Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Обид Журайж қиссаси...

11.05.2017   11462   6 min.
Обид Журайж қиссаси...

Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони карим билан бир қаторда ҳадиси шарифларда ҳам аввал яшаб ўтган умматлар ҳақидаги гўзал қисса ва хабарларни кўплаб учратишимиз мумкин. Зеро, ўтган пайғамбарлар ҳамда солиҳ зотларнинг ҳаётий қиссаларида кейинги келувчи авлодлар учун гўзал ўрнак ва намуна бордир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ 

“Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111 оят).

Мана шундай ажоиб қиссалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари орқали бизларга хабарини берган “Обид Журайж” қиссасидир.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Уч кишидан бошқа ҳеч ким бешик (яъни гўдаклик вақти)да гапирмаган. Улар: Ийсо ибн Марям алайҳиссалом, Журайжнинг шериги (учинчи кишини бошқа ривоятда Юсуф алайҳиссаломнинг покликларига гувоҳлик берган чақалоқни  келтирганлар)”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Журайж ибодатгўй киши бўлиб, бир уйни танлаб, ўша ерда ибодат қилар эди. Бир куни Журайж намоз ўқиётган вақтда унинг онаси келиб қолди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Эй Худойим, онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси кута-кута кетди. Эртаси куни яна келди ва яна: “Эй, Журайж!”, деб чақирди. Журайж: “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси яна қайтиб кетди. Эртаси куни онаси яна келди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси: “Ё, Худойим! Бузуқ аёлларнинг юзларига қараб қолмагунича унинг жонини олмагин”, деб дуойибад қилди.

Бани Исроил Журайжни (ўзларига ўрнак қилишар) ва унинг ибодати ҳақида бир-бирига сўзлашар эди. Шу ерда ўз ҳусну жамоли билан мағрурланиб юрадиган фоҳиша аёл бор эди. У агар хоҳласангизлар, уни йўлдан ураман, деди. Кейин Журайжнинг олдига бориб ўзини таклиф қилди. Журайж унга қайрилиб ҳам қарамади. Аёл чиқиб Журайжнинг ибодатхонасига яқин жойда яшайдиган чўпон олдига келиб унга ўзидан фойдаланишлик имконини берди. Аёл чўпон билан зино қилиб ундан бола орттирди ва одамлар орасида уни Журайжнинг фарзанди деган иғвони тарқатди. Одамлар Журайжнинг ибодатхонасини бузиб уни қўллари учи билан кўрсатадиган, ҳатто кўчаларда уни ёқасидан судраб юрадиган бўлишди. Бироқ, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини шундай ташлаб қўймади. Журайж ўз Раббисига ишонганлиги туфайли намозларида илтижо қилиб, бу фитнани бартараф этишини ёлборарди. Зотан, намоз банданинг энг олий мақоми, кушойиш мавқеидир. Одамлар эндигина туғилган чақалоқни кўтариб келишганида Журайж ундан отаси ким эканлигини сўради. Чақалоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кириб “отам фалон чўпон” дея жавоб берди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини бундай фитнадан қутқариб, уни яна ибодат халоватига қайтарди. Одамлар эса Журайжни улуғлаб унга мақтовлар ёғдиришди”.

Энди ушбу қиссадан қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

  • Ота-онани ранжитиш, уларга оқ бўлиш жуда хатарли иш ва улкан гуноҳ экан;
  • Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шу боис, фарзанд ота-онадан яхши дуо топиш пайидан бўлиши, Аллоҳ сақласин, ёмон дуо чиқишига сабабчиси бўлиб қолмаслиги керак. Чунки роҳиб Журайжнинг бошига шунча ташвишлар онасига итоатсизлиги туфайли келди.
  • Аллоҳ таоло Журайжнинг онаси қилган дуойибадини ижобат қилди.  Демак, оналарнинг дуолари шунақа нозик даражада экан. Шунинг учун, оналар ҳам  болаларининг ҳаққига ҳар хил салбий дуоларни қилиб юборишдан эҳтиёт бўлишлари керак. Шу ўринда бир ҳақиқат, бизнинг мунис оналаримиз боламни сенласам “сен” бўлиб, “ўл” десам ўлиб қолади деб фарзандларини меҳр қанотларида асраб-авайлаб вояга етказиб, тарбия қилганлар. Ҳозирда баъзи ёш келин оналар болажонлари ўртасидаги мулоқот ва муносабатларига бир оз жиддийроқ эътибор қилса, ўтмиш момоларимиздан ибрат олсалар яхши бўларди;
  • Шунингдек, банда ҳар доим Аллоҳга юзланиб, боғланиб туриши лозим. Шунда Аллоҳ ҳам уни яккалаб қўймайди;
  • Ҳар қандай замонда ҳам ёмонлар бўлган ва бўлган. Уларнинг ёмонликларидан эса иффатини сақлаган кишиларгина омонда қолади. Шундай экан мусулмон киши ҳар қадамда хушёр ва эҳтиёткор бўлиши керак;
  • Аллоҳ бандаларини синаган пайтда чиройли сабр қилиб Раббиларидан яхшиликни сўрашлари лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизга тақво, Ўзини доим ёд этиб юриш, мусибат пайти сабр қилиб, неъмат келганда эса шукр қилиш бахтини насиб этсин! Охиратда хато ва камчиликларимизни авф этиб, бизларни жаннати билан мукаррам қилсин! Омин!

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

 “Новза” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатнинг мисоли

26.08.2026   39476   3 min.
Жаннатнинг мисоли

“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).


Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бир­бирига ўхшаш эмас.


Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.


Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.


Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.


Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.


Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.


Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.


Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан

Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ибратли ҳикоялар