Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Тишлардаги тошдан уй шароитида фориғ бўлиш усули

06.04.2017   47230   1 min.
Тишлардаги тошдан уй шароитида фориғ бўлиш усули

Биз барчамиз тишда пайдо бўлган тош (кариес)ни ёмон кўрамиз. Тиш докторига ҳар доим ҳам бориб даволанишга имкон топа олмаймиз.

Сизга бу ёқимсиз иллатдан халос бўлишнинг оддий табиий рецептини  тавсия этамиз. Бу рецепт тишларни тошдан тозалаб, уларнинг саломатлигини таъминлаб, муаммони ҳал этишда ёрдам беради. Тишдаги эмални шикаст етишдан сақланмаса, уларда пайдо бўлган тошлар ўз вақтида тозаланмаса, периодонтит деб аталадиган тишлар шамоллаши касаллиги ривожланишига йўл очилиши мумкин. Периодонтит касаллиги билан чалинганда инфекция илдиз каналларидан тишга ўтиб, тиш қобиғи ва уни ўраб турувчи милкларнинг шамоллаши касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади. Худди шундай ҳолларда бу ёқимсиз касалликнинг олдини олиш ва ундан қутилишнинг осон  табиий усули бор.

Тишда пайдо бўлган тошдан қутилиш йўли:

Бунинг учун фақат қуйидагилар керак бўлади:

  • 40 г ёнғоқ пўчоғи
  • 1 стакан сув
  • Ёнғоқ пўчоғини сувда 20 минут давомида паст оловда қайнатилади. Кейин оловдан олиб, совутилиб, докадан ўтказилади.
  • Тиш чўткасини 10 минут давомида ёнғоқ пўчоғи қайнатмасида ивитилади. Сўнг тиш чўткаси билан тишларни яхшилаб ишқалаб тозаланади.
  • Бу усул кунига 3 маҳал тишлар тошдан мусаффо бўлиб, тоза бўлгунигача давом эттирилади.

Икки ҳафта давом эттирилгач, натижа сизни қувонтиради.

Ёнғоқ пўчоғи кучли антибактериал восита бўлиб, у шунингдек, тиш эмалида овқат қолдиқлари ва кейинчалик тошга айланадиган ёқимсиз моддалардан тозалашда қўл келади. Бу усул шунингдек, милклари қонаб турадиган кишилар учун фойдали, қон оқишига сабаб бўлаётган шамоллаш жараёнлари тезда барҳам топади.

Манба headinsider

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

6 апрель 2017 йил

 

 

Табобат
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

18.08.2026   53254   4 min.
Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.

Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.

Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.

Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.

Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.

Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.

– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.

– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.

Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.

– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.

Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари