Оиша онамиз дедилар:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим».
* * *
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».
* * *
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.
* * *
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади».
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи», дедилар».
* * *
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?» дедилар.
У зот:
«У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг аммаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади», дедилар».
* * *
Усмон ибн Муҳаммад ибн Муғийра ибн ал-Ахнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбондан кейинги шаъбонгача ажаллар (умрлар) белгиланади. Бир киши уйланиб, фарзанд кўради. Ваҳоланки, унинг исми вафот этганлар сафига киритиб қўйилган бўлади», дедилар».
* * *
Рошид ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло ўлим фариштасига ўша йилда қабз қилишни ирода қилган ҳар бир жонни қабз қилишни ваҳий қилади», дедилар».
* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, мушрик ва хусуматчидан ташқари барчани мағфират қилади», дедилар».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйиб, (ташқарига) чиқдим. Қарасам, у зот Бақиъ қабристонида эканлар. У зот:
«Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилади деб қўрқдингми?» дедилар. Мен:
«Аёлларингиздан бирортасининг олдига келдингизмикан, деб ўйлабман», дедим. У зот:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушиб, Калб қабиласининг қўйларининг жунларидан ҳам кўпроқ кишиларни мағфират қилади», дедилар».
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат билан назар қилиб, мушрик ёки хусуматчидан бошқа махлуқотларининг барчасини мағфират қилади», дедилар».
* * *
Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига (раҳмат назари билан) қарайди ва жамики махлуқотларини мағфират қилади. Фақат мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Абу Саълаба ал-Хушаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди. Мўминларни мағфират қилиб, кофирларга муҳлат беради ва гина аҳлини ўз гиналаридан воз кечмагунларича тарк қилади», дедилар».
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига қараб, бандаларини мағфират қилади. Фақат икки (тоифа) кишилар бундан мустаснодирлар. (Улар) хусуматчи ва (ноҳақ) одам ўлдирувчи», дедилар».
* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларини мағфират қилади. Фақат мушрик ёки хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларига раҳмат назари билан қараб, мушрик ва қалбида гинаси бор кишидан бошқаларнинг барчасини мағфират қилади»
* * *
Касир ибн Мурра ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ азза ва жалла ер аҳлини мағфират қилади. Мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (Аллоҳ таоло томонидан бир) нидо қилувчи: «Мағфират сўровчи борми, уни мағфират қилсам! Сўровчи борми, унга берсам!» деб нидо қилади. Фаржи билан зино қилувчи аёл ёки мушрикдан ташқари ким нимани сўраса, (сўраган нарсаси) унга берилади», дедилар».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кириб, кийимларини ечдилар, кўп ўтмай, кийимларини қайтадан кийдилар. Рашким тутди ва у зот кундошларимнинг бирортасиникига кетиб қолдилармикан, деган хаёлга бордим. (Ҳужрамдан) чиқиб, у зотнинг орқасидан эргашдим. У зотни Бақиъул ғорқода топдим. У зот мўмину мўмина ва шаҳидлар ҳаққига мағфират сўраётган эдилар. Дилимда: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз Роббингизнинг иши билан экансиз-у, мен эса дунё иши билан овора эканман», дедим. Ортимга қайтиб, хансираган ҳолатда ҳужрамга кирдим. Расулуллоҳ орқамдан етиб келиб:
«Бу нима нафас олиш, эй Оиша!» дедилар. Мен:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳузуримга кириб, кийимингизни ечдингиз, кўп ўтмай кийимингизни қайтадан кийдингиз. Шунда қаттиқ рашким келди. Кундошларимнинг бирортасиникига кетдингизмикан, деган хаёлга бордим. Ниҳоят сизнинг Бақиъ қабристонида нима қилаётганингизни кўрдим», дедим. У зот:
«Эй Оиша! Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилишидан қўрқдингми? Аслида Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бу кеча шаъбоннинг ўн бешинчиси. Бу кеча Аллоҳ таоло Калб қабиласи қўйларининг жунлари ададича кишиларни дўзахдан озод қилади. Лекин бу кеча Аллоҳ таоло мушрик, қалбида гинаси бор, қариндош-уруғ ришталарини узувчи, почасини ошиғидан тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлган, ароқ ичишни одат қилган кишиларга раҳмат назари билан қарамайди, – дедилар. Сўнг кийимларини ечиб: – Эй Оиша! Бу кечани бедор ўтказишга менга изн берасизми?» дедилар. Мен:
«Майли, ота-онам сизга фидо бўлсин», дедим.
У зот ўринларидан турдилар ва узоқ сажда қилдилар. Ҳатто мен у зотнинг руҳлари қабз қилиндимикан, деб ўйладим. Ушлаб кўриш учун ўрнимдан турдим ва қўлимни оёқларининг остига қўйдим. У зот қимирлаган эдилар, хурсанд бўлиб кетдим. Мен у зотнинг саждада «Аъузу би афвика мин иъқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука ла уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта алаа нафсика», деяётганларини эшитдим. Тонг отгач, уларни у зотга зикр қилган эдим:
«Эй Оиша! Уларни ўрганиб олдингизми?» дедилар. Мен:
«Ҳа», дедим. У зот:
«Уларни ёдлаб олинг ва (ўзгаларга) ўргатинг. Чунки Жаброил алайҳиссалом уларни менга ўргатиб, саждада такрор-такрор ўқишимга амр қилдилар», дедилар».
Дуонинг таржимаси: «Сенинг афвинг ёрдами ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Сенинг розилигинг ёрдами ила ғазабингдан паноҳ сўрайман. Сенинг ёрдаминг ила Сендан паноҳ сўрайман. Важҳинг улуғ бўлди. Сенга санони ҳисобламайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтганинг кабисан».
* * *
Аъло ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда туриб, намоз ўқидилар ва саждани узун қилдилар. Ҳатто қабз қилиндилар, деб гумон қилдим. Ўшани кўрибоқ, бошмалдоқларини қимирлатган эдим, қимирлади. Сўнг ортга қайтдим. Саждадан бошларини кўтариб, намоздан фориғ бўлдилар-да:
«Эй Оиша – ёки эй Ҳумайро, – Набий сенга адолатсизлик қилди, деб ўйладингми?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Аллоҳнинг Расули. Лекин саждангиз чўзилиб кетганидан қабз қилиндингизми деб ўйладим», дедим.
«Бугун қайси кечалигини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дедим.
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси. Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида бандаларига қарайди ва истиғфор айтувчиларни мағфират қилиб, раҳм сўровчиларга раҳм қилади. Хусуматчи аҳлни ўз ҳолларича қолдиради», дедилар».
* * *
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:
«Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон» (дейди)» дедилар».
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
исмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ибн Можа Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Эй Аллоҳим, умматимнинг пайшанба кунги барвақт (қилган ишлар)ида барака бергин!” дейилган).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари ва бунинг тасдиғи ўлароқ ҳадис ровийсининг ҳаётидан ибратли воқеа ҳам келтирилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!”, деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар.
Яъни: Аллоҳим, менинг умматим ичидан эрта тонгда барвақт амал қилувчиларнинг амалларига, касб-кор қилувчиларнинг касбларига, илм талабида бўладиганларнинг илмларига барака бергин. Уларнинг ишлари ва амалларини серунум, ривожли ва давомли қилгин!
Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда тунни уйқу вақти, кунни эса тирикчилик олиб борадиган пайт қилиб қўйганини айтган. Шунга биноан, куннинг аввалидан ҳаракатда бўлиш яхши натижаларга сабаб бўлади.
Умматларини эрта туришга ва барвақт ҳаракатда бўлишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларига энг аввал ўзлари амал қилардилар. Агар у зот бирон ерга вазифа билан кичик бир гуруҳ ёки каттароқ қўшинни юбормоқчи бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар.
“Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди”.
Ушбу ҳадис ровийси Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий тижорат билан шуғулланар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, Сохр ҳам бирон ерга савдо карвони юбормоқчи бўлса, куннинг аввалида барвақт жўнатарди. Суннатга астойдил амал қилгани, қолаверса, эрта тонгда ризқ талабида бўлгани учун унинг савдосига барака кириб, ишлари олға силжий бошлади. Натижада Сохр розийаллоҳу анҳу бой-бадавлат кишилардан бирига айланди.
Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият(омили)дир” (Имом Табароний “Авсат”да ривоят қилган).
Ҳар биримиз эрта тонгдан ризқ талабида бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки барвақт қилинган ҳаракат барака ва ютуқлар калитидир. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сабаби буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб турибдилар. Аввалги саҳиҳ ривоятда ҳам бу маъно таъкидланган эди.
Олдин айтиб ўтганимиздек, “ризқ” бир тарафдан моддий неъматларни, иккинчи тарафдан эса маънавий-руҳий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Чунончи, ақл, илм, идрок, зеҳн ва шу кабилар ҳам инсонга бериладиган ризқдир. Шу сабаб ҳам, китобларимизда эрта тонгда илм талаб қилишга тарғиб қилинади ва уламолар ҳаётидан ибратли ҳолатлар мисол қилиб келтирилади. Эрта тонгда илм талаб қилишнинг фазилатли эканига сабаб шуки, ҳадисда айтилаётганидек, бу пайт баракалидир. Маълумки, уйқудан уйғонгач, инсон танасида тетиклик, миясида ҳам бардамлик кузатилади. Бундан ҳолатда ўқилган илм, ёд олинган оят ёки ҳадис хотирага мустаҳкам ўрнашади ва зеҳнга яхши сингийди. Хуллас, хоҳ дунёвий ҳожат бўлсин, хоҳ ухровий – зикр ва дуо каби ибодатлар бўлсин, агар улар эрта тонг адо этилса, Аллоҳ бундай ишларга барака ва ривож ато этади.
Амр ибн Усмон ибн Аффон отасидан ривоят қилади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги (уйқу) ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади заиф).
“Ризқни тўсади” жумласи “ризқнинг баракали бўлишини ман қилади” маъносини англатади. Зеро, тонг чоғида то қуёш чиққунча ухлаб ётувчи қанчадан-қанча одамлар борки, улар ризқдан бутунлай маҳрум бўлиб қолмайдилар. Балки уларнинг ризқида барака ва ишларида унумдорлик бўлмайди.
“Файзул-қодийр” китобида шундай дейилган: “Кимки кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли-баракали бўлади. Ишлари ўнгидан келади. Аллоҳ тарафидан ўша банданинг ризқига барака берилади. Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланар экан. (Уйғоқ бўлиш билан) ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баробардир. Чунки, тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж ва дили хира бўлиб туради. Тирикчилиги ва касб-корида ҳам шижоат ва серғайратлилик йўқолиб, ишига ҳафсаласизлик билан ёндашади. Шу зайл ризқининг баракаси кетади”.
Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш чиқишидан олдинги уйқудан қайтарганлар” (Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
“Қуёш чиқишидан олдинги уйқу” бу тонг пайтидаги уйқудир. Аввалги ҳадисда эрталабки уйқу ризқнинг баракасини кетказиши айтилган бўлса, бу ерда ўша вақтда ухлашдан қайтарилмоқда. Чунки тонг чоғи, яъни бомдод намозидан кейинги вақт зикр-тасбеҳ, таҳлил, истиғфор айтиш ёки ризқ талабида ҳаракат қилиш учун қулай фурсатдир.
Бағавийнинг “Шарҳус сунна” китобида: “Бизга хабар қилинишича, Ер бомдод намозидан кейин ухловчи олимдан шикоят қилиб, Аллоҳга мурожаат қилар экан”, дейилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен тонг пайтида ухлаб ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар. У зот мени оёқлари билан қимирлатиб: “Эй қизалоғим, тур, Роббингнинг ризқ (тақсимлаш)ига гувоҳ бўл. Асло ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла тонгдан қуёш чиққунча бўлган пайт оралиғида одамлар ризқларини тақсимлайди”, дедилар (Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг чоғидаги уйқудан қайтарганлари яна бир бор таъкидланмоқда. Хуллас, банда тонг пайтида уйғоқ ҳолда бўлиб, бирон манфаатли иш билан машғул бўлиши, дунё ва охират ободлиги учун интилиши лозим.
Одилхон қори Юнусхон ўғли