
Қуддуси Шарифнинг Эски шаҳар томонида жойлашган Масжидул Ақсо Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром, Мадинаи Мунавварадаги Масжиди Набавийдан сўнгги учинчи муқаддас макон ҳисобланади.
Бунинг бир неча сабаблари бор. Биз уларнинг энг эътиборлиларини айтиш билан чекланамиз:
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг исро ва меърож кечаси. “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир” (Исро сурасининг 1-ояти);
Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий тушган маконлардан бири. Абу Умама хабар беради: Пайғамбар алайҳиссалом: “Менга ваҳий уч жойда тушди: Маккада, Мадинада ва аш-Шомда”, дедилар (Абу Довуд, Табароний);
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзидан олдин келган пайғамбарлар алайҳиссаломлар билан шу ерда учрашади ва уларга имомликка ўтиб намоз ўқийдилар. Намоздан сўнг У зотга фаришталар пиллапоя бўлиб еттинчи қават осмонга кўтариладилар. Аллоҳ таолонинг ҳузурларига чиққанларидан сўнг Роббимиз севикли Расулига намознинг тартиб-қоидасини ўргатади;
Масжидул Ақсо мусулмонларнинг Маккадан олдинги биринчи қибласи бўлган. Ал-Барра розияллоҳу анҳу: “Биз Аллоҳнинг Расули билан бирга ўн олти ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқидик, кейин юзимизни янги қибла – Маккага қараб ўгирдик”, дедилар (Бухорий);
Масжидул Ақсога боришнинг фазилати. Абу Ҳурайро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади; Менинг ушбу масжидимга, Масжидул Ҳаромга ва Масжидул Ақсога”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий).
Масжидул Ақсони ким, қачон қурган?
Ана шу савол ҳар доим фикр эгаларини ўйлантириб келган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим. У зот: “Масжидул Ҳаром”, дедилар. “Сўнгра қайси?” дедим. “Масжидул Ақсо” дедилар. “Ораларида қанча (вақт) бор?” дедим. “Қирқ йил”. Сўнгра: “Ер сенинг учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса, ўқи”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Насаий).
Ушбу ҳадиси шариф юзасидан тадқиқот ишлари олиб борган атоқли олимлар турлича хулосага келганлар. Жумладан, Ал-Қуртубий “Жамийил аҳкомил-Қуръон” китобида: “Олимлар Қуддуси шарифга ким асос солгани ҳақида бир фикрга кела олмади. Аммо Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қургани айтилади. Эҳтимол, орадан қирқ йил ўтиб унинг ўғли Қуддусни қургандир. Шунингдек, Байтул Ҳаром барпо бўлганидан кейин, уни, балки Аллоҳнинг изни билан фаришталар қургандир. Шундай бўлиши ҳам мумкин, энг тўғрисини Аллоҳ билгувчидир”, деб ёзган.
Ибн Хожар “Китобун аҳадисил-анбиё” асарининг бошида: “Ҳақиқатан, Масжидул Ақсога биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом асос солган. Шунингдек, уни фаришталар қургани ҳам айтилади. Яна бошқа манбаларда унинг асосчиси Нуҳ алайҳиссалом дейилади. Бошқа манбада эса Яъқуб алайҳиссалом қургани ҳақида сўз боради” деб ёзган. Яна у айтадики: “Мен икки масжидни ҳам Одам алайҳиссалом қурган деган фикрнинг тасдиғини топдим: Ибн Ҳишом “Китобул-тижон” асарида бундай ёзган: “Одам алайҳиссалом Каъбани қурганидан сўнг Аллоҳ таоло унга бориб Қуддусни қуришни амр этди. У Қуддусни барпо этди ва ўша ерда сажда қилди”.
Ас-Суютий “Сунани-Насаий” асарида: “Масжидул Ақсони, ҳақиқатан, Одам алайҳиссалом қурди. Иброҳим алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломнинг қурилишлар эса масжиднинг янгиланиши эди, масжидни улар янгидан қурмаган”, дейди.
Ислом тарихига оид манбаларда Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом барпо этгани, аммо бунда масжид янгилангани, кенгайтирилгани ва келажак авлодларнинг ибодати учун тайёрлангани, лекин масжидга у асос солмагани айтилган.
Абдуллоҳ ибн Амир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом Байтул Мақдисни бино қилган чоғларида уч нарсани сўради; У(Аллоҳ)нинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, бас, унга бу берилди. Ўзидан кейин бировга берилмайдиган мулкни, бас унга бу ҳам берилди. Унинг биносидан фориғ бўлганларида, у ерга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидек чиқаришини сўради” (Насаий).
Қуддуснинг нидоси
Қуддусни босиб олган румликлар (IV-боши, VII-охирлари) “диний” маросимларини ва бошқа тантаналарини Ибодатхона тоғида ўтказган бўлса-да, амалда у жойни шаҳар ахлатхонасига айлантирган эди. Аммо узоқ давом этган истибдод даврида ҳам Ибодатхона халқнинг хотирасидан ўчмади. Қадимий маънавият марказининг шон-шуҳратини қайта тиклаш, буткул харобага айлантирилган, булғанган муқаддас масканни поклаш орзуси бадиий адабиётнинг асосий мавзусига – нидоларига, башоратларига айланди. Қуддус ўзининг зимистон тақдири ва буткул харобага айланганидан шикоят этган муножотларидан бирига жавобан Аллоҳ таоло: “Мен сени Менинг амрим билан қайта қурадиган бандаларимни юбораман. Улар сенинг устингни ахлатлардан тозалайди ва ўша жойда туриб Менга ибодат қилади”, дейди.
Қуръони каримга шарҳ ёзган фақиҳ ва тарихчи олим ат-Табарий турли манбалардан олган маълумотларга таяниб маълумот беришича, 637 йил патриарх Софрониянинг таклифи билан Қуддусга ташриф буюрган Умар розияллоҳу анҳу румликларнинг шаҳарни арабларга топшириш тўғрисида тузган шартномасини имзолаши, яъни шаҳарни улардан қабул қилиб олиши керак эди. У зот бу ерга келганларидан сўнг Ибодатхонанинг қаерда эканини сўрадилар. Ибодатхона тоғининг юқорисига кўтарилганларида ўраб қўйилган, ахлатга тўла жойни кўриб Пайғамбар алайҳиссалом тасвирлаган жой эканини билдилар ва ўз қўллари билан тозалай бошладилар. Халифага йўлбошловчилик қилиб келган яҳудийлар унинг кийимлари чангга ботиб бу ерни ахлатдан тозалаётганини кўриб, бу воқеадан беш юз йил олдин: “Севин, Эй Қуддус! Сени устингдаги ахлатлардан тозалаш учун Форуқ келади”, деб айтилган башаротнинг амалда рўй берганини эълон қилдилар.
Ибодатхона тоғи ахлатдан тозалангандан сўнг шу ерда Қуддусдаги биринчи жоме масжиди қурилди. Умар розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг кўп асрлик қувғинига барҳам бердилар ва уларга Қуддусда яшашга рухсат этдилар. 670 йил Қуддусга келган насроний епископи Аркульфа “Масжид қачонлардир қурилган Ибодатхонанинг ўрнидан барпо этилган ва тўртбурчакли ибодат жойи қандайдир харобалар қолдиғидан тўсинлар билан тўсиб қўйилган”, деб ёзган эди. “Айтишларича, – деб қўшиб қўяди епископ, – бу ибодатхонага бир вақтнинг ўзида уч минг киши сиғар эмиш”. Ана шу соддагина қурилиш муқаддас ал-Ақсо масжидининг тарихини бошлаб берган ва Байт ал-Муқаддас ёки Узоқдаги масжид – Масжидул Ақсо деб ном олган мусулмон меъморий ансамбли шаклланишига замин тайёрлаган эди.
Кейинчалик, VII аср охири – VIII бошларида халифа Абдулмалик ибн Марвон амрига биноан масжид ҳудудини кенгайтириш ишлар бошланади ва 705 йил ал-Волид даврида бу иш ниҳоясига етади. 746 йилги зилзила оқибатида масжид буткул вайрон бўлади ва 754 йил аббосийлар сулоласидан бўлган халифа ал-Мансур даврида қайта тикланади. Унинг меросхўри ал-Маҳди 780 йил масжидни тўла таъмир эттиради. 1033 йил юз берган зилзиладан Масжидул Ақсонинг катта қисми зарар кўради. Орадан икки йил ўтиб фотимийлар сулоласи вакили Али аз-Зоҳир яна бир масжид қурдиради. Ўша масжид ҳозирги кунгача сақланиб турибди. Вақти-вақти билан бу ерда таъмирлаш ишларини олиб борган ҳукмдорлар унинг ҳудудидан унга қўшимча бинолар қурдирган, гумбазлар, фасадлар, минбарлар, миноралар қўштирган ҳамда ички тузилишини ўзгартирган.
Таъмирлаш ишлари
“Узоқ жойдаги” баракали қилиб қўйилган масжид биносини таъмирлаш ва капитал таъмирлаш ишлари бир неча бор амалга оширилган. Уларнинг энг аҳамиятлилари – XI, XIV ва XVI асрларда, ниҳоясида XIX асрдаги таъмирлаш ишларидир. XX юзйилликда эса Иордания ҳашиматийлар қироллик уйининг бевосита иштироки ва васийлигида масжидни капитал таъмирлаш ишлар уч босқичда олиб борилди. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар давомида таъмирлаш вақтида бориб ўрганишлар мусулмонларнинг маънавий ва ижодий маданиятининг муҳташам ёдгорлигининг нақадар гўзаллиги ва улуғворлигининг эътироф этилишига сабаб бўлди.
Масжидул Ақсо юзлаб йиллар давомида мадрасалар, намозхоналар, азизларнинг қабрлари, жамоат таҳоратхонлари, минбарлар каби янги иншоотлар билан бойиб борган ва Гумбаз қоя хазинаси замирида Ҳаром аш-Шариф ансамблининг шаклланишига шароит яратган.
Пайғамбар алайҳиссалом осмонга кўтарилаётганда Мориа тоғининг ўртасидаги қояга муборак оёқларини қўйганлар. Ўнинчи асрда яшаган тарихчи ал-Яъқубий ёзишича, ўша воқеадан етмиш йил ўтгандан сўнг 691 йил умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон муборак жойни қуёш нуридан тўсиш ҳамда бошқа таъсирлардан муҳофаза қилиш учун қоя устига гумбаз ўрнаттирган. У – Ислом тарихидаги биринчи гумбаз ҳисобланади. Гумбаз ёғочдан ясалган ва устига сопол қопланган. Орадан минг йилга яқин вақт ўтиб Султон Сулаймоннинг ҳукмронлиги даврида унинг устки қатламига олтин қўшилган.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда ёшлар тарбияси, уларнинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ёшлар – миллатнинг эртанги куни, мамлакатнинг таянчи ва келажагидир. Шу боис уларни турли ёт ғоялар, зарарли одатлар ва жамият тараққиётига таҳдид солувчи иллатлардан асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларимиз олдида турган энг катта хавфлардан бири – гиёҳвандликдир. Бу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки унинг маънавий дунёсига, оиласига, жамиятга ва давлат тараққиётига ҳам жиддий зарар етказади. Гиёҳвандликка мубтало бўлган инсон ўзининг соғлиғи, обрўси ва келажагини хавф остига қўйибгина қолмай, атрофидаги инсонларнинг ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳванд моддалар инсон организмини секин-аста емириб боради. У асаб тизими, юрак-қон томирлари, жигар ва бошқа муҳим аъзолар фаолиятига жиддий зарар етказади. Энг ачинарлиси, инсоннинг ақлий қобилияти пасайиб, фикрлаш доираси тораяди, ҳаётга қизиқиши сўнади. Натижада у таълимдан, меҳнатдан, оиладан ва жамиятдан узоқлашиб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қўл уриши мумкин.
Ислом дини инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашга алоҳида аҳамият беради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май ичиш, қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва фол очиш – шайтоннинг нопок ишларидандир. Улардан узоқ бўлинглар, шоядки нажот топсангизлар.” (Моида сураси, 90-оят)
Ушбу оятда инсон ақлини заифлаштирувчи ва уни тўғри йўлдан оғдирувчи барча нарсалардан узоқ бўлишга чақирилган. Гиёҳванд моддалар ҳам инсон онги ва иродасини заифлаштириши билан мазкур огоҳлантириш мазмунига киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсоннинг ўз танаси ва саломатлиги олдида масъул эканини таъкидлаб шундай деганлар:
“Жисмингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, кўзингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, оилангнинг ҳам сенда ҳаққи бор”. (Имом Бухорий, Имом Муслим)
Демак, инсон ўз ҳаёти ва соғлиғини асраши, унга зарар етказувчи ҳар қандай омилдан узоқ бўлиши лозим.
Бугунги кунда гиёҳвандликнинг янги ва хавфли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, синтетик наркотиклар ёшлар орасида жиддий таҳдидга айланмоқда. Улар арзонлиги, яширин тарқатилиши ва интернет орқали сотилиши билан хавфли ҳисобланади. Айрим ҳолларда ёшлар бу моддаларнинг оқибатларини англамасдан, қизиқиш ёки тенгдошлар таъсирида уларни истеъмол қилишга мойил бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш мақсадида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ва замонавий таҳдидларга қарши самарали механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Унда аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши қаратилган жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, ноқонуний нарколаборатория ташкил қилиш, наркотик моддалар савдосини бошқариш, бангихона ташкил этиш каби оғир жиноятлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса гиёҳвандликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Янги қонун лойиҳаларида аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга қарши курашиш, эрта профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Гиёҳвандликнинг зарари фақат инсон саломатлиги билан чекланиб қолмайди. У мамлакат иқтисодиётига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Меҳнат қобилиятининг пасайиши натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги тушиб кетади. Давлат бюджети ҳисобидан даволаш, реабилитация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишларига катта маблағлар сарфланади. Шу билан бирга, гиёҳвандлик жиноятчиликнинг кўпайишига, оилалар парокандалигига ва ижтимоий муаммоларнинг ортишига сабаб бўлади.
Бу иллатга қарши курашда оила, маҳалла, таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги жуда муҳимдир. Фарзандлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик, спорт ва ижодий фаолиятга жалб қилиш орқали кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.
Азиз ёшлар! Сизлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва келажагисиз. Ҳаётда катта мақсадлар қўйинг, илм олинг, касб эгалланг, спорт билан шуғулланинг, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилинг. Гиёҳванд моддалар ҳеч қачон бахт ва муваффақият олиб келмайди. Аксинча, улар инсонни ҳалокат сари етаклайди.
Пок ҳаёт, соғлом турмуш тарзи, мустаҳкам ирода ва эзгу мақсадлар ҳар қандай ёмон йўлдан сақлайди. Шунинг учун ҳар биримиз гиёҳвандликка қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, ёшларимизни бу иллатдан асраш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик – жисм ва руҳни емирувчи, оила ва жамиятни издан чиқарувчи, иқтисод ва маънавиятга катта зарар етказувчи иллатдир. Ундан ёшларни асраш – нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир ота-она, устоз, имом-хатиб ва фуқаронинг муқаддас вазифасидир.
Келажагимизни асрайлик, ёшларимизни соғлом ва пок ҳаёт сари чорлайлик! Зеро, ёшларимиз – бизнинг келажагимиздир.
Фируз АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги матбуот котиби