Савол: Боин талоқдан идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйса бўладими?
Жавоб: Динимизда инсоннинг қадри, унинг шаъни шу қадар юксакки, ҳатто вафот этган одамга ҳам тириклар каби ҳурмат сақланади. Шунинг учун бир киши вафот этса, унинг беваси эрининг, никоҳнинг ҳаққи-ҳурмати туфайли идда ўтиради. Бу иддадан мақсад фақатгина унинг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш эмас. Бева қолган аёл эри билан бирга яшаган ҳаётининг ҳурмати учун ҳам идда ўтиради. Шунинг учун эри вафот қилгани учун идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйиш мумкин эмас. Бундай аёлга совчи қўйилса, мақсадни очиқ айтмай, ишора билан изҳор қилинади. Бу нарса шариатимизда таъриз деб аталади. Масалан, бева қолган аёлнинг акасига «Синглингизнинг иддаси тугаганда менга хабар қилинг», дейиш мумкин.
Эри бор, аммо ундан боин талоқ олган аёлларнинг масаласи ҳам худди шундай. Уларга ҳам очиқча совчи қўйиб бўлмайди. Совчи бўлиш учун идда тугашини кутиш керак. Шундан кейингина, агар ўзининг эри уни қайтариб олмаса, иддаси тугаб, боши очиқ бўлгандан кейингина унга совчи қўйса бўлади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.
Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ