Шурайҳдан: “Қай йўл билан бундай илмга эриша олдингиз?” деб сўрадилар. Шурайҳ: “Уламолар билан суҳбат қилиш, улардан ўрганиб ва ўргатиш билан эришдим”, деб жавоб берди.
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) бир аъробийдан от сотиб олиб, ўша ернинг ўзида отга миниб, йўлларига равона бўлдилар. Аммо, ҳали узоқ кетмаслариданоқ, отда унинг юришига халақит берадиган нуқсонни сезгандек бўлди. Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб, аъробийга бундай деди:
— Отингни қайтариб ол, унинг айби бор экан.
— Қайтариб олмайман, эй мўминлар амири, чунки мен уни сизга сотганимда у соппа-соғ эди.
— Ундай бўлса ўртамизда ажрим қиладиган бир кишини танла.
— Ўртамизда Шурайҳ ибн Ҳорис ҳакам бўлсин.
Умар розияллоҳу анҳу рози бўлдилар ва муаммони ҳал қилиш учун Шурайҳнинг олдига йўл олдилар. Шурайҳ аъробийнинг сўзини эшитгач, Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб деди:
— Отни олганингизда у соппа-соғ эдими, эй мўминлар амири?
— Ҳа.
— Ундай бўлса, отни ўзингизда олиб қолинг ёки қандай ҳолда сотиб олган бўлсангиз шундай ҳолича эгасига қайтаринг.
Бундай одилона ҳукмдан қойил қолган Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳга қараб:
— Мана буни ҳукм деса бўлади. Сиз Кўфага боринг, мен сизни у ерга қози этиб тайинлайман, деди.
Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳ ибн Ҳорисни қози этиб тайинлашларидан аввал ҳам у киши жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, улуғ саҳобалар ва тобеинлар ичидаги илм ва фикр соҳиблари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга сазовор кишилардан эди. Фозил ва етук инсонлар Шурайҳдаги ўткир фаросат ва ўта ноёб заковатни, олий хулқ ва бой ҳаётий тажрибани қадрлар эдилар.
Шурайҳ ибн Ҳорис асли яманлик, Кинда қабиласидан бўлиб, оғир кечган ҳаётининг ярмини жоҳилиятда ўтказган эди. Арабистон ярим ороли ҳидоят нури билан мунаввар бўлиб, Ислом нури Яман ерларига ҳам етиб боргач, Шурайҳ Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган, ҳидоят ва ҳақ чақириқни лаббай деб қабул қилган илк мусулмонлардан бўлди.
Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) гарчи ўша пайтда Ислом осмони ҳали-ҳануз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек ёрқин юлдузлар билан порлаб турган бўлса-да, тобеинлардан бўлган кишини қозилик каби масъулиятли мансабга тайинлаб, хато қилмаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг фаросати ва тадбирларининг нақадар тўғри экани кунлар ўтиши билан ўз исботини топди. Қози Шурайҳ мусулмонлар ўртасида олтмиш йил қозилик қилди. Уни бу мансабда қолишини, кетма-кет келган халифаларнинг барчалари — Умар, Усмон, Али ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги Уммавий халифалар ҳам маъқул топдилар.
Исломда қозилик тарихи Шурайҳнинг қозилик соҳасида бошдан кечирган ажойиб ва ҳайратомуз ҳолат-ҳодисалар билан безатилиб, каттаю-кичик мусулмонларнинг Шурайҳ амалда кўрсатиб берган Аллоҳнинг шариатига гўзал тарзда бўйсунишлари ила порлаб турибди. Ана шундай ибратга тўла воқеалардан бири, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи учун қадрли бўлган совутини йўқотиб қўйгани хусусидаги воқеадир. Совутини йўқотиб қўйган Али розияллоҳу анҳу кўп ўтмай худди шу совутни Кўфа бозорида бир зиммийнинг қўлида кўриб қолади. Зиммий совутни сотувга қўйган эди. Али розияллоҳу анҳу совутга кўзи тушиши билан уни танийди ва зиммийга қарата бундай дейди:
— Бу совут меники эди, фалон кечада, фалон жойда туямнинг устидан тушиб қолибди.
— Йўқ, бу менинг совутим, мана қўлимда турибди!
— Ахир бу менинг совутим, уни бировга сотган ҳам эмасман, ҳадя ҳам қилмаганман-ки, сеники бўлиб қолса?!
— Ундай бўлса ўртамизда қози бу муаммонинг ечимини топсин.
— Инсоф қилдинг, қани юр бўлмаса.
Икковлари Шурайҳ қозининг ҳузурига бордилар.
Қози Шурайҳнинг ҳузурига киришгач, Шурайҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан сўради:
— Қандай даъвоингиз бор?
— Мана бу совут менинг совутим эди, уни фалон кечада, фалон ерда йўқотиб қўйган эдим. Баногоҳ, уни мана бу кишининг қўлида кўриб қолдим. Унга бу совут олди-сотди йўли ёки ҳадя орқали келмаган.
Шурайҳ зиммийга қараб деди:
— Сен нима дейсан?
— Совут меники, мана қўлимда турибди. Мўминлар амирини ёлғон гапиришда айбламайман, деди зиммий.
Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуга деди:
— Эй мўминлар амири, сиз гапираётган гапингизда содиқ эканингиз ва бу совут сизники эканида менинг қалбимда заррача ҳам шак-шубҳа йўқ. Лекин, қилаётган бу даъвоингизнинг рост эканига икки гувоҳ олиб келишингиз шарт.
— Ҳа, албатта, хизматкорим Қанбар ва ўғлим Ҳасан мен учун гувоҳлик беради.
— Ўғилнинг ота учун гувоҳи ўтмайди, эй мўминлар амири, деди қози Шурайҳ.
— Субҳаналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмайдими?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидидирлар”, деганларини эшитмаганмисиз?
— Эшитганман, эй мўминлар амири, лекин мен фарзанднинг ота учун берган гувоҳлигини қабул қилмайман.
Шунда Али розияллоҳу анҳу зиммийга қараб деди:
— Совут сенга бўлақолсин, менинг бу иккаласидан бошқа гувоҳим йўқ.
— Эй мўминлар амири, чиндан ҳам совут сизники, — деди Али розияллоҳу анҳунинг гапидан ҳайратга тушган зиммий, — Ё Аллоҳ! Мўминлар амири менингдек бир зиммий билан қозига бориб даъволашса-ю, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Мана шундай одилликка буюрувчи дин ҳақ эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Эй қози жаноблари, ҳақиқатда бу совут мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга (Шом вилоятидаги жойнинг номи) йўл олган лашкарнинг кетидан кетаётиб, унинг кул ранг туясидан тушиб қолган совутини олган эдим.
— Модомики мусулмон бўлдинг, бундан буён бизга дўстсан. Мана шу совут ва унга қўшимча мана бу от ҳам мендан сенга ҳадя, — деди Али розияллоҳу анҳу.
Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушди. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетади. Шурайҳ кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоқга ташлайди ва ўзи ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб туради.
Баъзан қозихонага даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг кўнгли тўлмас, аксинча, қалбида уларга нисбатан шубҳалар пайдо бўларди. Аммо, гувоҳлар гувоҳликка ярайдиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: “Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен қиёматда сизларни рўкач қилиб дўзахдан сақланаман, аслида дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга лозимдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмаслик имконингиз бор”. Агар шундан кейин ҳам улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига қарата: “Билиб қўйгин, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки, ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг гувоҳлиги билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди”, дер эди.
Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозихонада тез-тез айтиб турадиган сўзлардан бири қуйидаги сўзлар эди:
“Эртага қиёматда золим киши аслида ким ютқизганини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши, уни қўлдан бой бергани учун асло пушаймон қилган эмас”.
Шурайҳ фақатгина Аллоҳ, Унинг Китоби ва Расулига тааллуқли бурчини адо қилибгина қолмай, балки мусулмонларнинг олим ва амирлари ҳамда омма халққа ҳам қўлидан келган эзгуликни улашар, уларга нисбатан зиммасидаги вазифасини садоқат билан бажарар эди. Бунга қуйидаги воқеа далил бўлади.
Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан нимадир сўраётганини кўриб: “Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташини сўраса, ўзини қулликка топширган бўлади. Агар сўралгувчи унга бирон нарса берса, шу нарса билан сўровчини ўзига тобе қилади. Мабодо бермаса, иккови ҳам хор бўлади. Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига эса рад қилиниш хорлиги бордир. Шунинг учун сўрасанг Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Ёрдамни ҳам Аллоҳ беради. Билгинки, Аллоҳ таолодан ўзга куч-қудрат эгаси ва ёрдам бергувчи йўқдир”, деб насиҳат қилди.
Шу тариқа қози Шурайҳ олтмиш йил мобайнида одамлар орасида адолатни мустаҳкам қилди. Бирон кимсага жабр-зулм қилмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу гадога баравар муомала қилди. Шунинг учун ҳам Ислом уммати у кишини яхшилик билан хотирлайди. Аллоҳ У кишини Ўз раҳматига олсин.
Илёсхон АҲМЕДОВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
тайёрлади.
Бу тартиб Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш ажратиш механизмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган, хабар бермоқда ЎзА.
Тегишли қарор Адлия вазирлигида 2026 йил 3 сентябрда 3581-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 5 декабрдан кучга кириши белгиланган. Банк тизими учун ликвидлик — молиявий барқарорликнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Банкда вақтинча пул маблағлари етишмовчилиги юзага келган тақдирда, унинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши қийинлашиши мумкин.
Шу боис Марказий банк тижорат банкларининг ликвидлигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиб келади. Янги ўзгариш эса мазкур тизимни исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банк ва молия институтларига ҳам мослаштирмоқда.
Яъни, исломий банк фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ликвидлик муаммосига дуч келган ҳолатларда анъанавий фоизли кредит механизмларидан эмас, балки исломий молия стандартларига мос келувчи воситалар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатда исломий молия тизими учун алоҳида молиявий инфратузилма шаклланиб бораётганини англатади. Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — молиялаштириш шартларининг исломий молия тамойилларига мос равишда белгиланишидир. Жумладан, бундай молиялаштиришда анъанавий кредитларга хос фоиз ставкаси ўрнига устама ёки фойдадан олинадиган улуш каби механизмлар қўлланилиши мумкин.
Молиялаштиришнинг аниқ шартлари, жумладан, устама миқдори, фойдадан олинадиган улуш, молиялаштиришнинг максимал ҳажми, бошқа асосий талаблар Марказий банк Бошқаруви қарори билан белгиланади. Бу ёндашув исломий банклар учун фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларини уларнинг фаолият моделига мослаштириш имконини беради.
Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратишда гаров таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Марказий банк томонидан молиялаштириш ажратилганда гаров предмети сифатида қабул қилинадиган активлар исломий молия стандартлари талабларига ҳамда Марказий банкнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бу талаб исломий молия операцияларининг бутун жараёни — маблағ ажратишдан тортиб, унинг тўлиқ сўндирилишига қадар белгиланган стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳужжатда фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилган банкларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, мурожаатлар Марказий банк томонидан уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва улар бўйича ижобий ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда банкнинг молиявий ҳолати, ликвидлик билан боғлиқ вазият, тақдим этилаётган таъминот ҳамда ажратиладиган маблағларнинг молия тизими ва пул-кредит сиёсатига эҳтимолий таъсири баҳоланади. Янги тартибда исломий молия стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича банкларнинг ички масъулияти ҳам аниқ белгиланган.
Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратилган ҳолларда банкнинг ижроия органи ва Исломий молия кенгаши молиялаштириш тўлиқ сўндирилгунига қадар амалга оширилаётган операцияларнинг белгиланган исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаши ва доимий назорат қилиши лозим. Бу талаб нафақат ҳуқуқий, балки молиявий операцияларнинг исломий молия тамойилларига мослигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда исломий молия тизими босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Исломий молия хизматларини жорий этиш учун фақатгина банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш етарли эмас. Шу билан бирга, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган ликвидлик, гаров, назорат ва фавқулодда молиялаштириш механизмлари ҳам яратилиши талаб этилади. Марказий банк томонидан исломий молия воситалари орқали фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий қилиниши ана шу инфратузилмани шакллантиришдаги муҳим қадам ҳисобланади.
Чунки исломий банк ёки исломий молия хизматларини кўрсатувчи муассаса учун ликвидлик муаммосини анъанавий фоизли кредит орқали ҳал қилиш унинг фаолият тамойилларига зид келиши мумкин. Янги механизм эса бундай муассасаларга ўз фаолият стандартларини бузмаган ҳолда Марказий банкнинг фавқулодда қўллаб-қувватлаш тизимидан фойдаланиш имконини яратади.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистонда исломий молия тизими учун ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари ҳам ликвидлик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда исломий молия тамойилларига мос механизмлар асосида қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу эса келгусида мамлакатда исломий банклар, исломий молия маҳсулотлари ва ушбу соҳадаги хизматлар бозорининг кенгайиши учун муҳим молиявий кафолатлардан бири бўлиши мумкин.
Содда қилиб айтганда, исломий молия тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган навбатдаги муҳим бўғин шаклланмоқда. Энди исломий банклар нафақат ўз маҳсулотларини, балки фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам исломий молия тамойиллари асосида ташкил этиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати