Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларнинг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини У зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Ислом ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; “Ислом – Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”. “Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.
“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди. “Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деди.
У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди. “Эҳсон – Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.
“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди. “Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар. “Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди. “Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим. Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим. “Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Дақийқ ал-Ийд айтади: “Бу ҳадис жуда муҳим ҳадис бўлиб, у барча зоҳирий ва ботиний амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки, бу ҳадис барча суннат илмларини жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.
“Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро, бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар ривоят қилганлар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар;
Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро, Жаброил алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.
Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни, Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса, шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардор эканини ҳис қилиб туришидир.
Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақатгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ғайбий ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.
Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек, бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим одамга савол бериши керак. Чунки унинг саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг моҳиятини билиб оладилар.
Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.
Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек, бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро, бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жоме масжиди имом-хатиби,
ТИИ ”Таҳфизул Қуръон” кафедра мудири
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.
Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:
Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.
“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.
Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.
Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.
Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.
Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.
Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.
Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.
“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан