Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447

Такфир (Мусулмонни кофирга чиқариш)

19.05.2017   11611   5 min.
Такфир (Мусулмонни кофирга чиқариш)

Такфир – арабча сўз бўлиб, бирор бир мусулмонни ассоссиз кофирга чиқариш, деганидир.

Мўмин киши гарчи кабира гуноҳлар содир этган бўлса-да, дўзахда абадий қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир”.(Залзала сураси, 8-оят). Азуддудин Ийжий роҳимаҳуллоҳ “яхшилик” деган сўзнинг остига иймон ҳам киради, мўмин киши ўша кунда иймонини кўради, дейдилар. Шунинг учун, кабира гуноҳ қилган киши мўмин бўлса, жаннатга охири бўлиб киради.

Кабира гуноҳлар қуйидагилар: Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ жонни ўлдириш, покдомон аёлга зинода тухмат қилиш, зино қилиш, сеҳр қилиш, душман келаётганда қочиш, етимлар молини ейиш, мусулмон ота-онага оқ бўлиш, рибо молини ейиш, хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш ва бошқалар. Мутлоқ кабира гуноҳ эса – куфрдир. Зотан, куфрданда каттароқ гуноҳ йўқ. Мусулмон киши иймони бор экан кофир ҳисобланмайди, гарчи катта гуноҳларни содир этган бўлса ҳам. Ҳозирда чиқаётган баъзи адашган оқимлар ҳар қандай гуноҳ иш қилган кишини кофирга чиқаришади. Уларнинг бу даъволари асоссиздир. Зеро Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир” (Нисо сураси, 48-оят).

Шундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло тавбасиз ҳам, агар хоҳласа, катта-ю кичик гуноҳларни авф этади. Шундай экан, мусулмон киши Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умидини узмаслиги баробарида гуноҳ содир этганига Аллоҳ таолонинг азобини эсдан чиқармаслиги даркор. Яъни, домио хавф ва ражо (умид) ўртасида юрмоғи керак.

Аллоҳ таоло мўмин кишига мусибату балоларни унинг гуноҳларига каффорот бўлсин учун юборади. Уларга сабр қилса ҳам ажр олади, ҳам гуноҳлари авф этилади. Мободо, бундан кейин ҳам гуноҳлари ортса, ўлим шиддатидаги қийинчиликларда гуноҳлар тўкилади. Бундан кейин ҳам гуноҳлари бўлса, қаб қисиши, унинг азобида каффорот бўлади. булардан ҳам кейиин мўмин кишини гуноҳлари бўлса, Сирот кўприги дан ўтишдаги қийинчиликларда гуноҳлари тўкилади. Бордию, яна гуноҳлар ортса, дўзах олови уларни куйдиради.

Хуллас, қалбида иймон нури бўлган киши, гунҳкор бўлса-да, кофир бўлмайди ва жаҳаннамда абадий қолмайди. Аллоҳ таоло мўмин бандасига ўта меҳрибон ва раҳмили Зотдир![1]

"Такфир" масаласи тўғрисида аҳли сунна ва адашган фирқалар ўртасидаги фарқлар:

Аҳли сунна: гуноҳи кабира мўмин бандани имондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди.

Муътазилийлар:  гуноҳи кабира мўмин бандани имондан чиқаради, лекин уни куфрга киргизмайди.

Хаворижлар: гуноҳи кабира мўмин бандани имондан чиқаради ва куфрга киргизади.

Муржиалар: куфр билан бирга тоат наф бермаганидек, имон билан бирга гуноҳ ҳам зарар бермайди.

Калом ва фиқҳ уламоларига кўра, бирор-бир мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Бироқ баъзи адашган фирқалар эса мўъмин-мусулмон бўлган шахсни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб юбораверишади. Кофирга чиқариб, қатл қилишади, таҳқирлашади, азоб-уқубатларга дучор қилишади. Бунинг сабаби - улар илмда мустаҳкам эмаслар, уни пухта эгалламаганлар.

Айрим кишилар, айниқса, ёшлар буни билмасдан ислом ақидаларига зид равишда фаолият олиб бораётган кишилар тўдасига қўшилиб қолмоқда. Бундай ақидапарастлар ислом динининг асл моҳиятини тушунмаган ёшларда мутаассиблик руҳининг илдиз олишига имкон яратади, уларни Ватанга қарши руҳда тарбиялашга ҳаракат қилади.

Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида қуйидагича берилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади”. Яъни айбланган киши мусулмон бўлса, айбловчининг ўзи кофир бўлиб қолади. 

Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо): “Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ”, деганлар.

Муфассир, муҳаддис олим Жалолиддин Суютий эса: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир”, деб таъкидлаганлар. 

Такфирчилар дин масаласида илм ва ақлни эмас, балки ҳис-туйғуни ҳукмрон тутишлари оқибатида айрим ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг нотўғри таъвил қилган ҳолда, қандайдир хатоларни рўкач қилиб, ҳеч бир шаръий асоссиз, мусулмонларни кофирга ҳукм қилмоқдалар. 

Имон қалбда бўлади. Бир инсоннинг қалбини билмасдан туриб, қайсидир иши учун дарров кофирга чиқаришдан эҳтиёт бўлиш лозим. Акс ҳолда бу тамға инсоннинг ўзига қайтиб, имондан айириши ҳеч гап эмас. Зеро, юқорида келтирилган ҳадиси шарифларнинг мазмуни кофир бўлмаган одамни кофирга чиқарган кимсанинг ўзи куфрга тушиб қолишини англатади. 

Комилов Илҳом

ТИИ битирувчиси

 

[1] Ҳусайн ибн Шиҳоб ал-Кайлоний. Шарҳул-ақоидил-издийя. Байрут: Дорул-фикр. 2011 й. –Б. 86, 87.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ашуро рўзасининг фазилати

04.07.2025   97   2 min.
Ашуро рўзасининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».

Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.

Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.

Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».

Муслим ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».

Икки Шайх ривоят қилган.

Изоҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.

Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Мақолалар