Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Масжидлар билан ишлаш бўлими

15.05.2017   54232   2 min.
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Бўлим мудири Раҳимберди Раҳмонов

Қабул вақтлари

Душанбадан Жумагача

Телефон рақами

+99871 150-64-12

Электрон почта

umi-masjidlar@mail.ru

Ушбу бўлим мамлакатимиздаги масжидлар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш, уларнинг эски биноларини таъмирлаш, янгиларини қуриш, масжидларни давлат рўхатидан ўтказиш каби масалалар билан шуғулланади. Мустақилликдан олдин бор-йўғи 84 тага яқин масжид бўлган мамлакатимизда ҳозир 2000 дан зиёд жоме ишлаб турибди. Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш ва тажрибасини бойитиш, қайта тайёрлаш учун махсус ўқув курслари ташкил этиш, масжидларга олий ва ўрта махсус маълумотли, иқтидорли кадрларни жалб этиш бўлимнинг асосий вазифаларидир. Бўлим масжидларнинг жойлардаги маҳалла, мактаб, маърифат-маънавият марказлари билан алоқасини йўлга қўйиш каби масалалар билан ҳам шуғулланади. Ёшларнинг маънавий тарбияси, муҳтож, кам таъминланган оилаларга, ногиронларга масжидлар орқали хайрия ёрдамлари каби ишларга ҳисса қўшади.

Бўлим ҳар йили Рамазон ойида масжидларда диёримиз қориларини жалб қилган ҳолда, Қуръони карим хатмларини ташкил этмоқда. Кейинги йилларда республика бўйича 600–700 дан зиёд, Тошкент шаҳрида 100 га яқин масжидда Қуръони карим хатм қилинмоқда. «Йил имоми» кўрик-танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Масжидлар билан ишлаш бўлимини турли йилларда Юсуфхон Шокиров, Абдуғани Абдуллаев, Салоҳиддин Муҳиддинов, Фозил қори Собиров, Фозилжон Убайдуллаев, Абдулазиз Мансур, Абдуғани Исмоилов, Ҳомиджон Ишматбеков, Муҳаммадназар Қаюмов бошқаришган. Ҳозир бўлимга Раҳимберди Раҳмонов раҳбарлик қиляпти.

Бўлимда Исҳоқжон Бегматов, Музаффар Камолов ҳамда Сарвар Муҳаммадиевлар фаолият олиб борадилар.

Бўлим фаолиятидан фотолавҳалар:

Идора фаолияти
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

26.08.2026   39313   3 min.
Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.

Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.

“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.

Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.

Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.

“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.

Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.

Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.

Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.

Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари