“Ният” арабча сўз. Ўзбекчада “мақсад”, “ўй”, “мўлжал”, “ўйлаб қўйилган иш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса ниятга Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Раддул Мухтор” китобида қуйидагича таъриф берган: “Ният бирор амални бажаришда Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қилиш ва тоатни қасд қилишдир”.
Уламонинг аксари ниятнинг ўрни қалб эканига иттифоқ қилган. Лекин ўша ниятни тил билан изҳор қилиб қўйишни маъқул санаганлар.
Улар амалларга киришишдан олдин ният қилишнинг бир неча ҳикматларини қуйидагича баён қиладилар: “Ниятнинг ҳикмати шуки, у билан ибодатларни одатда қилинадиган амаллардан ажратиш, ибодатларнинг баъзиларини бошқаларидан фарқлаш, Аллоҳ учун бўладиган амалларни бошқалар учун бўладиганларидан ажратишдир”. Масалан, овқат емаслик парҳез учун бўлиши ҳам мумкин ёки рўза учун бўлиши ҳам мумкин. Ана шу икки амалнинг орасини ният ажратиб беради.
Ният қалбнинг иши бўлиб, уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Ниятнинг яхши-ёмонлигига қараб, мукофот ёки жазо берилади. Чунки амаллар ниятга боғлиқ бўлади.
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Амаллар ниятга қараб баҳоланади”, дедилар”.
Ҳар қандай амалнинг зоҳири ва ботини мавжуд. Амалнинг зоҳири Аллоҳ ва Расулининг шариъатига мувофиқ бўлса, ўша амал тўғри бўлади. Агар амалнинг зоҳири шариъатга хилоф бўлса, бу амал бекор бўлади. Амалнинг ботини эса, қасд ва ният ҳисобланади. Аллоҳ таоло берадиган мукофотлар ҳам айнан ўша ботинга асосланган бўлади.
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " أَلا إِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلُحَتْ صَلُحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلَّهُ أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ...
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “...Огоҳ бўлинг! Тананинг ичида бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса бутун тана соғлом бўлади. Агар у яроқсиз бўлса, тананинг ҳаммаси яроқсиз бўлади. Билингки, у – қалбдир...”, деб ҳар нарсанинг аввалида қалб ва ундаги ният туришига урғу берганлар (Бухорий ривояти).
Шунинг учун ҳам ният амалнинг руҳи ҳисобланади. Мусулмонларнинг бир-бирига ниятингни тўғрила, ниятни холис Аллоҳ учун қил, деб эслатишлари ҳам бежиз эмас. Чунки ботин тўғри бўлса, зоҳир ҳам тўғри бўлади. Ботини ҳам, зоҳири ҳам тўғри бўлган амал эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Аллоҳнинг розилиги сабабли икки дунё саодатига эришилади.
Одамларнинг нияти ҳар хил бўлади. Баъзилар Аллоҳнинг азобидан қўрққанидан ибодат қилади. Яна бир тоифа Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб амал қилади. Бу иккаласидан ҳам юқори турувчи тоифа эса Аллоҳнинг тоатга, ибодатга лойиқ, улуғ Зот экани учун ибодат қилади. Бу ниятларнинг энг улуғи ва кучлисидир. Дунёга рағбат қўйган кишиларнинг бундай ният қилиши у ёқда турсин, уни тушуниш ҳам осон эмас. Бу мақомга эришган инсон Аллоҳга бўлган муҳаббати сабабли Раббисини зикр қилишдан ва Унинг улуғлиги тўғрисида тафаккур қилишдан ортмайди. Ниятсиз бўлган амал гўё қилинмагани каби эътиборсиздир. Ихлоссиз ният эса, риёнинг аломатидир. Аллоҳга ибодат қилишни хоҳлаган ҳар бир банда, энг аввало, ният нима эканини билиб олиши керак. Сўнгра нияти билан ихлос ва амални бирлаштириб, нажот томон интилиши зарур. Шундагина унинг амаллари охиратда фойда беради.
Инсон учун берилган неъматлар бисёр. Шулардан бири азиз умримиздир. Аммо бир марта бериладиган бу омонат умрни қандай сарфлаётганимиз билан бир-биримиздан фарқланамиз ва Яратган ҳузурида даража топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимни ўртача ёши 60 билан 70 орасидадир...”-деганлар (Термизий ривояти). Ҳа, жуда қисқа бир фурсат!
Тадқиқотчи олимлар фикрича, агар инсон 70 йил умр кўрса, ўртача куйидаги жадвалда келтирилган амалларни бажаришга вақти сарфланар экан.
|
Амаллар |
Бир кунда сарфлайдиган вақт |
70 йилда сарфлайдиган вақт |
|
Уйқу |
6 соат |
17.5 йил |
|
Таом |
1 соат |
3 йил |
|
Ҳожат ва ҳаммом |
30 дақиқа |
1.5 йил |
|
Иш |
8 соат |
23 йил |
|
Жами |
15.5 соат |
45.5 йил |
Аммо яратган Аллоҳнинг фазли ила шу қисқа умрни ният ва ихлосли амалларимиз ила зиёда қилиш имкони бор. Бу эса номаи аъмолимизга “ибодат” дея ёзилиши учун улкан имконятдир.
Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, дунё тўрт кишиникидир:
1) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳамда илм берган бўлса, у киши Раббисига тақво қилиб, қариндошлари билан алоқаларини боғласа ва бу топган мол-дунёсида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билса, шу киши энг афзал мақомдадир.
2) Аллоҳ таоло бир бандасига илм берган бўлса-ю, мол-дунё бермаган бўлса, аммо бу кишининг нияти холис бўлиб, агар менда ҳам мол-дунё бўлганида эди, фалончи киши каби яхшиликлар қилар эдим деб айтса, бу қилган нияти ила юқоридаги биринчи киши билан савоби тенгдир.
3) Аллоҳ бир бандасига мол-дунё берган бўлса-ю, аммо илм бермаган бўлса, у киши молни андишасиз, пала-партиш ишлатиб, Раббисига тақво қилмасдан, қариндошчилик алоқаларини узиб ва бу топган молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмаса, шу киши энг ёмон мақомдадир.
4) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳам, илм ҳам бермаган бўлса, бу киши: “Агар менинг мол-дунёйим бўлганида, фалон киши каби (яъни учинчи кишидек) ишлатар эдим”, деб айтса, бу киши мана шу нияти билан учинчи шахс каби гуноҳи тенгдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, амалларнинг қабул бўлиши, албатта, ниятга боғлиқдир. Ҳар ишимизда ва ҳар онда яхши ниятлар қилиб, шулар асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири
Ислом дини адолат ва ҳалоллик устига қурилган. Жамиятда адолат мезонларини бузувчи, инсонлар ҳаққини поймол қилувчи энг хатарли иллатлардан бири бу — коррупция (фасод) ва порахўрлик (ришват) дир.
Пора — Лаънатга , юртни инкирозга олиб борувчи ва одамлар орасидаги адоватга сабаб бўлувчи амалдир.
Динимизда бировнинг ҳаққини ноҳақ йўл билан ейиш қатъиян ман этилган. Пора бериш ва олиш Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашишга олиб келади.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар" (Абу Довуд ва Термизий ривояти)
Лаънат — бу Аллоҳнинг раҳматидан қувилиш демакдир. Бу иллат билан шуғулланувчи кимса нафақат дунёда, балки охиратда ҳам расволикка юз тутади.
Ботил йўл билан мол ейишнинг ҳаромлиги
Коррупция орқали топилган маблағ — ҳаром луқмадир. Қуръони каримда инсонлар бир-бирларининг молларини ноҳақ ўзлаштиришидан қайтариб шундай дейилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ.
"Молларингизни ораларингизда ботил йўл билан еманг. Ва билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейишингиз учун уни ҳуккамоларга (пора қилиб) тутманг" (Бақара сураси, 188-оят).
Давлат мулкига хиёнат (Ғулул)
Коррупциянинг энг ёмон кўринишларидан бири — бу мансабни суиистеъмол қилиш ва давлат (халқ) мулкини талон-торож қилишдир. Бу ислом ҳуқуқида «ғулул» деб аталади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ عَلَى عَمَلٍ فَرَزَقْنَاهُ رِزْقًا فَمَا أَخَذَ بَعْدَ ذَلِكَ فَهُوَ غُلُولٌ
"Биз кимни бир ишга тайинласак ва унга маош белгиласак, у ўша маошдан ташқари нима олса, бу хиёнат (ғулул)дир".
Порахўрликнинг жамиятга етказадиган зарарлари:
Адолатсизлик: Лаёқатли инсонлар қолиб, порахўрлар юқорига чиқади, бу эса иқтидорларнинг сўнишига олиб келади.
Бараканинг учиши: Ҳаром аралашган жамиятда хотиржамлик, тинчлик ва ризқ баракаси бўлмайди.
Зулм: Камбағал ва ҳақдор инсонларнинг ҳуқуқлари пулдорлар томонидан поймол бўлади.
Дуонинг ижобат бўлмаслиги: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром луқма еган инсоннинг дуоси қабул бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирганлар.
Хулоса
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унинг сабаб ва омилларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли технологияларни жорий этиш, давлат хизматларини соддалаштириш каби чора-тадбирлар коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Порахўрлик фақат бир шахс ёки ташкилотга эмас, балки бутун жамиятга зарар келтиради. У ишонч муҳитини заифлаштиради, ҳалол меҳнат ва адолат тамойилларига путур етказади. Шу боис ҳар бир фуқаро коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиши, қонунларга риоя қилиши ва жамиятда ҳалоллик қадриятларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши зарур.
Пора ва коррупция нафақат қонунбузарлик, балки катта маънавий жиноятдир. Мусулмон киши ўз меҳнати, ҳалол касби ва тақвоси билан яшаши лозим. Зеро, ҳаром билан тўпланган бойлик дўзах оловига отувчи воситадир.
Поклик ва ҳалоллик - иймон белгиси.
Сайдулло Яминов,
Мингбулок тумани “Мулла Назар Охун” жоме масжиди ноиб имоми