Рамазон ойи ибодат ойи, Қуръон ойи бўлиш билан бир қаторда мутасаддилар учун масъулият ойи ҳамдир. Масжидларда намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, таровеҳ намози ва Хатми Қуръонларнинг тинч-осуда ўтишини таъминлаш мақсадида вилоят вакиллиги, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда масжид имом-хатиблари барча керакли ишлар, зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Жумладан,
27 май Рамазон ойининг илк кунида Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов, вилоят бош имом хатиби ўринбосари Ёқубжон Мансуров биргаликда Самарқанд шаҳридаги "Домла Камолиддин", “Абдуллоҳ ибн Аббос”, “Хўжа Исҳоқи Валий” масжидига ташриф буюрди.
"Домла Камолиддин" масжидида Пешин намозини, “Абдуллоҳ ибн Аббос” масжидида Аср намозини адо этиб берган вилоят бош имоми З.Эшонқулов ибодат ниҳоялангач йиғилганларга Рамазон ойининг фазилатлари, шукроналик ҳисси билан яшаш, бу ойдан унумли фойдаланиб қолиш борасида оят ва ҳадислар асосида қисқача маъруза қилиб берди. Маъруза якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг салом ва табриклари жамоатга етказилди.
Шундан сўнг масжид имом хатибларига масжид ҳовлиси ва таҳоратхонасини тоза - озода тутиш, таровеҳ намозини адо этишда намозхонларга қулайликлар яратиб бериш, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш тўғрисида бирқанча кўрсатмалар бериб ўтилди.
“Хўжа Исҳоқи Валий” масжидида Рамазон ойи учун кўрилган тайёргарликларни кўздан кечириш билан бир қаторда масжид шарқидан янгидан бунёд этилаётган хонақодаги қурилиш жараёни билан танишилди. Янги масжид биносида ишлар ниҳояланиш арафасига келиб қолган бўлиб, имом-хатиб ва меъморлар Рамазон ҳайитига намозхонларга туҳфа тариқасида масжидни фойдаланишга топширишни режалаштираётганларини маълум қилдилар.
Вилоят вакиллиги раҳбарияти томонидан муборак ой давомида кўплаб масжидларга ташриф буюриш режалаштирилган бўлиб, бундан масжидлардаги шароитлар билан яқиндан танишиш, муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш, Рамазон ойининг тинч-осуда ўтишига эришиш кўзда тутилган.




Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Абду Дарун” жоме масжидида ўтказилаётган Хатми Қуръондан фотолавҳалар
Усмонхон Муҳаммадиев,
ЎМИ Самарқанд вилояти
вакиллиги мутахассиси
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати