Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Ноябр, 2024   |   21 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:57
Қуёш
07:20
Пешин
12:14
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
22 Ноябр, 2024, 21 Жумадул аввал, 1446

Улуғ алломанинг илмий мероси

4.04.2017   10471   6 min.
Улуғ алломанинг илмий мероси

Илм йўли машаққат ва риёзатни талаб этади. Бунга қатъияти ва бардоши етмаган киши юксак илм чўққисини забт эта олмайди. Улуғ ватандошимиз Абу Исо  Термизийнинг ҳаёт йўли ва қолдирган илмий мероси билан танишганда ислом оламида тан олинган улуғ олти муҳаддисдан бири дея тан олиниши бежиз эмаслигига амин бўламиз. Айниқса, алломанинг  “Сунани Термизий” асари асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотган эмас. Бугунги кунда ҳам бу асарнинг поклик, одоб-ахлоқ, ёш авлодни маънавий камолликка етаклашда ўзига хос ўрни ва хизмати алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур асарнинг “Таҳорат китоби” таҳоратга ҳам, намозга ҳам, закот-садақага ҳам, ҳалол йўл билан мол топиш фарзлигига ҳам тегишли муборак ҳадис билан бошланади. Ҳазрати Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таҳоратсиз кишидан намоз ва ҳаром пулдан садақа қабул қилинмайди”, дедилар. Имом Термизий ҳадисни ҳар томонлама ўрганиб: “Бу ҳадис ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи ва энг ҳасанидир”, деган хулосага келади. Таҳоратнинг фазилати ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан: “Мусулмон (ёки мўмин) банда таҳорат олаётиб юзини ювганида кўзлари билан қараб қилган ҳар бир гуноҳи таҳорат суви билан ёки сувнинг охирги томчиси билан (ёки шунга ўхшаш таъбир қўлладилар) юзидан ювилиб тушади; қўлларини юваётганида қўллари билан содир қилган ҳар бир гуноҳи сув ёки сувнинг сўнгги қатраси билан қўлларидан тўкилади, ниҳоят, банда гуноҳларидан покланиб чиқади”, деган ҳадисни ривоят қилади. Абу Исо Термизий бу ҳадисни ўрганиб, ҳасан-саҳиҳ, деган фикрни билдиради. Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида обид ва олим зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олим кишининг обиддан афзаллиги, менинг сизларнинг энг қуйингиздан афзаллигим кабидир”, деб марҳамат қилдилар. Сўнг яна у зот  (алайҳиссалом): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи ҳақига дуо қилади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). Мазкур ҳадис бизга яхшилик ўргатувчи кишининг нақадар улуғ мартаба ва мақомга эгалигини кўрсатиб беради. Яна Имом Термизий ривоятида келтирилган бошқа бир ҳадисда: “Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Дарҳақиқат, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаган, улар фақат илмни мерос қолдиришган. Ким уни олса, катта бахтни қўлга киритибди”, дейилган. Шундан билиб оламизки, олим кишилар пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар илмдан бошқа нарсани мерос қолдирмайдилар.  

Савфон ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  марҳамат қилиб дедилар: “Фаришталар илм толибига талаб этилаётган илмидан рози бўлиб, қанотларини қўйишади (ёзишади)” (Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривояти). Имом Термизийнинг тўплаган ҳадис китобида покланиш ва дунё илмларини мукаммал ўрганишга тарғиб-ташвиқ этадиган ҳадислар ҳам мавжуд. Ўтган уламоларимиз: “Оз ўрганиб, уни амал қилиш умрингга кифоя қилсин”, деганлар. Биз ёшларга у зотнинг илм ва ҳадис бобидаги ғайрат ва шижоат, қобилият ва истеъдодлари юксак намунадир. Чунки Имом Термизий ёшлик пайтидан ҳадис илмига меҳр қўйиб, уларни тўплашга алоҳида эътибор қаратади ва бу борада учраган қийинчиликларни енгиб ўтади. Ўзлари ўқиган ёки бирорта ровийдан эшитган ҳадиснинг асли ва иснодини диққат ва огоҳлик билан аниқлаб, қайта-қайта текшириб, тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин уларни алоҳида қоғозларга қайд этиб боради. Ўзига шубҳали бўлиб кўринган ҳадисларни эса алоҳида қоғозларга битиб, саҳиҳ ва шубҳали ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб каби сифат ва турларга ажратади. Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) вақтдан унумли фойдаланиш, зеҳнни фойдали ишларга сарфлаш орқали келажак авлодга фойдали ва умрбоқий асар қолдиришда катта жонбозлик кўрсатди.

Муҳаддис олим ўз замонасида Ҳижоз, Ироқ ва Хуросондаги энг етук муҳаддис уламоларга учраб, улар билан илмий суҳбат ва баҳс-мунозараларда бўлди. Биз ёшлар улуғ муҳаддиснинг ҳаётий ва бой тажрибасини теран ўрганиб, аниқламасдан хабарларни кўр-кўрона қабул қилиш, бошқаларга етказишда ва бузғунчи ғоя ва қарашларни қабул қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак. Айниқса, ақлли ва фаросатли ёшларга яхши танимаган одамнинг сўзига ва ғояларига мафтун бўлиш ярашмайди. Шунинг учун ҳозирги кунимизда хавф солиб турган барча ёвуз кучларга қарши ёшларимизда иммунитет ҳосил қилиш ва соғлом муҳитни шакллантиришимиз керак. Юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний ва Маҳмуд Замахшарий каби дунё илм аҳлини лол қолдирган забардаст алломалар бўла туриб, уларнинг бой илмий меросини ўрганмасдан четдан турли йўллар орқали кириб келаётган ёт ғоя ва қарашлар таъсирига берилишни ақл бовар қилмайди. Олдинги замонларда устозлар илм олишни истаган кишини олти ой синовдан ўтказмасдан шогирдликка олмаган экан. Чунки шу вақт ичида шогирднинг барча хато ва айблари аниқ бўлиб қолар экан. Шогирд олгандан кейин ҳам устози илмини тўлиқ эгаллаш учун унинг ҳузурида беш-ўн йиллар қолиб кетар экан. Ҳозирги вақтда бир-икки марта кўришиб, бир-бирига устоз ва шогирд бўлиб, ёт ғоя ва қарашларнинг фарқига бормаётган ёшлар йўқ деб ўйлайсизми?

Хуллас, имом Термизийнинг илмий меросини тадқиқ этиш ва оммага етказиш бугунги кунда жуда зарур. Шу маънода бу зотни маънавий иллатларни даволаш ва муолажа қилишда моҳир табибга ўхшатиш мумкин. Моҳир табибнинг сўзига қулоқ солган бемор ўзини қийнаётган дарддан тез фориғ бўлади. Имом Термизийнинг илмий меросини маънавий шифо эканнини ҳеч бир юртдошимиз ёддан чиқармаслиги ва ундан фойдаланиши керак. 

Урол Назар МУСТАНОВ,

Имом Бухорий номидаги ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кабинет мудири

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кўзингдан парда олиб ташланганида

22.11.2024   3216   2 min.
Кўзингдан парда олиб ташланганида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».

Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.

«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»

Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Мақолалар