Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртида “Биз ёшлар –ёт ғояларга қаршимиз” шоири остида интеллектуал беллашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари тадбирни очиб, иштирокчиларни табрикладилар ва беллашувда муваффақият тиладилар.
Диний таълим муассасалари талабаларининг диний экстремизм, “оммавий маданият”, бузғунчилик, аҳлоқсизлик каби ёт ғояларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, билим ва кўникмасини, Қуръон, ақида ва фиқҳий масалалардаги билимларини янада ошириш ва мустаҳкамлаш ва мустақил фикрларини баён этиш қобилиятини ривожлантириш, ёшларнинг мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш, миллий-диний урф-одат, анъана ва қадриятлар асосида тарбиялаш ушбу мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсадни ташкил этади.
Унда ЎМИ тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва 9 та ўрта- махсус Ислом билим юрти жамоалари қуйидаги шартлар асосида беллашдилар:
а) Жамоалар ўз билим юрти ва иштирокчиларини таништириш; (Мазкур шарт учун 5 дақиқа ажратилди);
б) Мавзу бўйича савол-жавоблар. Мазкур шартда ҳар бир жамоага иккитадан савол берилди (Ўйлаш учун ҳар бир саволга 1 дақиқа вақт берилди ва келишган ҳолда жамоадан бир иштирокчи жавоб берди);
в) Мавзуга оид оммавий нашрларда эълон қилинган мақолалар. Бу шартда ўқув йили давомида билим юрти талабалари томонидан нашр этилган мақолалар сони жамланиб, ҳар бир мақола 2 баллдан баҳоланди.
г) Сардорлар беллашуви. Мазкур шартда гуруҳ сардорига 10 тадан тезкор саволлар берилди ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллдан баҳоланди.
Мусобақа натижаларига кўра:
1-ўрин: “Муҳаммад ал-Беруний” ЎМИБЮ – 97,2 балл;
2-ўрин: “Ҳидоя” ЎМИБЮ – 63,6 балл;
3-ўрин: “Фахриддин ар-Розий” ЎМИБЮ – 60,8 балл.
Ғолиблар қуйидаги мукофотлар билан тақдирландилар:
1-ўрин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва замонавий музлатгич;
2-ўрин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва замонавий кир ювиш машинаси;
3-ўрин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва 40 ҳажмдаги телевизор.
Бундан ташқари, барча иштирокчилар китоблар тўплами билан тақдирландилар.
Интеллектуал беллашув якунида ЎМИ раҳбариятига, Дин ишлари бўйича қўмитага ва беллашувни ўтказишда юқори савиядаги тайёргарлик учун Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг фидоий устоз ва мураббийларига чуқур миннатдорчилик изҳор этилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати