1944 йили Фарғона туманида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Кейин Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳридаги турли идораларда хизмат қилди. 1975–79-йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди. 1980–81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.
Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.
Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифидир.



Юртимизда бўлиб турган йирик Қуръон олими Шайх Айман Рушдий Сувайд ҳафизаҳуллоҳ ўзининг “Суратли тажвид” китоби асосида назарий ва амалий дарслар қизғин давом этмоқда. Унда юртимиз қорилари ва ўқитувчилари тажвид ҳамда қироат борасидаги билимларини мустаҳкамламоқда.
Дарсларнинг назарий қисмида ҳарфларнинг махраж ва сифатлари, талаффуз қоидалари ҳамда оҳанг меъёрлари батафсил ўрганилмоқда. Амалий машғулотларда эса иштирокчилар “Бақара” ва “Оли Имрон” сураларидан навбат билан тиловат қилиб, Шайх ҳазратларидан якка тартибда хато-камчиликларни тузатиш, вақф ва ибтидо қоидалари бўйича жонли кўрсатмалар олишмоқда.
Шайх Айман Сувайд тажвид қоидалари Каломуллоҳни тўғри етказиш учун восита эканини, асл мақсад эса оятларни тадаббур ва тафаккур қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, қорилар учун кунлик мунтазам такрор ҳамда қориларга хос юксак ахлоқ ниҳоятда лозимлигига урғу қаратилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати