Моҳи Рамазоннинг шукуҳи юртимиз ора кезиб юрганда, тунлар ҳам гўё кундузгидай. Ҳатто бу тароватни фақатгина шаҳар ёки марказларда эмас, балки юртимизнинг энг чекка гўшалари мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Аллоҳнинг каломига мухлис бўлган юртдошлармиз ила гавжум бўлган масжидлар узра таралаётган зиё кўкка қулоч очгандай гўё. Дуога кўтарилган қўлларда эса ажиб бир ҳис бор. Чунки бу муборак ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод қилинишдек даражага бурканган.
Фарғона вилоятида ҳам моҳи маҳбубнинг илк кунидан 160 дан ортиқ масжидда 300 дан зиёд ҳофизи Қуръонлар иштирокида бошланган Каломуллоҳ хатми кеча-ю кундуз юртдошларимиз онгу шуурига ҳаловат бағишлаётир.
“Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча салавот айтадилар” (Доримий ривояти).
Ушбу дамларда ёшу қари қўлини дуога очиб – Ватани, халқи, оиласи тинч-омон, жисми ва руҳи ором топишини сўраб Яратганга илтижо айламоқда. Илоҳо, муборак ойда қилаётган дуо-ю илтижоларимизни Аллоҳ ижобат қилсин!
Қўштепа тумани “Муборак” жоме масжиди










Қувасой шаҳар “Ислом” жоме масжиди





Раҳматилло Жалилов,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати