Яқинда бир маҳалладошимиз онасини кексалик нафақасига чиқармоқчи бўлган экан, онаси унга: “Менинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни олганларида ёшим бир ёшга катта ёзилиб кетганини бобонг раҳматли айтар эдилар. Яна бир йил сабр қилайлик, шунда олганимиз ҳалол бўлади, давлатимиз завол кўрмасин”, дебди.
Ғани – бой демоқ, аммо маъносининг асоси “эҳтиёжсиз”дир. Бу маъно Асмоъи ҳуснадан.
Манбаларда ғанининг уч даражаси бор экани айтилган:
Аммо чархи кажрафторнинг ишини қарангки, унинг бойлиги билан бирга эҳтиёжлари ҳам ортиб борар экан. Масалан, бойларнинг давлатини қуримоқ учун қоровуллар, хизматчилар, сигнал берадиган мосламалар ва бошқа нарсаларга эҳтиёжи бор.
Аслида қаноат инсоннинг муҳтожлигига дахлдор ҳодиса. Инсон Аллоҳга муҳтож. Буни унутган киши ҳаддини билмайди. Илло, кишининг ўз ҳолини билмоғи ҳам буюк маърифатдир. Инсон сўзи нисёндан олинганига бориб у қаноат борасида ҳам нисёнга кетади. Соғлом инсон касал бўлган вақтидаги паришонлигини, болалигида бошидан ўтказган қийинчиликларни ва кексалик дарди азиятларини тортиши кераклигини эсга олмаслиги мумкин. Шунингдек, бой одам ҳам эртага қашшоқлашиб қолиши эҳтимоли мавжудлиги, қўлидаги молининг омонат эканини унутади. Ажал эшик қоқиб келганда бойлигининг сира ҳам арзимас нарсадек кўриниб қолишини ўйламайди. “Йўқ! инсон, албатта, туғёнга кетур. Гар ўзини бой кўрса, Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир” (Алақ сурасининг 6-8 оятлари); “Ва аммо,кимки бахиллик ва истиғно қилса... Ва гўзални ёлғонга чиқарса... Бас, биз уни қийинга муяссар қиламиз. У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас” (Лайл сурасининг 8-11 оятлари), дея биз бандаларини огоҳлантиради Аллоҳ таоло.
Аслида ҳожатларимизни раво қилувчи – Аллоҳ таоло. Аммо Роббимиз бизни маърифат ҳосил қилсин дея турли василалар қилган-у, бироқ василаларга таважжуҳ кўрсатмаган, Биз Аллоҳни қўйиб уларга қўл чўзсак, улардан нажот истасак, уларнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, қондирилган эҳтиёжларимизни василадан деб билсак, маърифатимиз кемтик бўлиб чиқади ва Роббимиз биздан рози бўлмайди.
Мўмин киши қанчалик қаноатли бўлса-бўлсин, унга ёрдам қўлини чўзиш бошқа мўминларнинг зиммасидан соқит бўлмайди. “Ўзи истамади, биздан гуноҳ кетди”, деб бўлмайди. “Чақалоқ йиғламаса, онаси сут бермайди!” қабилида иш кўриш мумкин эмас. Роббимиз имкон соҳиблари хато иш қилмасинлар дея қуйидаги ояти карималарда муҳтожларни икки тоифага бўлиб тушунтирган: “Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир” (Заарийаат сурасининг 19-ояти); “...улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг” (Ҳаж сурасининг 36-оятидан).
Парвардигор закотни ҳам ҳақиқатан эҳтиёжмандларни топиб, энг аввало, қаноатли одамларга беришни тавсия этган: “(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни Аллоҳ албатта билгувчидир” (Бақара сурасининг 273-ояти).
Демак, Парвардигор фақирлик ила имтиҳон этган бандаларини қаноатли, кўзи тўқ ҳолда кўришни истайди. Айни пайтда бойлик ила имтиҳон этган бандаларининг кўнгли уйғоқ бўлишини, жавонмард, марҳаматли ва шафқатли бўлишини хоҳлайди.
Ҳақиқий мўминлар шундай инсонларки, улардан бири бермоқ учун қистовга олади, иккинчиси олмаслик учун. Худди мана бу воқеа каби: Саъд бин Робий розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авфга самимият ила: “Мен ансорнинг энг бадавлат одамиман. Молимнинг ярмини сенга айирдим. Бундан молим кўпаяди”, деди.
Абдурраҳмон ибн Авф р.а.: “Аллоҳ молингни ва имконларингни хайрли қилсин. Менинг уларга эҳтиёжим йўқ. сен менга бозорнинг йўлини кўрсат, шунинг ўзи кифоя...” деди.
Ана шундай дўстлик таомилида олган эмас, берган ташаккур айтади. Бизнинг ҳам шу каби инсонлар сирасидан бўлмоғимизни насиб айласин.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД