Савол: Боин талоқдан идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйса бўладими?
Жавоб: Динимизда инсоннинг қадри, унинг шаъни шу қадар юксакки, ҳатто вафот этган одамга ҳам тириклар каби ҳурмат сақланади. Шунинг учун бир киши вафот этса, унинг беваси эрининг, никоҳнинг ҳаққи-ҳурмати туфайли идда ўтиради. Бу иддадан мақсад фақатгина унинг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш эмас. Бева қолган аёл эри билан бирга яшаган ҳаётининг ҳурмати учун ҳам идда ўтиради. Шунинг учун эри вафот қилгани учун идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйиш мумкин эмас. Бундай аёлга совчи қўйилса, мақсадни очиқ айтмай, ишора билан изҳор қилинади. Бу нарса шариатимизда таъриз деб аталади. Масалан, бева қолган аёлнинг акасига «Синглингизнинг иддаси тугаганда менга хабар қилинг», дейиш мумкин.
Эри бор, аммо ундан боин талоқ олган аёлларнинг масаласи ҳам худди шундай. Уларга ҳам очиқча совчи қўйиб бўлмайди. Совчи бўлиш учун идда тугашини кутиш керак. Шундан кейингина, агар ўзининг эри уни қайтариб олмаса, иддаси тугаб, боши очиқ бўлгандан кейингина унга совчи қўйса бўлади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Салим ал-Малик
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти
(ИCEСCО) Бош директори
— Ўзбекистон Республикаси ва ИCEСCО ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тарихий анжуман оддий тантана эмас. Бу — Имом Бухорийнинг буюк илмий меросини асраш, унинг ҳаққоний моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш, шунингдек, мусулмон умматининг маънавий ўзлиги ва цивилизацион меросини муҳофаза қилиш йўлидаги юксак масъулият ифодасидир. Ишонаманки, бу конференция ҳақиқатни илм билан ҳимоя қилишнинг ёрқин намунаси сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллайди.
Биринчидан, ҳадиси шариф илмига бағишланган халқаро илмий конференцияни ҳар йили турли ислом мамлакатларида муайян мавзулар асосида мунтазам ўтказишни таклиф этаман. Бу илм аҳлининг ўзаро тажриба алмашиши, янги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Иккинчидан, ҳадис илмини ривожлантириш, мазкур соҳадаги фундаментал тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили нуфузли халқаро мукофот таъсис этишни таклиф қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбариятига, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жанобларига ушбу халқаро конференцияни ташкил этиш ташаббуси учун самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.
Икки йил аввал муҳтарам Президент билан учрашганимизда у киши Имом Бухорий меросига бағишланган йирик халқаро конференция ўтказиш нияти ҳақида сўз юритган эдилар. Бугун эса ана шу эзгу ғоя Самарқанднинг муқаддас заминида амалда рўёбга чиққанини кўриб турганимиз барчамиз учун катта мамнуният ва қувонч бағишлайди.
Ушбу анжуман Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш, унинг илмий аҳамиятини кенг тарғиб этиш ва инсониятнинг умумий маънавий тараққиётига хизмат қиладиган янги халқаро ташаббусларга мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонаман.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати