Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир...

05.04.2017   13309   5 min.
Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир...

Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсонлар билан учрашиб қолганимизда ёки уларнинг яхши хислатларини зикр қилганимизда хавас қилиб, “Бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “Фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Зеро, Пайғамбаримизнинг ҳаётлари бизлар учун ибрат мактабидир.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар гўзал ўрнак намунаси эканлинларини баён қилиб шундай дейди:

 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا  

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. Ҳақиқатда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида гўзал намуна ва ўрнакдирлар.

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқ жиҳатидан ҳам гўзал ўрнак эканликларини мақтаб:

 وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”,-деб марҳамат қилган (Қалам сураси, 4- оят).

Оиша онамиздан “Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай эди?”,-деб сўралганда: “Хулқлари Қуръон эди”,-деб жавоб берганлар.

Одоб ахлоқнинг динда қанчалик аҳамиятга эга эканлиги кўпгина ҳадисларда баён қилинган. Жумладан, Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарга шундай деганлар: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ! Ёмон иш қилган бўлсанг орқасидан уни ўчирадиган яхши иш қил ва инсонларга гўзал хулқ билан муомала қилгин!” (Имом Термизий ривояти).

Одоб аслида инсоннинг қандай тарбия кўргани билан белгиланади. Албатта, инсон жамиятда инсонлар билан ўзаро мулоқот қилар экан, аввало самимий ва одоб ила муносабат билдирмоғи лозим. Шундагина, ушбу одоб ила қилган самимий муносабати у учун бу дунёнинг ўзида шараф бўлса, оҳиратда уни иззат курсисига эга қилади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақ бўла туриб жанжаллашмаган кишига жаннатнинг энг пастидан бир уй берилишига кафилман. Ҳазил қилаётган бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кишига жаннатнинг ўртасидаги бир уйга кафилман. Хулқи гўзал бўлган кишига эса жаннатнинг энг юқорисидаги уйга кафилман,” дедилар. (Абу Довуд ривояти).

Муқаддас динимиз таълимотларида инсон чиройли ҳулқи орқали ҳаттоки ибодат қилган даражасига эга бўлишлиги таъкидланган. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши гўзал хулқи билан кундузи рўзадор, кечаси бедор бўлганларнинг даражасига етади,” деганлар. (Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, энг аввало инсон гўзал ҳулқ эгаси бўлиш учун Яратган Аллоҳдан дуо қилиб сўраши лозимлиги таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени энг гўзал ахлоққа ҳидоят қил. Зотан, унга Сендан бошқаси ҳидоят қила олмайди. Ёмонларни мендан узоқлат. Албатта, Сендан бошқаси уларни мендан узоқлатолмайди,” деб дуо қилар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифда инсон аввало чиройли хулқ соҳиби бўлиши учун ўзида интилиш, хоҳиш, истак ва умид бўлиши лозим экан. Шу билан биргаликда, унинг акси бўлган ёмон хулқ ва одатлардан йироқроқ турсагина бу фазилатга сазовор бўлиши мумкин экан.

Гўзал хулқлардан бири – кечиримлиликдир. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Нажд томондаги юришдан  қайтаётганларида пешин пайти йўлда дам олишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахтга қиличларини илиб соясида ухладилар. Саҳобалар ҳам ухлашди. Уйғонганларида бир аъробий қиличларини ўғирлаб олиб, Расулуллоҳга ниқтаб: “Мендан сени ким қутқара олади?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ деб уч марта айтдилар. Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб аъробийга: “Энди сени мендан ким қутқара олади” дедилар. У: “Сен яхши одамсан” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон бўласанми?” деганларида, у: “Йўқ, лекин сенга қарши урушмасликка ва сен билан урушадиганлар тарафда бўлмасликка ваъда бераман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйиб юбордилар. Ҳалиги киши шерикларининг олдига бориб: “Энг яхши одамнинг олдидан келаябман”,-деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинсўз, ўзгаларга азият бермайдиган, ҳақоротомус ва уятли сўзларни айтмайдиган, ҳаёли, ўзгалар кўнглини кўтарадиган, дардларига дармон бўладиган, меҳмонни ва қўшнини ҳурмат қиладиган, қўйинки барча мукаммал чиройли хулқ-одоблар соҳиби бўлганлар. Зеро, Буюк Аллоҳ пайғамбаримизга Ўзи одоб берганлигидандир. ”Мени Роббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди” –дея Жанобимиз марҳамат қилганлар.

Зотан, У зотнинг сийратлари, ахлоқи ҳамидалари  ва ибратли ҳаёт йўлларига эргашмоқ инсонлар учун икки дунё саодат йўли ҳисобланади. Аллоҳ  бизларга Пайғамбаримизга эргашиб энг гўзал хулқ эгалари бўлиш бахтини насиб айласин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   23239   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари