Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони карим билан бир қаторда ҳадиси шарифларда ҳам аввал яшаб ўтган умматлар ҳақидаги гўзал қисса ва хабарларни кўплаб учратишимиз мумкин. Зеро, ўтган пайғамбарлар ҳамда солиҳ зотларнинг ҳаётий қиссаларида кейинги келувчи авлодлар учун гўзал ўрнак ва намуна бордир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
“Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111 оят).
Мана шундай ажоиб қиссалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари орқали бизларга хабарини берган “Обид Журайж” қиссасидир.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Уч кишидан бошқа ҳеч ким бешик (яъни гўдаклик вақти)да гапирмаган. Улар: Ийсо ибн Марям алайҳиссалом, Журайжнинг шериги (учинчи кишини бошқа ривоятда Юсуф алайҳиссаломнинг покликларига гувоҳлик берган чақалоқни келтирганлар)”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Журайж ибодатгўй киши бўлиб, бир уйни танлаб, ўша ерда ибодат қилар эди. Бир куни Журайж намоз ўқиётган вақтда унинг онаси келиб қолди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Эй Худойим, онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси кута-кута кетди. Эртаси куни яна келди ва яна: “Эй, Журайж!”, деб чақирди. Журайж: “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси яна қайтиб кетди. Эртаси куни онаси яна келди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси: “Ё, Худойим! Бузуқ аёлларнинг юзларига қараб қолмагунича унинг жонини олмагин”, деб дуойибад қилди.
Бани Исроил Журайжни (ўзларига ўрнак қилишар) ва унинг ибодати ҳақида бир-бирига сўзлашар эди. Шу ерда ўз ҳусну жамоли билан мағрурланиб юрадиган фоҳиша аёл бор эди. У агар хоҳласангизлар, уни йўлдан ураман, деди. Кейин Журайжнинг олдига бориб ўзини таклиф қилди. Журайж унга қайрилиб ҳам қарамади. Аёл чиқиб Журайжнинг ибодатхонасига яқин жойда яшайдиган чўпон олдига келиб унга ўзидан фойдаланишлик имконини берди. Аёл чўпон билан зино қилиб ундан бола орттирди ва одамлар орасида уни Журайжнинг фарзанди деган иғвони тарқатди. Одамлар Журайжнинг ибодатхонасини бузиб уни қўллари учи билан кўрсатадиган, ҳатто кўчаларда уни ёқасидан судраб юрадиган бўлишди. Бироқ, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини шундай ташлаб қўймади. Журайж ўз Раббисига ишонганлиги туфайли намозларида илтижо қилиб, бу фитнани бартараф этишини ёлборарди. Зотан, намоз банданинг энг олий мақоми, кушойиш мавқеидир. Одамлар эндигина туғилган чақалоқни кўтариб келишганида Журайж ундан отаси ким эканлигини сўради. Чақалоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кириб “отам фалон чўпон” дея жавоб берди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини бундай фитнадан қутқариб, уни яна ибодат халоватига қайтарди. Одамлар эса Журайжни улуғлаб унга мақтовлар ёғдиришди”.
Энди ушбу қиссадан қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
Аллоҳ таоло барчаларимизга тақво, Ўзини доим ёд этиб юриш, мусибат пайти сабр қилиб, неъмат келганда эса шукр қилиш бахтини насиб этсин! Охиратда хато ва камчиликларимизни авф этиб, бизларни жаннати билан мукаррам қилсин! Омин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати