Қадим замонда Африкада бир подшоҳ бўлиб, унинг дўсти бор экан. Дўстининг бир одати бор эканки, у нима иш содир бўлса, яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, "Бу яхши!" дер экан.
Подшоҳ овга чиққан пайтида дўстини ўзи билан олиб борар, у шоҳга милтиғини ўқлаб бериб турар экан. Бир куни милтиқни нотўғри ўқлагани сабабли подшоҳ ундан отганида бош бармоғи узилиб кетибди. Буни кўриб подшоҳнинг дўсти ҳар доимгидек "Бу яхши!" дебди. Оғриқдан ғазабланган подшоҳ: "Йўқ, бу яхши эмас", деб дўстини қамаб қўйишни буюрибди.
Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ яна ов қилиб юрганида одамхўр қабила аъзолари уни ўғирлаб кетибди. Подшоҳни устунга боғлаб, ўтин ҳозирлай бошлашибди. Одамхўрлардан бири тасодифан подшоҳнинг битта бармоғи йўқлигини кўриб қолибди. Улар ирим қилиб ногиронларни ейишмас экан. Шу сабабли подшоҳни қўйиб юборишибди. Подшоҳ одамхўрлардан қутилишига сабаб бўлган воқеани эслаб, қилган ишидан уялиб, тезда зиндонга бориб, дўстини чиқариб олибди ва унга бўлган воқеани айтиб берибди. Дўсти унинг гапларини тинглаб "Бу яхши!" дебди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб сўрабди: "Нега яхши бўлади, ахир мен сени бир йил зиндонда сақладим-ку?!" "Яхшилиги шундаки, агар мен зиндонда бўлмаганимда сиз билан овга борар ва одамхўрларга ем бўлар эдим".
Хулоса. Ҳар бир ишда бир яхшилик бўлади. Баъзида биз яхшилик деб ўйлаган нарсанинг кетидан ёмонлик келиши ва баъзан биз ёмонлик деб ўйлаган нарсанинг кетидан яхшилик келиши мумкин.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади
Профессор Усома Саййид Маҳмуд Муҳаммад Азҳарий,
Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири
— Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда.
Мен вазир бўлсам-да, ўзимни Имом Термизийнинг шогирди деб биламан. Эртага у зотнинг муборак мақбарасини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлишимдан беҳад мамнунман. Бу зиёрат олдидан қалбимда катта ҳаяжон бор.
Шунингдек, Миср Араб Республикаси Президентининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини форум иштирокчиларига етказиш мен учун катта шарафдир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда илм-маърифатни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.
Бундай эзгу ташаббуслар исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг намоён этиш, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати