Бугунги кунда ёшлар орасида интернетнинг “жозибадор” ва кўзга кўринмас қармоқларига илиниб қолишини олдини олиш, уларни интернетдаги тахдидларидан ҳимоялаш, келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ёзилган муҳим асарлардан бири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов қаламига мансуб “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобидир.
Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом институти ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида ушбу китобнинг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда республикамиздаги барча диний таълим муассасаларидан келган устоз ва талабалар иштирок этдилар.
Дастлаб, Тошкент вилояти вакили Хайрулла Турматов сўзга чиқиб, ушбу китобда, ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларига муносиб ечимлар борлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов сўзга чиқиб, китобнинг бугунги кундаги аҳамияти, ундаги ҳаётий воқеъалардан жонли мисоллар келтирди.
Тақдимот давомида талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши тақдим этилди.
Тақдимот сўнгида, Тошкент ислом институти талабалари орасида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг янги нашри бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Унга кўра, 1-“б” курс талабаси Мансуров Мусахон, 2-“д” курс талабаси Нажмиддинов Бахтиёржон ва 3-“б” курс талабаси Низаматдинов Есенгелдилар ғолиб деб топилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тақдимот маросими Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб қилган эзгу дуолари билан якунланди.
Камолиддин МАҲКАМОВ,
Тошкент ислом институти
Ахборот ресурс маркази мудири.
Бугун, 2 сентябрь куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида ҳамда Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
"Глобал ўзгаришлар шароитида оилавий масалалар: оилани ҳимоя қилиш, унинг келажаги ва миллий-диний ўзликни асрашда фатво ёндашувлари" мавзусидаги мазкур илмий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган халқаро йиғинда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи муфтийлар, таниқли уламолар, халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуман кун тартибидан замонамизнинг қуйидаги энг долзарб масалалари ўрин олган:
– Глобаллашув, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида оила институти дуч келаётган муаммоларнинг илмий таҳлили;
– Замонавий оилавий инқирозларни пухта тадқиқ этиш ва уларга шаръий ҳамда амалий ечимлар топиш;
– Виртуал муҳитнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш йўллари;
– Миллий-диний ўзликни сақлаш ва зарарли медиа контентларга қарши курашда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш.
Халқаро анжуман тафсилоти билан сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати