Ҳазрати Айюб алайҳиссалом мубтало бўлган хасталигининг азобини тортаркан, ҳар саҳар вақтида Аллоҳ таоло ундан ҳеч қандай воситасиз ҳол-аҳвол сўраб (беморнинг зиёрати учун) лутфу карами билан: “Ҳабибим Айюб, аҳволинг қандай?” (яъни, баломизнинг келиши билан қандайсан), дер экан. Ҳазрати Айюб алайҳиссалом ўша чоқда ҳаловат хитоби иззати ила беморлигининг оғриғини унутар экан. Ўзига келиб олгандан сўнг жаноби Ҳақнинг хитобидаги лаззатнинг ғойиб бўлишидан чўчигани боис қўрқув ва қайғу ичида ҳасрат билан дардидан шикоят қила бошлар экан.
Уламолар унинг бу шикояти дарднинг оғирлигига тоб бера олмасликдан эмас, балки хитоб иззатининг калимасини яна қайта тингламоқ, ундан файз олмоқ орзуси сабабидандир, деганлар.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати