Бошимизга мусибат тушиб қиблагоҳимиздан айрилиб қолганимизда жанозанинг эртасига пойтахтдаги дўстлардан бири ҳамдардлик билдиргани борди (қадамларига ҳасанот!). Қайтишга чоғланганда миниб борган ҳашаматли машинасига ўтирар экан, “Отамиздан қолган мерос – бу”, деди. Унинг шу гапи кичик келинимизнинг қулоғига чалиниб қолибди, Кечқурун гаплашиб ўтирганимизда “Меҳмоннинг “Каптива”си ота мерос экан, биз ҳам эртага бобомдан қолган “Каптива”ни миниб чиқсакмикан”, деб мутойиба қилди. Унинг гапини эшитган акам: “Отамдан қолган “Каптива” уч кундан кейин ўлади, неча кундан бери бир жойда боғлиқ турибди; на сояга олдинглар, на ўт бердинглар унга, на сув”, деди. Бу жавобдан сўнг азалик бўлсак ҳам барчамиз баравар кулиб юбордик.
Ўша кунларда ҳаммамиз отамизнинг бошида ўтириб, ҳайвонларга қараш эсимиздан ҳам чиқиб қолгандир-у, аммо шу суҳбат ҳайвон ҳақи тўғрисида мушоҳада юритишимизга туртки бўлди.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларида бутун шаҳар аҳли йўлларига пешвоз чиққан, уларнинг ҳар бири Сарвари коинотнинг ўз уйига қўноқ бўлишини орзу қилар эди. Пайғамбаримизнинг узоқ йўл босиб келган ҳорғин туяси оғир-оғир қадам ташлаб бораркан, ҳар уйнинг қаршисига етганда хонадон соҳиблари туянинг жиловидан тутиб: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг меҳмонимиз бўлинг!” деб илтижо қилар эди.
Расули акром бу ажойиб инсонларнинг ҳеч бирини ранжитмаслик учун туяларининг юганини бўш қўйиб юбориб, у қайси уйнинг остонасига чўкса, ўша уйга меҳмон бўлиши ҳақида таклиф айтдилар. Бу таклифни барча бирдай қабул қилди. Шундай қилдилар. Уларнинг ҳар бири менинг эшигимда тўхтасайди деб орзу қилар экан, жилови бўшаган туя юриб бориб бир бўш ётган томорқага чўкди. Пайғамбар алайҳиссалом ундан тушмадилар. Туя яна ўрнидан турди ва озгина олдинга юриб яна чўкди ва қайтиб қўзғолмади.
Пайғамбаримиз туяси чўккан томорқани сотиб олдилар ва масжид қурилишини бошладилар. Иккинчи чўккан ери Абу Айюб Ансорийнинг уйи эди. Ўша уйда бир муддат меҳмон бўлдилар.
Пайғамбаримизни ҳижрат вақтида устида олиб юрган, бағоят муҳим воқеаларда у зотнинг хизматида бўлган ушбу туянинг оти Кисва эди.
Кисвани ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ сотиб олиб Пайғамбаримизга ҳадя қилган эди. У шундай омадли ҳайвон эдики, оламлар сарварини устида олиб юриш шарафига етишган эди. Пайғамбаримиз Бадр жангига ўша туяни миниб чиққан эдилар. Буюк зафар муждасини Мадинага етказган Зайд ибн Хариса розияллоҳу анҳу узоқ масофани унинг устида ўтириб ғоят қисқа фурсатда босиб ўтган эди. Аллоҳнинг Расули Ҳудайбия шартномасини имзолашга ҳам ана шу толеи баланд туяни миниб борган эдилар. Видо хутбасида ҳам унинг устида бўлганлар.
Яна бир оти Адба дейилган бу туя ҳар доим пойгаларда биринчи ўринда келар ва бундан асҳоби киром беҳад севинарди. Бир сафар бир бадавийнинг туяси ундан узиб кетди-ю, саҳобаларни ғам босиб, тушкунликка тушди. Уларнинг ҳолини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом “Сизга нима бўлди?” деб сўрдилар. Улар: “Адба пойгада ютқазди”, дейишди. Буни эшитган Пайғамбаримиз: “Аллоҳнинг қонуни бу. Дунёда юксалган ҳеч бир нарса йўқдирки, Аллоҳ уни қуйига индирмаган бўлсин” (Имом Бухорий), дедилар.
Расули акром боқий дунёга кўчганларидан ғамга ботган Кисва емоқ-ичмоқдан қолди. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни байтулмолга оид туяларга қўштирдилар. У ерда маҳзун бир ҳолда бир неча кун юриб ўлди.
Пайғамбаримизнинг Сабҳо исмли бир оти бор эди. Расули акром баъзан от пойгаси уюштирар эдилар. Сабҳо бу мусобқаларда ҳар доим биринчи бўлиб келиб асҳобни севинтирар эди. Яна у зотнинг Баҳр деган учқур оти ҳам бор эди. Аллоҳнинг Расулининг отларни жуда севганини билган қабила бошлиқлари у зотга отлар ҳадя этардилар. Ана шу отлардан бири – Мирваҳ эди.
Набий алайҳиссалом ҳадя олганлари қадар ҳадя бермоқни ҳам севар эдилар. Ўзига ҳадя этилган нарсаларнинг энг яхшиларини асҳобларига ҳадя этардилар. Вард деган отни у зотга Тамимий Дорий ҳадя этган эди. Уни ҳазрати Умарга ҳадя этдилар.
Пайғамбар алайҳиссаломга Искандария қироли Муқовқис бир хачир билан эшак ҳадя этганди. Пайғамбаримиз ва мусулмонлар минган биринчи хачир шу эди. Расули акром унга Дулдул деб от қўйдилар. Бироқ хачирлар авлодини давом эттира олмайдиган ҳайвон бўлгани боис яна хачирларни қўлга киритмоқ учун отни эшакка қўшмоқни маъқул кўрмадилар.
Инсоният тарихида ҳайвон ҳақидан сўзлаган пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло ҳайвонларга яхши муносабатда бўлишимиз зарурлигини амр этади. Яшил бир даладан кечаркан ҳайвонларнинг бир оз ўтлашига қўйиб беринг! Қурғоқ ерда ланжлик қилиб ҳайвонларни оч қолдириб қўймасдан тезроқ ўтиб олишга ҳаракат қилинг!” деб марҳамат қилганлар (Ибн Ҳожар).
Пайғамбар алайҳиссалом мўминларнинг қалбига жойлаган гўзал ахлоқлардан бири жамики махлуқотга нисбатан шафқатли бўлмоқ эди. Динимиз бу дунёдаги ҳар бир махлуқот Аллоҳнинг қули эканини баён этган. Ояти каримада Роббимиз: “Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар” (Анъом сураси 38-оят), деб марҳамат қилган.
Билҳисса, тили бўлмаган, яъни дунёдаги ҳақини талаб қила олмаган ҳайвонлар ҳақини охиратда олади. Шу жиҳатдан, табиат ва ҳайвонларга муносабатда инсонлар Аллоҳнинг қаршисида жавобгардир.
Бир ҳадиси шарифда бу мавзуда қуйидагича марҳамат қилинган: “Кимки ҳеч сабабсиз чумчуқни ўлдирса, ҳатто ундан ҳам кичик бир жониворнинг жонига қасд қилса, қиёмат куни даъвосини Аллоҳ кўради, “Эй Роббим! Фалончи кўнгил хушлиги учун мени ўлдирди”, дейди” (Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал)
Ҳайвонлардан фойдаланаркан, уларнинг ҳақларига риоят этишимизни амр этган Пайғамбаримиз қўйини соғаётган бир кишига “Қўзичоққа ҳам сут қолдир”, дедилар (Ҳусаймий).
Яна саҳобалардан бир зот Пайғамбаримизнинг ўзига соғин туялар берганларидан сўнг “Оилангга айт, ҳайвонларга яхши қарасин, емишларини вақтида берсин, яна уларга тирноқларини олиб юришларини тайинлагинки, ҳайвонларни соққанларида эмчакларига тирноғи ботиб озор етказмасинлар!” дея буюрганини айтган (Аҳмад ибн Ҳанбал).
Шафқатли Пайғамбаримиз ҳайвонларнинг дардига ҳам шерик бўлар, уларга озор берганлардан ранжир эдилар. Боласи олиб қўйилган она қушнинг чирқиллаб учаётганини кўрганларида музтариб бўлиб, “Ким бу бечоранинг чақасини олиб унга азият берди, чақасини дарҳол жойига қўйинг!” дедилар (Абу Довуд).
Пайғамбар алайҳиссалом бир куни йўлда кетаётиб боласини эмизаётган бир мушукни кўриб қолдилар. Бирор киши унинг тинчини бузмасин дея навбатчилик ташкил этдилар. Ортга қайтаётганларида уни уйларига олиб кетдилар. Бу мушук Пайғамбаримизнинг уйларида эмин-эркин юрарди, Аллоҳнинг расули у ичган сувдан таҳорат олар эдилар (Абу Довуд).
Энг кўп ҳадис ривоят этган саҳобалардан бири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг асл исми Абдурраҳмон бин Саҳр эди. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келганларида қучоғида мушук боласи ухлаб ётган эди. Бу ҳолдан уялиб мушук боласин олиб қўймоқчи бўлди. Уни кўрган Пайғамбаримиз бундан хижолат бўлмаслини айтдилар ва унга “Мушукчаларнинг отаси” маъносида Абу Ҳурайра лақабини бердилар. Шу лақаб унга Пайғамбар алайҳиссалом берган унвон бўлиб қолди.
Аллоҳнинг Расули фақат уй ҳайвонларига эмас, ёввойи ҳайвонларга ҳам шафқат кўрсатар эди. Асҳоби билан Маккага бораркан, йўллари устида ухлаб ётган бир жайронни кўриб қолиб асҳобидан бирини қолдириб, ҳамма ўтиб бўлгунча шу ерда қолиб уни қўриқлаб туришни буюрдилар (Насоий).
Бир неча саҳобанинг ривоят этишича, эчки боқиб юрган бир чўпоннинг отарига бўри оралаб битта эчкини айриб олди. Чўпон чопқилаб келиб эчкини бўридан айириб олди. Бўри чўпонга: “Менинг ризқимни қўлимдан оларкан, Аллоҳдан қўрқмадингми?” деди. Бўрининг гапирганини эшитиб ақли шошган чўпон: “Ажабо, бўри сўзлаяптими”, деди. Бўри унга: “Ажабланарлиси сенинг ҳолинг – шу дара ортида бир зот сизни жаннатга даъват этмоқда. Сиз эса уни Пайғамбар деб билмайсиз”, деди.
Чўпон дарҳол Пайғамбаримизнинг олдиларига бориб у зотни кўриб, иймон келтирди ва ортига қайтди. Бу вақт ичида бўри унинг сурувига чўпонлик қилиб турди. Чўпон унга мукофот тариқасида бир эчки берди (Аҳмад ибн Ҳанбал)
Жамики махлуқот Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг расули эканига иймон келтирган эди. Умар розияллоҳу анҳудан нақл қиладиларки, Пайғамбаримизнинг олдиларига бир бадавий келди. Қўлида калтакесак бор эди. У “Агар мана шу ҳайвон шаҳодат берса мен сизга иймон келтираман, йўқса, келтирмайман”, деди. Расули акром у ҳайвондан ўзининг ким эканини сўрдилар. Калтакесак равон тилда пайғамбаримизга иймон келтирди, шаҳодат берди (Ҳусаймий).
У зот мушрикларнинг таъқибидан қутулмоқ учун ғорга яширинганларида ғорнинг оғзига ўргимчак тур тўқиб қўйган эди. Ўргимчак турини кўрган мушриклар бу ерда ҳеч ким йўқ деб қайтиб кетган эди.
Ҳазрати Ойиша онамиз дейдиларки, “Уйимизда бир каптар бор эди. Расулуллоҳ уйда вақтларда қилт этмасдан ўтирарди, у зот уйдан чиққанларидан сўнг тинмасдан ҳаракатланиб қолар эди. Демак, бу қуш Аллоҳнинг Расули қаршисида одоб сақлаб турган” (Ҳусаймий).
Тилсиз, забонсиз ҳайвонлар учун Аллоҳнинг ҳузурида сўралар эканмиз, уларга эҳтаёткорлик билан муносабатда бўлмоғимиз лозим экан. Масалан, оёғимизга эркаланиб суйкаланаётган мушукни оёқ учига илиб отиб юбормаслигимиз, эшаклигига бориб бехосдан оёғимизни босиб олган бечора ҳайвонни халачўп билан бас дегунча калтакламаслигимиз, атрофда юрган итларни кўнгилхушлиги учун қувиб солмаслигимиз ва бошқа ҳайвонларга озор етказмаслигимиз лозим. Акс ҳолда, тасаввур қилинг, қиёматда бир эшак халачўп олиб биримизни калтаклаб ётса, даҳшат-ку – бу! Шу ҳолга тушмаслик учун бугундан эҳтиётимизни қилганимиз маъқул, Сиз нима дейсиз?
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Йилдан йилга Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари айнан шу мақсадга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда тўрт кун давомида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бу борада юртимизда илгари сурилаётган эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси ўлароқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этган ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаат этар экан:
– Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, ўн тўрт асрдан зиёдроқ вақт ўтяптики, Ислом нафақат диний таълимот, балки инсониятнинг олам ва одам ҳақидаги дунёқарашини тубдан ўзгартириб, илмий-маърифий тараққиётга беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ислом тамойиллари асосида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, фиқҳ, ҳадисшунослик юксак чўққиларга кўтарилди, бу йўналишларда минглаб олимлар улкан оламшумул кашфиётларни амалга оширдилар. Бу ютуқлар замирида, энг аввало, Исломнинг илм-фанга, маърифатга бўлган муносабати ётади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида илм ва олимларни улуғлаб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси, 11-оят)”. Бу бежиз эмас, албатта, чунки инсоният тараққиётини илму фан ривожисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда кейинги ўн йилликда Ислом маданияти, цивилизациясига жуда катта эътибор қаратилди ва қаратилмоқда.
Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юксак даражада бўлиб ўтди. Анжуман юртимизнинг азалдан илму фан бешиклари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларида ўтказилиши ундан кўзланган маърифий руҳни янада теранлаштирди. Жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқлари бўлган бу шаҳарларда асрлар давомида минглаб олиму фузалолар етишиб чиққан ва ўзига хос илмий мактабларни шаклланишига ҳисса қўшган. Юртимиз алломалари томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётлар инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Уларнинг эзгу ғоялари ва кашфиётлари жаҳон цивилизациясининг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этилган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам буни чин дилдан ҳис қилдилар ва буни ўзларининг Юртбошимизга қилган мурожаатларида акс эттириб шундай эътироф этдилар:
– Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз.
Форум иштирокчиларининг бу эътирофи мамлакатимизда диний бағрикенглик ва Ислом цивилизациясининг бой меросини кенг кўламда ўрганиш, жаҳон афкор оммасини ҳам бу қутлуғ ишга жалб этиш, бугунги мураккаб глобал ўзгаришлар даврида ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги ютуқларини тинчликка йўналтириш орқали башарият учун курраи заминда фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг нақадар улуғворлиги ва келажакни кўзлаб амалга оширилаётганини янада яққол намойиш этди. Биз бу анжумандан ўзимизга хулоса чиқариб, унда илгари сурилган эзгу ғояларни ҳаётимиз ҳар бир жабҳасининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратишимиз зарурлигини яққол ҳис этдик.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари
Уламолар кенгаши аъзоси