Уйга ҳалол ризқ топиб бориш керак. Жамиятда тарқаб қолган, қулоққа чалинган гаплардан бири шуки, баъзи жоҳил кимсалар одамларни алдаб, пулини еб кетиб, кейин бир марта ҳажга борсам, гуноҳларим ювилади деб ўйлаб юришган экан. Ёшликда, куч-қувват борида ана шундай гуноҳ ишларни қилиб юриб, кейин қариганда ҳажга бориб келсам, онадан туғилгандай бўлиб қоламан деб юрган ёшлар ҳам бор экан. Гуноҳни қилиб-қилиб, кейин ҳажга борар экан-да, кейин яна бошлар экан. Кейин яна бир бориб келар эмиш, охиргисидан кейин бу ишни тўхтатар эмиш, чунки анча ўзига келиб олган бўлар эмиш. Шундай жоҳил, нодон одамлар бор экан орамизда. Шу тушунчаси билан масжидга қатнаб юрибди. Аммо одамларни ишонтириш учун, ўзини намозхон қилиб кўрсатиш учун қатнаяпти. Бундайларга айтиб қўйишимиз керакки, билиб туриб қилинган гуноҳни Аллоҳ кечирмайди, аксинча, унинг азоби жуда қаттиқ бўлади. Билмай қилган бўлса, Аллоҳ кечирса-кечирар, Ўзига ҳавола. Аммо қасддан қилинган гуноҳдан Ўзи асрасин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Наманган вилоятида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчиларини ишга тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Наманган вилояти бош имом хaтиби Абдуллоҳ Самадов ҳамда таълим муассасаси директори Қобилжон Мирзабоев битирувчиларни ишга тақсимлашга доир масалаларга тўхталишди.
Маълумот учун, "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бу йилги битирувчилари сони 35 нафар бўлиб, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига тайинланади. Таълимни давом эттирмоқчи бўлганлар эса Тошкент ислом институти ва бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, таълим муассасасида “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини сайқал топтириш ҳамма даврлар учун муҳим вазифа саналиб келишини таъкидлади.
Тадбирлар сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, хайрли дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати