Қадим замонда Африкада бир подшоҳ бўлиб, унинг дўсти бор экан. Дўстининг бир одати бор эканки, у нима иш содир бўлса, яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, "Бу яхши!" дер экан.
Подшоҳ овга чиққан пайтида дўстини ўзи билан олиб борар, у шоҳга милтиғини ўқлаб бериб турар экан. Бир куни милтиқни нотўғри ўқлагани сабабли подшоҳ ундан отганида бош бармоғи узилиб кетибди. Буни кўриб подшоҳнинг дўсти ҳар доимгидек "Бу яхши!" дебди. Оғриқдан ғазабланган подшоҳ: "Йўқ, бу яхши эмас", деб дўстини қамаб қўйишни буюрибди.
Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ яна ов қилиб юрганида одамхўр қабила аъзолари уни ўғирлаб кетибди. Подшоҳни устунга боғлаб, ўтин ҳозирлай бошлашибди. Одамхўрлардан бири тасодифан подшоҳнинг битта бармоғи йўқлигини кўриб қолибди. Улар ирим қилиб ногиронларни ейишмас экан. Шу сабабли подшоҳни қўйиб юборишибди. Подшоҳ одамхўрлардан қутилишига сабаб бўлган воқеани эслаб, қилган ишидан уялиб, тезда зиндонга бориб, дўстини чиқариб олибди ва унга бўлган воқеани айтиб берибди. Дўсти унинг гапларини тинглаб "Бу яхши!" дебди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб сўрабди: "Нега яхши бўлади, ахир мен сени бир йил зиндонда сақладим-ку?!" "Яхшилиги шундаки, агар мен зиндонда бўлмаганимда сиз билан овга борар ва одамхўрларга ем бўлар эдим".
Хулоса. Ҳар бир ишда бир яхшилик бўлади. Баъзида биз яхшилик деб ўйлаган нарсанинг кетидан ёмонлик келиши ва баъзан биз ёмонлик деб ўйлаган нарсанинг кетидан яхшилик келиши мумкин.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ