Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Файз ва баракага эришишни хоҳлайсизми?

04.04.2017   29376   3 min.
Файз ва баракага эришишни хоҳлайсизми?

Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар.

Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.

Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар.

Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура борунинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга  киритади. УТаборак (Мулк) сурасидир” деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар.

Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар кимМулксурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”.

Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради.

 Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади.

Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда  ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   42567   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари