Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим

15.05.2017   51504   2 min.
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим

Бўлимда  Марям Абдуллаева ҳамда Мунира Абубакировалар фаолият юритишади.

Қабул вақтлари:   душанба - жума кунлари   соат 9-00 дан – 17-00 гача

Телефон рақами:  +99871 240-05-07     

Электрон почта:    umi_nisa@mail.ru

Бўлимнинг вазифалари:

Хотин-қизларнинг диний маърифий салоҳиятини ошириш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, она ва бола саломатлигига эътибор қаратиш йўлида Хотин-қизлар қўмиталари,  Республика “Оила” илмий-амалий маркази ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Идорага мурожаат қилиб келган аёл-қизларнинг диний-маърифий ва оилавий муаммоларини ҳал қилиш   юзасидан тегишли маслаҳатлар беради ҳамда ваколати доирасида   ёрдам кўрсатади.

 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари билан   ҳамкорликда қуйидаги ишларни олиб боради: 

Аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиш, миллий қадрият ва ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган   ғояларни тарғиб қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўриш;

 Шунингдек, фолбинлик ва бидъат-хурофотларни олдини олиш юзасидан  тушунтириш ишлари олиб бориш;

Ўқув муассасалари, ташкилот ва  маҳалла йиғинларида аёллар ва қизлар маърифатли, ватанпарвар, оила ва жамият манфаатига хизмат қилувчи шахс сифатида камол топишига ва уларни турли  бузғунчи оқимлар таъсиридан сақлаш;

Аёллар орасида тўй ва маърака-маросимларнинг  дабдаба ва исрофгарчиликсиз  ўтказиш бўйича тарғибот олиб бориш;

Жамиятда учрайдиган гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва ўз жонига қасд қилиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида   жойлардаги Хотин-қизлар қўмиталари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб бориш;

Аёллар орасида оилавий ажримлар,  қайнона-келин, эр-хотин можароларининг олдини олиш юзасидан  тушунтириш ишлари олиб бориш;

“Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси ва “muslim.uz” сайтида  турли мавзуларда  мақолалар билан иштирок этиш.

Идора фаолияти
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   25005   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ