Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Муҳим асар тақдимоти

20.04.2017   5275   2 min.
Муҳим асар тақдимоти

Бугунги кунда ёшлар орасида интернетнинг “жозибадор” ва   кўзга кўринмас қармоқларига илиниб қолишини олдини олиш, уларни интернетдаги тахдидларидан ҳимоялаш, келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ёзилган муҳим асарлардан бири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов қаламига мансуб “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобидир.

Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом институти ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида ушбу китобнинг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда  республикамиздаги барча диний таълим муассасаларидан келган устоз ва талабалар иштирок этдилар.

Дастлаб, Тошкент вилояти вакили Хайрулла Турматов сўзга чиқиб, ушбу китобда, ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларига муносиб ечимлар борлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов сўзга чиқиб, китобнинг бугунги кундаги аҳамияти, ундаги ҳаётий воқеъалардан жонли мисоллар келтирди.

Тақдимот давомида талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши тақдим этилди.

Тақдимот сўнгида, Тошкент ислом институти талабалари орасида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг янги нашри бўйича ўтказилган танлов  натижалари эълон қилинди. Унга  кўра, 1-“б” курс  талабаси Мансуров Мусахон, 2-“д” курс талабаси Нажмиддинов Бахтиёржон ва  3-“б” курс талабаси Низаматдинов Есенгелдилар ғолиб деб топилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тақдимот маросими Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб қилган эзгу дуолари билан якунланди.

 

Камолиддин МАҲКАМОВ,

Тошкент ислом институти

Ахборот ресурс маркази мудири.

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

14.09.2026   14305   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.

B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари