1944 йили Фарғона туманида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Кейин Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳридаги турли идораларда хизмат қилди. 1975–79-йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди. 1980–81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.
Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.
Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифидир.



Тошкентда «Умра плюс» халқаро сайёҳлик уюшмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, хорижий давлатларнинг элчихоналари ва дипломатик корпуси вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари ҳамда халқаро ҳамкорлар иштирок этди.
Туризм қўмитаси маълумотига кўра, янги халқаро тузилманинг асосий мақсади Умра зиёратини Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий ва диний мероси билан уйғунлаштириш, хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатнинг зиёрат туризми салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдан иборат.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, уни мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айлантириш ва халқаро туристик бозорларда миллий туристик салоҳиятни кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, зиёрат туризмини ривожлантириш ва янги мақсадли бозорларни жалб этиш «Умра плюс» концепциясининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ассоциация фаолияти доирасида, аввало, Индонезия, Малайзия ва бошқа мамлакатлардан зиёратчиларни «Умра плюс» дастури асосида Ўзбекистонга жалб қилиш назарда тутилган. Бунда Саудия Арабистонидаги Умра зиёратини Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий ва диний қадамжоларга ташрифлар билан бирлаштирган янги туристик маршрутларни шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўналишда 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан 100 минг нафар зиёратчини жалб қилиш бўйича йўл харитаси тасдиқланган. Шунингдек, дастур доирасида туристик хизматлар сифатини ошириш, авиақатновларни кенгайтириш, хорижий туроператорлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда халқаро бозор талабларига мос янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, Куала-Лумпурдан Самарқанд ёки Бухоро орқали Саудия Арабистонига йўл олиш имконини берувчи транзит туристик маршрутларни йўлга қўйиш таклифлари ҳам илгари сурилмоқда. Бу каби йўналишлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги транспорт-логистика имкониятлари ва зиёрат туризми салоҳиятини ўзаро уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси» давлат муассасаси ва «Умра плюс» халқаро туризм ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
«Умра плюс» дастурини амалга ошириш механизмлари 2026 йил 9 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб берилган. Унга кўра, 2026 йил якунига қадар Малайзия ва Индонезиядан дастур асосида туристларни жалб қилувчи туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
Янги ташкил этилган «Умра плюс» халқаро туризм ассоциацияси мазкур йўналишдаги ҳамкорликни халқаро даражада мувофиқлаштириш, хорижий туристик бозорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятларини кенг тарғиб қилишда муҳим платформа вазифасини бажариши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати