кийиб, масҳ тортиши жоиз эмас.
«Оламгирия», «Табйин».
34-ФАТВО
Яра устидаги матоҳ (бинт)га масҳ тортиш унинг остини ювиш билан баробардир. Шунга кўра, бир оёғига масҳ тортиб, иккинчи соғ оёғини ювган одам ҳар икки оёғини ювган ҳисобланади.
«Оламгирия», «Табйин».
35-ФАТВО
Бир оёғидаги жароҳат устига масҳ тортгач, иккинчи оёғини ювиб, шу соғ оёғига пойабзал кийиб олса, кейинги таҳорат қилганда масҳ тортиши жоиз эмас. Аммо иккала оёғига пойабзал кийиб олса, масҳ тортаверади.
«Қозихон», «Оламгирия», «Муҳит».
36-ФАТВО
Оёқ кийимларига масҳ тортиб қўйишни бошқа кишига буюрса ҳам жоиздир.
«Оламгирия», «Хулоса».
37-ФАТВО
Туғилган икки чақалоқ эгизак ҳисобланиши учун иккинчи чақалоқ икки ойдан кам муддатда туғилган бўлиши шарт. Агар иккисининг оралиғидаги муддат олти ой ёки ундан кўп бўлса, улар икки ҳомила ва икки «нифос» болалари ҳисобланади.
«Оламгирия», «Табйин».
38-ФАТВО
Ҳайздаги аёл, шунингдек, жунуб кишига Қуръон оятларидан ўқиш тақиқланади. Лекин турли хил дуолар, азон жавоби, «Қунут дуоси» кабиларни ўқиши мумкин.
«Оламгирия», «Заҳирия», «Сирожия».
39-ФАТВО
Жунуб кишилар, ҳайз ва нифосдаги аёллар Қуръонни ўқимасдан, оятларига қарашлари мумкин. Оятларни ёзишлари ҳам жоиз эмас.
«Оламгирия», «Жавҳара», «Захира».
40-ФАТВО
Бурнидан ёки ярасидан тинмай қон оқаётган киши намозни охирги вақтигача кутади. Қон тўхтаса, яхши, йўқса, вақт чиқиб кетмасидан олдин таҳорат қилиб, намозни ўқийверади.
«Оламгирия», «Захира».
41-ФАТВО
Идишдаги мойга сичқон тушган бўлса, қаралади: агар қуюқ, қотган мой бўлса, сичқон атрофидаги тегиб турган мойлари билан қўшиб олиб ташланса, қолган мой тоза ҳисобланади. Борди-ю, мой суюқ бўлса, нопок бўлади ва овқатдан бошқа, ейилмайдиган нарсаларга ишлатилади.
«Оламгирия», «Хулоса».
42-ФАТВО
Ҳожатхонадаги пашшалар кийимга қўнса, зарари йўқ. Аммо улар кўп бўлса, кийимни нопок қилади.
«Оламгирия», «Қозихон».
43-ФАТВО
Нопок тупроқ сувга ёки нопок сув тупроққа аралаштирилиб лой қилинса, у нажас ҳукмидадир. Лекин шу лойдан ясалган идишларда пиширилган овқат тоза ҳисобланади.
«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса».
44-ФАТВО
Сут соғилаётганда ҳайвоннинг қумалоғи сутга тушса, дарҳол олиб ташланса, сут нопок бўлмайди. Аммо у чайилиб кетса, идишдаги бор сут нопокка айланади.
«Оламгирия», «Қозихон».
45-ФАТВО
Истинжода адад белгиланмаган, балки бир мартада тоза бўлса, шунинг ўзи кифоя. Аммо уч мартада ҳам тоза бўлмаса, истинжо чала қилинган ҳисобланади.
«Сирожия», «Оламгирия», «Музмарот».
46-ФАТВО
Истинжода фақат чап қўлидан фойдаланади. Узрли ҳолатлардагина ўнг қўл ишлатилади. Олатдан сийдик чиқмай қолгунга қадар учига чап қўлда кесак каби намликни ўзига шимиб оладиган нарсани тутиб туриш вожибдир. Бу «истибро» дейилади.
«Оламгирия», «Зоҳидий», «Заҳирия».
47-ФАТВО
Ҳар ким истиброни кўнгли қарор топгунга қадар давом эттиради. Сўнгра шайтоннинг васвасасига эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Масалан, таҳорат қилиб, намоз ўқиб турганида сонига совуқ нарса теккандек сезилади. Кўпинча бу сийдик томчиси эмас, балки шайтоннинг чалғитиш учун қилган ишидир. Шунинг учун сув билан истинжо қилган пайтда олати ва сонларига сув сепиб қўйиш тавсия этилади. Шунда шайтон васваса қила олмайди.
«Оламгирия», «Қозихон», «Музмарот», «Заҳирия».
48-ФАТВО
Ўзи таҳорат қилишга қодир бўлмаган беморга ўғли ёки биродари таҳорат қилдириб қўяди. Лекин хотини бўлмаса, истинжо қилдирилмайди. Бунда истинжо унинг зиммасидан соқитдир. Бемор аёл ҳукми ҳам худди шундай. Унга қизи ёки опа-синглиси таҳорат қилдиради. Лекин истинжо соқит бўлади.
«Оламгирия», «Муҳит», «Қозихон».
49-ФАТВО
Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ ила чиқилади. У ерда гапирилмайди, саломга алик олинмайди, азонга, аксирган кишига жавоб айтилмайди, ўзи аксирса, дилида «Алҳамду лиллоҳ» дейди, тилини қимирлатмайди, авратига, ахлатига қарамайди, тупурмай, бурнини қоқмай, йўталмай, кўзини осмонга қаратмай ўтиради. Иложи борича узоқ ўтирмасликка ҳаракат қилади.
«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».
50-ФАТВО
Қудуқдан сичқон ёки қуш ўлиги топилса, қаралади: агар гўшти айниб, ҳидланган бўлса, шу қудуқ суви билан таҳорат қилиб ўқилган уч кунлик намоз қайта адо этилади. Борди-ю, айнимаган бўлса, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сўзига кўра, бир кеча-кундузги намоз қайта ўқилади.
«Қозихон».
51-ФАТВО
Товуқнинг янги туққан тухуми сувга тушса, сувни нопок қилмайди.
«Қозихон».
Изоҳ:
Бу фатвонинг аҳамияти шундаки, одатда, ҳеч ким тухум тушган сувни истеъмол қилмайди. Лекин айрим саводхонлар қозонга ёки идишга хом тухумни чақиб оқизса, у ҳаромга айланади, чунки тухум пўчоғининг устки қисми нопок. Унга тегиб тушган суюқлик ҳам нопок бўлади, деб одамларни шубҳага солиш ҳоллари учраётгани учун мазкур фатвони топиб ёзишга тўғри келди. Демак, тухум пўчоғининг устки қисми шаръан тоза ҳисобланар экан.
52-ФАТВО
Дарахт танасидан чиққан ва турли мевалардан сиқиб олинган сувлар билан таҳорат қилиш мумкин эмас.
«Қозихон».
53-ФАТВО
Жунуб киши оғзини чаймай туриб, сув ичса, қаралади: агар у фақиҳ бўлса, ичган суви оғизни чайиш ўрнига ўтмайди. Зеро, фақиҳ киши сувни оғизнинг ҳамма жойига тегадиган қилиб ичмай, истиҳола билан сўриб ичади. Илмсиз киши бўлса, ичган суви оғиз чайиш ўрнига ўтади. Зеро, у сўриб ичмай, оғзини тўлдириб, ҳўплаб ичади. Натижада, сув оғизнинг ҳамма жойига тарқалади.
«Қозихон».
54-ФАТВО
Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг сийдиги, Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, нажас, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, енгил нажас, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, тоза ҳисобланади.
«Қозихон».
55-ФАТВО
Товуқ, ўрдак, ғоздан бошқа гўшти ҳалол паррандаларнинг ахлати тоза ҳисобланади. Инсон, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг ахлати нажасдир. Лочин, калхат каби йиртқич қушларнинг ахлати кийимни бенамоз қилмайди. Пашша, бит, бурга қони ҳам шундай.
«Қозихон».
56-ФАТВО
Аввалги даврларда овчилар ўзлари овлаган ҳайвонларнинг тишларини бўйинларига осиб олишлари урф бўлган. Бундан одамлар ўртасида ўз касбидан фахрланиш мақсад қилинган ва асло тумор маъноси кўзланмаган. Шариатимизга кўра тўнғиздан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг тиш ва суяклари пок саналади. Фуқаҳоларимиз ушбу масалани қуйидаги фиқҳий мисол орқали ифодалаганлар: "Бир киши бўйнига ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқ илган ҳолда намоз ўқиши мумкин" (Қозихон). Бу фатводан кўзланган асосий мақсад, тўнғиздан бошқа барча ҳайвонларнинг хоҳ гўшти ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром бўлсин суяги ва тиши пок экани, мабодо намоз ўқигувчи билан бирга (масалан, чўнтагида) суяк ёки тиш бўлса, намози дуруст бўлишини баён қилишдир. Лекин, бу фатвода ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқларни тақишга тарғиб йўқ. Аксинча бундай тақинчоқларни тумор сифатида (нотўғри эътиқодлар билан) тақиш бугунги кунимизда урф бўлди. Буни эса мумкин эмаслиги ҳаммага маълум.
57-ФАТВО
Қўй сўйилганда пичоқни унинг юнгига артиб, қон изи кетказилса, пичоқ тоза бўлади. Шунингдек, металлдан ясалган қилич каби бошқа тиғли нарсалар ҳам нажосатдан тупроқ ёки латта билан артиб тозаланади.
«Сирожия», «Қозихон».
58-ФАТВО
Қўйнинг калласи қонга беланган бўлса-да, уни куйдириб, сўнгра қозонга солиб, қайнатиб пиширилса, шўрвасини ичиш мумкин. Калла уни палид қилмайди.
«Қозихон».
59-ФАТВО
Гўштнинг устига сўйилганда оққан қондан теккан бўлса, уни ювмасдан ишлатиб бўлмайди. Аммо гўштнинг ўзида ёки томирларида қолган қон бўлса, зарари йўқ.
«Қозихон».
60-ФАТВО
Қозон қайнаб турганида, осмондан қуш учиб келиб ичига тушса, ундаги ҳамма нарса палид (нопок) бўлади ва тўкиб юборилади. Аммо қайнамай сокин турганида тушса, шўрванинг суви тўкиб ташланиб, гўшти ювиб, қайта ишлатаверилади.
«Қозихон».
61-ФАТВО
Икки қўли шол бўлиб қолган одам таҳоратга ҳам, таяммумга ҳам қодир бўлмаса, икки билагини тирсаклари билан ерга, юзини деворга суртиш билан таяммум қилиб, намоз ўқиши мумкин.
«Қозихон», «Нафъул-муфтий».
62-ФАТВО
Таҳорат қилгандан кейин мўйлабини, сочини қирса ёки тирноғини олса, таҳорат қайтадан олинмайди.
«Қозихон».
63-ФАТВО
Таҳорат ёки ғусл қилганда бадандаги мавжуд кир устидан ювилса, у сувни остига ўтказгани учун таҳорати ҳам, ғусли ҳам жоиз ҳисобланади. Аммо жунуб аёлнинг тирноқлари остидаги хамир ёки лойсувоқ қилган кишининг тирноқлари остида қолган лой қолдиқлари ёки бўёқ асоратлари сув ўтказиши тўғрисида ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар сув ўтказади, деб фатво берганлар. «Сирожия» китобида тирноқ остида хамир қолган бўлса, ғусл ўрнига ўтмайди, дейилган.
«Қозихон», «Сирожия».
64-ФАТВО
Жунуб кишига ғусл қилишдан олдин овқатланишга тўғри келса, қўлларини ювиб, оғиз ва бурнини сув билан чайиб овқатланиши мумкин.
«Қозихон».
65-ФАТВО
Жунуб киши пешоб қилмай туриб ювинган ва намоз ўқиган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, шундан кейин маний қолдиғи чиқиб қолгудек бўлса, Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.)наздида, ғуслни қайта қилади, Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида эса, бу ҳолда ғуслни ҳам, намозни ҳам такрорламайди.
«Қозихон», «Сирожия».
66-ФАТВО
Иштонбоғ (ёки камар) ит юнгидан қилинган бўлса, кийимни бенамоз қилмайди.
«Оламгирия».
67-ФАТВО
Сафарда жунуб, ҳайздан пок бўлган аёл ва маййит бирга бўлиб қолса ва уларда бир кишининг ғуслига яраша сув бўлса, қаралади: агар сув улардан бирига тегишли бўлса, ўша ишлатади. Борди-ю, сув учовига қарашли бўлса, ҳаммаси таяммум қилиб, сувни ичишлари мумкин. Агар сув эгасиз бўлса, жунуб ғусл, аёл таяммум қилади. Маййит ҳам таяммум қилдирилади.
«Қозихон».
68-ФАТВО
Истинжони таҳоратдан кейин қилса, таҳорати бузилмайди.
«Сирожия».
69-ФАТВО
Таҳорат қилгач, икки оёғини нопок ерга қўйса, қаралади: агар ер қаттиқ ва қуруқ бўлиб, узоқ турмай, дарҳол оёқларини ердан олса, зарари йўқ. Аммо оёқлари қуриган, ер эса нам бўлиб, оёқларига ўша намлик ўтса, уларни ювиши лозимдир.
«Сирожия».
70-ФАТВО
Гул, қовун, тарвуз сувлари, сут, сирка каби суюқликлар тоза ҳисобланади ва улар билан қўл, кийимлар ювилса, тоза бўлади, лекин улар билан таҳорат ёки ғусл қилинмайди.
«Сирожия».
71-ФАТВО
Таяммумни барча ер жинсидан бўлган нарсалар билан қилиш мумкин. Масалан, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, зирних (маргимуш), ёқут, маржон, зумрад, фируза, ғишт ва бошқалар. Аммо кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нарсалар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (р.ҳ.) сўзига кўра, тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан мумкин эмас. Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ердан олиниб, буюм ясалмай турган ҳолатида улар билан таяммум қилиш мумкин.
«Сирожия», «Нафъул-муфтий».
72-ФАТВО
Тўққиз ёшга етмаган қиз боладан ҳайз қони келса, у шаръан ҳайз ҳисобланмайди.
«Сирожия».
73-ФАТВО
Рўзадор киши таҳоратда оғзини ғарғара қилмай чаяди. Сув томоққа кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ғарғара қилиш макруҳ ҳисобланади.
«Нафъул-муфтий»,
«Ҳошиятул Виқоя».
74-ФАТВО
Қалин соқолли одам таҳоратда соқоли остига сув етказиши шарт эмас, балки устки қисмини ювиб қўяверади. Аммо соқоли сийрак киши соқоли остига сув етказиши фарз амаллардан ҳисобланади. Ғуслда эса, қалин соқол остига ҳам сув етказиш шартдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Шарҳи Ниқоя», «Бадое».
75-ФАТВО
Инсоннинг баданидан чиққан тер шаръан тоза ҳисобланади. Аммо муттасил арақ ичишга мубтало бўлган кишининг тери нажасдир.
«Сирожия», «Захоир».
76-ФАТВО
Оғиз тўлиб қайт қилиш таҳоратни синдиради. Аммо овқат ошқозонга етиб бормасидан қайт қилса, таҳорат синмайди.
«Сирожия»,
«Хизонатур-ривоёт».
77-ФАТВО
Балиқнинг ичидан чиқадиган қонга ўхшаш нарса қон ҳисобланмайди. У тозадир. Зеро, қон қуёшга тутилса, қорайиши керак. Балиқдан чиққан нарса эса офтобда оқаради.
«Нафъул-муфтий».
78-ФАТВО
Ит сувга беланиб силкинганида сачраган сув кийимга тегса, қаралади: агар сув ит юнгини остигача ивитган ва унинг кийимга теккан миқдори бир дирҳамча бўлса, кийим нопокдир. Борди-ю, ит юнгининг устки қисмигина ивиган бўлса, сачраган сув кийимни нопок қилмайди.
«Нафъул-муфтий», «Жомеъул-музмарот».
79-ФАТВО
Кийимнинг нажосат теккан ери унутилиб, уни топиш имкони бўлмаса, бир жойи қасд қилиниб, ювиб қўйилаверади. Шунингдек, хирмон янчиётган от-эшаклар тезагини ажратиб олиб ташлаш қийин бўлгани сабабли бир қисм дон олиб ювилса ёки ювмай эҳсон қилинса, янчилган доннинг ҳаммаси покланган бўлади.
«Мухтасар», «Нафъул-муфтий», «Хулоса».
80-ФАТВО
Гилам, палос каби сувини сиқиб чиқариш мумкин бўлмаган нарсаларга нажас теккан бўлса, улар бир кеча оқар сувга ташлаб қўйиш билан покланади.
«Нафъул-муфтий», «Фатҳул-Қадир», «Мухтасар».
81-ФАТВО
Суюқ асалга нажас тушса, уни поклаш учун ўнга икки миқдорида, яъни асалнинг бешдан бирича сув қўшиб қайнатилади. Сув буғланиб тамом бўлиши билан яна сув қуйиб, ушбу жараён уч марта такрорланади.
«Нафъул-муфтий», «Қуня».
82-ФАТВО
Бадан, кийим, идиш ва бошқа нарсаларни поклаш учун ишлатиладиган воситаларнинг турлари кўпдир. Масалан:
Агар дарахт ёки қамишдан кесиб ёки синдириб олинса ва унга нажас тегса, фақат ювиш ёки кесиб ташлаш билан тоза бўлади. Ерга ётқизиб терилган ғиштлар ҳам ер ҳукмидадир.
«Нафъул-муфтий».
83-ФАТВО
Кийим юпқалигидан йиртилиб кетмасин деб ювганда сиқмаган бўлса ҳам, зарурат юзасидан шу кийимда намоз ўқиш жоиз бўлади.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».
84-ФАТВО
Замзам суви билан ғусл қилиш жоиз, лекин истинжо қилиш макруҳдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».
85-ФАТВО
Дашт, саҳро жойлардаги тошлар устига сийиш, улар билан истинжо қилиш жоиз эмас. Зеро, тошли жойлар жинлар маскани ҳисобланади. Шунингдек, суяк ва тезаклар билан ҳам истинжо қилинмайди. Зеро, суяклар жинлар озуқаси, тезаклар эса (жинлар) уловларининг озуқасидир.
«Нафъул-муфтий».
86-ФАТВО
Қасддан бетаҳорат намоз ўқиган киши кофир бўлади. Имом Ҳалвоний сўзига кўра, таҳоратнинг фарзлигини билиб туриб, бетаҳорат намоз ўқиган киши зиндиқдир.
«Қозихон».
87-ФАТВО
Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил ўқиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
«Сирожия».
88-ФАТВО
Йиртқич қушларнинг оғзидан қолган сув ёки таом макруҳдир. Лекин улар қафас ёки бошқа иҳота қилинган жойларда тоза емиш билан боқилаётган, тумшуқлари нопок нарсадан ифлосланмаётган бўлса, уларнинг оғзидан қолган ёки оғзи теккан нарса макруҳ эмас. Бу Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзлари бўлиб, шундай деб берилган фатвони машойихлар маъқуллашган.
«Захоир».
89-ФАТВО
Катта ҳовуз ёки оқиб турган ариқ сувига ҳайвон тезаги ёки бошқа нажосат турларидан бири тушган бўлса, уни бирор идиш билан олиб ташлаганда шу идиш ва унинг ичидаги сув нопок бўлади. Ҳовуз ва ариқ суви эса поклигича қолади.
«Захоир».
Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди.
Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.
Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.
1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].
Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.
Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.
Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.
Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.
Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].
Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].
Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.
2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].
Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].
Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].
Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.
Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.
Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.
Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].
Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].
Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.
Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».
Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.
Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».
Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.
3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].
Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.
Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».
Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.
«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.
Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.
Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.
6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].
«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.
7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].
Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.
Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.
Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.
8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».
Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».
«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].
Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.
Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].
Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.
10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.
Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?
Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?
Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.
Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!
Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.
Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.
11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.
Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.
Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.
Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.