Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446

14.04.2017 й. Ишлар ниятга қараб баҳоланади

10.04.2017   5886   8 min.
14.04.2017 й. Ишлар ниятга қараб баҳоланади

(“2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”)

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам  жамоат! Ислом динида ҳар бир иш ниятга қараб баҳоланади. Бу иш тилнинг иши бўлсин ёки бошқа бўлсин, бу ишларнинг тўғри бўлишида ниятнинг алоҳида ўрни бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ... 

مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деётганларини эшитганман”, деди.

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган барча ишларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Бунда агарчи, шу ишни амалга ошира олмасак-да, лекин яхши ният қилган бўлсак, ниятимиз учун ҳам ажр-савоб олаверамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.

Масалан, илм талаб қилаётган киши Аллоҳнинг розилиги, халқнинг манфаати ниятида илм ўрганса, ҳам илмга, ҳам савобга эришади. Агар фақат мансаб ва мол-дунё учун ўрганса, мансаб мол-дунёга эришиши мумкин, лекин савобдан бебаҳра қолиб кетади.

Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. У хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ ухровий бўлсин ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажармоқлигимиз лозим.

Муҳтарам намозхонлар! Демак ҳар бир амал ихлос билан қилинса, ўша амал пухта даражада амалга ошади. Чунки Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилган банда доим Аллоҳнинг назоратида экани, бир лаҳза ҳам Унинг назоратидан четта қолиб кетмаслигини ҳис қилиб амал қилади. Аллоҳ таоло ихлосга буюриб шундай дейди:

وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ

Яъни:  “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”. (Баййина сураси, 5-оят)

Бандалар қилаётган ишларида ниятларини тўғри қилиб, ихлос билан бажаришса, шайтоннинг васвасасидан ҳам омонда бўлади. Чунки шайтон зийнатлаб кўрсатадиган гуноҳ ишлардан фақат ихлосли бандаларгина омон қолишади. Қуръони каримда шундай дейилган:

قَالَ رَبِّ بِمَا أَغْوَيْتَنِي لَأُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَلَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ   

Яъни:  (Иблис) айтди: «Эй, Роббим! Қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир) (Ҳижр, 39-40).

Муҳтарам азизлар! Маълумингизким, жорий 2017 йил юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Йил бошиданоқ кўпдан-кўп хайрли ишлар амалга оширилиб келяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мамлакатимизнинг қатор вилоятларида бўлиб қайтдилар. Сафарлар давомида баъзи хонадонларда бўлиб, кекса ва ёшлар билан учрашиб, оилаларнинг кундалик ҳаёти, фарзандлар касб кори ва набиралар тарбияси тўғрисида суҳбатлашдилар. Мана шундай яхши ниятлар ва катта ташаббуслар билан амалга оширалаётган хайрли ва савобли амалларда биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларга шошилишни буюрган. Чунончи, Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай деган:

فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ

Яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!(Моида сураси, 48-оят).

Ушбу оятга кўра, инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا

яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”. (Каҳф сураси, 30-оят).

Демак, қилган яхши амалларимизда ва эзгу ниятларимизда асло умидсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки сизнинг қилган яхши ишингизни бандалар унутиб юборса ҳам, Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб  равишда албатта, ажру мукофат беради.

Муҳтарам  жамоат!  Ислом дини хайрли амалларга шу даражада тарғиб қилганки, нафақат хайрли амални қилган кишини, ҳатто хайрли амал қила олмаса-да, уни ният қилган кишиларни ҳам улкан ажр-савоблар билан тақдирлайди. Сўзимизга ушбу ҳадиси шариф далил бўлади:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ: قَالَ إِنَّ اللَّهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ وَمَنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً.

رَوَاهُ البُخَارِيُّ

Яъни: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Парвардигори азза ва жалладан ривоят қилиб айтади: Аллоҳ таоло яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди ва уни баён қилди: Кимки бирор яхшиликни қасд қилса-ю, лекин уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар банда уни қасд қилиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча баробар кўп қилиб ёзиб қўяди. (Яъни, нияти ва ихлосига қараб кўпайтириб бераверади) Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, (сўнгра Аллоҳдан қўрқиб,) уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун битта мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида битта ёмонлик қилиб ёзиб қўяди”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Айрим кичик амалларни ният катталаштиради. Шунингдек, айрим катта амалларни ният кичрайтиради”.

Муҳтарам жамоат! Шундай экан, биз доим яхши ниятлар қилишимиз, яхши ниятда бўлишимиз лозимдир. Ана шунда Парвардигоримиз бизни ниятларимизга яраша амалларимизни ҳам тўғирлаб қўяверади. Мана жорий йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Биз ҳам барча халқимиз сингари ушбу шиор остида бир жону бир тан бўлиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшсак, “Кўпники кўл бўлар” деганидек, она Ватанимиз соат сайин тараққий топиб боради.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир амалларимизда ниятларимизни тўғри қилишга муваффақ қилсин! Бу юртнинг равнақига бизнинг ҳам ҳиссамиз қўшилишига Ўзи тавфиқ ато қилсин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўъжиза сотиб оламан

26.12.2024   603   4 min.
Мўъжиза сотиб оламан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди. 
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.

Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.

Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.

“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.

Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.

“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.


Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:

Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги. 
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақоланинг видеолавҳа шакли
 

Мақолалар